Халқаро тиббий ҳамкорлик
Яқинда “Соғлом авлод учун” фонди “ACIBADEM” клиникаси (Истанбул, Туркия) билан тиббий ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширди.
Унга кўра неврологик (эпилепсия ва тутқаноқ хуружи) хасталиклари билан оғриган бемор болалар юқори малакали турк шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга уларга тиббий маслаҳатлар берилди.
Мазкур шартнома доирасида жорий йилнинг 12 октябридан 14 октябргача болалар нейрожарроҳи, профессор Бахаттин Танрикулу Тошкент шаҳридаги 1-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасида аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларини бепул тиббий кўрикдан ўтказди. Унда профессор томонидан 70 нафардан ортиқ эпилепсия хасталиги билан оғриган бемор болаларнинг яқинларига зарурий тавсиялар берилди.
Кўрикдан сўнг профессор томонидан Тошкент врачлар малакасини ошириш институти курсантлари, клиник ординаторлар ва шифокорлар учун “Болаларда учрайдиган эпилепсия хасталигида жарроҳлик ёндашуви” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар давомида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг директор ва ўринбосарлари, ушбу муассаса неврология кафедраси доцентлари, Тошкент шаҳар болалар бош невропатологи, клиниканинг шифокорлари иштирок этди.
Тиббий лойиҳанинг иккинчи кунида “ACIBADEM” тармоқ клиникаси мутахассиси, профессор Бахаттин Танрикулу пойтахтимизда яна 20 нафардан ортиқ бемор болани тиббий кўрикдан ўтказди.
Хуршида ҲУСЕНОВА