Диарея – болалар учун хавфли
Маълумки, ёз фаслида айрим юқумли касалликларга чалиниш хавфи ортади. Айни дамларда айримларда кузатиладиган қорин соҳасидаги оғриқ, иситма кўринишида юзага чиқаётган диарея ҳам шулардан бири. Диарея юқумли ошқозон-ичак касаллиги бўлиб, инфекцияни ХХ асрнинг 70-йилларида Австралияда кашф қилинган ротавируслар қўзғатади. Ушбу касаллик одам организмига оғиз орқали тушади. Юқумли касалликлар шифокори Жамол Мустафоев диареянинг келиб чиқиш сабаблари, даволаш йўллари ҳамда олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берди.
— Манбаларда таъкидланишича, тиббиётда ротавирус инфекциясининг А, В, С, Д ва Е каби бешта гуруҳи аниқланган. Аксарият касалликларни А гуруҳига мансуб вирус қўзғатади. Касалликни юқтирган беморлар вирус ташувчи вазифасини ўтайди.
Маълумотларда келтирилишича, ҳар йили дунёда 275 миллион ёш бола ва катта ёшдаги кишилар ушбу касалликка чалинар экан.
Диарея кимларда кўп учрайди?
— Диарея асосан озиқ-овқат маҳсулотларини ювмасдан истеъмол қилиш, тозалик гигиенасига риоя этмаслик натижасида юқади. Ўз-ўзидан маълумки, ушбу хасталик ёш болаларда кўп учрайди ва йилдан-йилга бундай ҳолларнинг ортгани касаллик профилактикасини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади. Бу касалликка айниқса 1 — 6 ёшдаги болалар кўпроқ чалинади. 90 фоиз ҳолларда касаллик 3 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Она сути билан озиқланадиган болаларда учрамайди. Чунки она сути таркибида микробларни қирувчи фаол модда бор ва бу модда гўдакларни турли юқумли касалликлардан асрайди. Аксинча, кўкрак сути билан озиқланмайдиган, камқонлик, рахит, ёд танқислиги муаммоси бор болаларда ротавирус инфекциясини юқтириш хавфи анча юқори бўлади. Диарея билан касалланган беморларнинг аксариятини худди шундай болалар ташкил этиши бунга мисол.
Ушбу аломатларга бефарқ бўлманг!
— Баъзан вирус юқтирган киши 3-4 кун ҳолсиз, иштаҳасиз юради, бу пайтда касалликнинг яширин даври кечади. Кўп ҳолларда эса касаллик кескин бошланади. Яъни тана ҳарорати тўсатдан 38-39 даражагача кўтарилади ва 1-2 кун давомида тушмайди. Дастлаб бу белгиларга оддий тумов ва томоқ оғриғи деб қаралади. Баъзи шифокорлар бу ҳолни нафас йўллари касаллиги, бунга иситма ҳам қўшилса, грипп деб хато ташхис қўйишади. Ушбу вирус ошқозон-ичак йўлида тарқалиб, аста-секин овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Кўнгил айниши, ич кетиши ва қайт қилиш бошлангач, боланинг аҳволи оғирлашади. Беморда кун давомида 15 марта ва ундан ортиқ ич кетиши рўй берганда, бир суткада 1 литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Бу ҳол давом этаверса, танадаги сувсизланиш ҳам ортиб бораверади ва бу бемор ҳаёти хавф остида қолади.
Агар болада юқорида қайд этилган аломатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Шифокор келгунича эса уй шароитида беморга ёрдам бериш лозим. Шифокор кузатуви остида даволанса, бемор 10-12 кунда бутунлай соғайиб кетади.
Уй шароитида беморга ёрдам бериш
— Диареяга чалинган болага уй шароитида ёрдам бериш мумкин. Агар болада ич кетиши кўп кузатилса, зудлик билан организм сувсизланишининг олдини олиш керак. Бунинг учун суюқлик сифатида: регидрон эритмаси, қайнатилган сув, анор пўчоғи дамламаси, кефир, газланмаган минерал сув берилади. Момоларимиз эса бундай пайтда синалган усуллардан фойдаланишади. Яъни болада ич кетиши, иситма кузатилса, албатта гуруч қайнатмасини ёки табиий усулда ариқ ва дарёлар бўйида ўсувчи қирқбўғин ўтидан дамлама тайёрлаб ичиришади. Шунингдек, заранг жойда ўсувчи келинсупургини қайнатиб, шу сувда болани чўмилтиришади. Бу усуллар хавфсиз ва фойдали бўлиб, ёзнинг жазирама иссиғини ҳам олади. Юқорида айтилган суюқликларни болага оз-оздан ва тез-тез бериб туриш лозим. Бирдан кўп сув ичирилганда, силласи қуриган бола чарчаб, қайт қилиши мумкин. Шунинг учун сув ичиришда бемор боланинг ҳолатига эътибор бериш зарур бўлади.
Касалликнинг олдини оламиз…
— Ҳар қандай касалликнинг олдини олишда вирусларга қарши курашиш яхши натижа беради. Рўзғоримизда биринчи навбатда истеъмол қилинадиган суюқликлар, яъни сув, сут кабиларнинг яхши қайнатилишига эътибор бериш керак. Шунингдек, мева — сабзавотларни тоза сувда обдан ювиш, сўнгра қайноқ сув билан чайиб ташлаш касалликка чалинишнинг олдини олади. Идиш-товоқлар тозалиги, уй саранжомлиги саломатлигимиз учун хизмат қилишини унутмаслик зарур.
Биламизки, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал. Шундай экан, диарея ва бошқа шу каби юқумли касалликлардан ҳимояланишнинг энг муҳим ва осон йўли тозаликка риоя қилиш, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик эканлигини ёдимиздан чиқармайлик.
С. АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.