Соғлом руҳ танни даволайди

ЛИЗ БУРБО – тиббиёт билан руҳиятни уйғунлаштириб, ўз вужудини англашга ва шу орқали ўз саломатлигини тиклашга ҳамда ўз шахсиятини ривожлантиришга йўналтирилган 13 та китобнинг муаллифидир. Улардан бири «Ўз танангни тингла» асари анча оммалашган бўлиб, бу китоб асосида машғулот марказлари ташкил этилган. «Ўз танангни тингла» машғулотлари маркази дастлаб Канаданинг Квебек шаҳрида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда жаҳондаги кўпгина мамлакатларда унинг филиаллари ҳам мавжуд. Муаллифнинг фаолияти кенг оммага тобора манзур бўлиб бормоқда. У иложи борича дори воситаларисиз инсон ўз вужудидаги ички имкониятлардан фойдаланиб, хасталиклардан фориғ бўлиш йўлларини ўргатувчи мактабга асос солди, десак муболаға бўлмайди.

«Ўзингни сев» дейди вужудинг» асарида алфавит тартиби бўйича жойлаштирилган 500 га яқин кенг тарқалган касалликлар хусусида оммабоп маълумотлар берилади. Тўғри, унда касалликлар ва уларнинг белгилари ҳақида қисқача ахборот берилади. Бироқ, китобнинг ўзига хос жиҳати ҳам борки, унда келтирилган тумов, қичима, саратон, ОИТС каби жисмоний хасталиклар руҳият бузилишининг аломатлари сифатида талқин этилади.

Лиз Бурбонинг ёзишича, жисмоний хасталиклар – бу инсон руҳиятида, ёинки оддий қилиб айтганда кўнглида ҳукм сураётган тартибсизликларнинг аломатлари бўлиб, барча дардлар руҳий ҳолатдаги салбий ўзгаришлар туфайли вужудга келар экан. Ушбу тартибсизликка барҳам берилса, руҳий ҳолатда осойишталик, хотиржамлик пайдо бўлса, касалликлар ҳам ўз-ўзидан чекинар экан. Албатта, бу – метафизика.

Юқоридаги мулоҳазалар жисмоний, яъни танадаги дард­ларга тегишли эди. Руҳий касалликлар-чи? Улар дори-дармон ёки жарроҳлик ёрдамида даволанмаслиги барчамизга маълум. Лекин, муаллифнинг китобида таъкидланишича, бу борада ҳам инсон ўз вужудини бошқариб, салмоқли натижаларга эришиш мумкин экан.

Ментал даражадаги тўсиқ

Доим эсда тутинг, хаёлдаги тартибсизлик, ҳаётдаги бетартиблик, нопоклик, инсон танасида инфекцияни вужудга келтиради. Балки, сиз ўзингиз ёки бош­қа инсонлар тўғрисида ёмон хаёл­дадирсиз? Сизнинг ғазабингиз кимгадир ёмонлик қилиш иштиёқи билан боғлиқдир? Ёки ғазабингизни ортиқ жиловлай ололмаётгандирсиз? Балки нимадандир қўрқаётгандирсизки, ўзингиз ҳам бу ҳис-туйғудан уяляпсиз.

Руҳий тўсиқни аниқлаш учун қуйидаги саволларга жавоб беринг. Уларга жавоб бериб, жисмоний касалликнинг юзага келиш сабабларини аниқ билиб оласиз. Ундан хулоса чиқариб, руҳиятингизни юксалтиришга интилинг.

1. Танангиздаги касалликка қандай баҳо бера оласиз?

Яна ўқинг:  Хатнанинг тиббий жиҳатлари

2. Ушбу дард сизга нимани бажаришга тўсқинлик қилаяпти? Яъни, нимани бажара олмаяпсиз? Асл ният ва орзуларингизни эсланг, аниқланг

3. Ушбу касаллик сизни нимага ундаяпти?

4. Агар орзуларингизни амалга оширсангиз, ҳаётингиз қандай тарафга ўзгарган бўларди?

5. Агар сиз ушбу орзуингизни амалга оширсангиз қандай ёмон ҳолат юз бериши мумкин. Айнан шу саволга жавоб сизни тўлиқ шахс сифатида шаклланишингизга, орзуингизни амалга оширишингизга тўсқинлик қилаётган муаммони аниқлашга ёрдам беради.

Касаллик ва хасталикларнинг метафизик маъноси – абсцесс

Абсцесс — бу йирингнинг бир жойда тўпланиши. Иссиқ ва совуқ яллиғланишлар мавжуд. Иссиқ абсцессда (у кўпроқ учрайди) йиринг жуда тез йиғилади ва яллиғланишнинг тўрт белгиси — шиш, қизариш, иситма ва оғриқ пайдо бўлади. Совуқ абсцессда суюқлик бир жойга, яллиғланиш белгиларисиз, аста-секин тўпланади.

Ҳис-туйғудаги тўсиқ

Абсцесс одам ўз ғазабини мажбуран бостириши оқибатида юзага келади. Бу эса ўз навбатида иложсизлик, кучсизлик, омадсизликни келтириб чиқаради. Одамда ҳаёт қувончи чекиниб, у қайғу ва ғазабга ғарқ бўлади. Абсцесс оғриқ билан кечса, инсон ғазаб билан бирга айбдорлик туйғусини ҳам ҳис этаётганидан дарак беради. Ғазаб ҳаётнинг қайси жабҳасига тегишлилигини абсцесс пайдо бўлган тана қисмига қараб билса бўлади. Агар одамнинг қўл-оёқларида яллиғланиш пайдо бўлса, демак инсон ўз ҳаётидан, келажагидан ёки бормоқчи бўлган жойидан норози эканлигини билдиради.

Аллергия

Аллергия – бу организмнинг қандайдир моддага юқори сезувчанлиги. Аллергияни иммун тизими билан боғлиқ хасталикларга киритишади.

Аллергияси мавжуд одам одатда кимдандир қаттиқ нафратланади. У атрофдагиларга ва шароитларга қийинчилик билан мослашади. Бундай одам бошқа инсонлардан қаттиқ таъсирланади ва ўз навбатида, айнан шу инсонларда таассурот қолдиргиси келади. Аксарият, аллергияга чалинганларнинг таъби нозик бўлади. Барча уларга тазйиқ ўтказаётгандек ҳис этишади ва ҳимоя чораларини ошириб юборишади.

Аллергия доимо кўнгилдаги мавжуд зиддият туфайли юзага келади. Бемор вужудининг бир қисми нимагадир интилади, бошқа қисми эса ушбу интилишга қаршилик кўрсатади. Ушбу ҳолат унинг инсонларга нисбатан муносабатида ҳам акс этади. Мисол учун, дардга чалинган бемор бирор кимсанинг ёнида бўлишни чин кўнгилдан хоҳлайди ва бир пайтнинг ўзида ушбу инсоннинг тезроқ кетишини истайди: уни ёқтиради, лекин унга тобе бўлгиси келмайди. Одатда, узоқ азобланишлардан сўнг ёқтирган инсоннинг бир талай камчиликларини топади. Аксарият ҳолларда бу касаллик беморнинг ота-онаси ҳаётда турлича қарашларга эга бўлиб, доимо баҳслашганлиги туфайли ҳам келиб чиқади. Шунинг­дек, инсон аллергияга чалинган бўлса ўзига эътибор қаратишни хоҳлаганини ҳам билдиради. Айниқса, нафас сиққанда беморнинг ўзгалар ёрдамидан умидворлигини англатади.

Яна ўқинг:  Тилими танга сиҳат

Агар инсон соғлом бўлишни хоҳласа, аввал ундан, касаллик аломатларидан қутулишга тайёрмисан, деб сўраш лозим. Шунга тайёр бўлса, унга ёрдам берса бўлади.

Гиппократ

Агар бемор аллергиядан азоб чекаётган бўлса, демак ҳаётида маълум бир ҳолат қайта такрорланаяптики, у одамни ўзига жалб этиш билан бир вақтда ихлосини ҳам қайтаради. Ёки шундай инсон борки, уни ёқтирмайсиз ва айни вақтнинг ўзида унга манзур бўлишни ҳам истайсиз. Одатда бу яқинларингиздан биридир. Назарингизда, унинг ишончини оқласангиз, у сизни чинакамига ёқтира бошлайди. Тушунишга ҳаракат қилинг. Бу туйғуларингиз ушбу инсонга, унинг фикрига нисбатан тобе эканлигиздан дарак беради. Бўйсуниш инсон қалбига ягона йўл деган фикрдан воз кечишингиз керак.

Шуниси қизиқки, кўп ҳолатда аллергия инсон ёқтирган нарсалар билан боғлиқ бўлади. Масалан, сутли маҳсулотлар сизга ёқиши ва уларга нисбатан аллергиянгиз бўлиши мумкин. Агар сизда озиқ-овқат маҳсулотларига аллергия бўлса ҳаётдан завқланишга ўзингизга эрк бермаётганлигингиз белгисидир.

Қачонки, сиз ёқтирган инсон эътиборини шунчаки, азобларсиз қозона олишга ишона бошласангиз, ўшанда ҳаётингиз сокинлашади, ойдинлашади. Балки, ёшликда касаллик ўзига эътибор тортишнинг ягона йўли деб хулоса чиқаргандирсиз. Бироқ, ундай эмаслигини тушуниб етишингиз лозим.

Агар чангга ёки ҳайвонларга аллергия бўлса, унда атрофдагилар менга тажовуз қилишаяпти деган фикрдасиз. Нимага ўзгалар сизга нисбатан ёмон муносабатда деб ўйлаяпсиз? Ушбу шубҳаларингизни текшириб олишингизни таклиф қиламиз. Одатда инсон ўзгалардан қўрқса, қўрқув сабабини ўзидан ахтариши лозим.

Аллергия ташқи омиллар туфайли юзага келади деб ҳисоблашнинг ўрнига, кун давомида касаллик бошланишидан аввал содир бўлган воқеаларни эсланг. Балки сиз ёқтирмайдиган ёки наф­ратланадиган инсонлар билан суҳбатлашгандирсиз. Бошқа одамларни ўзгартира олмаслигингизни чуқур англаб, оламга ўзга назар билан разм солишни ўрганинг.

Юқорида келтирилган саволларга жавоб берсангиз руҳиятингизда мавжуд тўсиқ сабабларини билиб оласиз.

Ҳилола СОЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: