Мактабгача таълим: “старт”да турган янги вазирлик фаолияти хусусида

Соғлом ва баркамол авлод тарбиясига доимо масъулият билан ёндашиш ўзбек миллатига хос бўлган хусусиятлардан бири. Халқимизга мансуб ана шу мезон асосида мамлакатимизда келажак авлод вакилларига юксак эътибор қаратилиб, ноёб узлуксиз таълим тизими яратилди.

Таъкидлаш жоизки, келажак авлоднинг илк тасаввур ва қарашлари шаклланадиган мактабгача таълим жараёни мазкур тизимнинг илк бўғини ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унда фармон ижросини таъминлаш ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсади кўзда тутилган.

Фармонда таъкидланишича, охирги 20 йил ичида мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан кўпроққа қисқариб кетган, болаларнинг мактабгача таълим муассасалари томонидан қамраб олиниши салкам 30 фоизни ташкил этади.

Кузатишларга кўра, Халқ таълими вазирлигининг давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликдаги фаолияти аксарият ҳолларда мактаб таълимини ривожлантириш билан чекланиб қолмоқда.

Болаларнинг қизиқиш ва интилишини ҳисобга олган ҳолда уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш орқали уларни она Ватанга муҳаббат руҳида камол топтириш масаласи давр талабидан ортда қолаётгани сабабли мактабгача таълимнинг бошқарув тизими қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу нуқтаи назардан бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 16 август куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, тизимнинг бошқарув тузилмасини ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига 5-6 ёшли болаларни 100 фоиз қамраб олиш чораларини белгилаш мақсадида 2017 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда ягона ўқувчи формаси жорий этилади

Янги вазирлик тизимига Қорақалпоғистон мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳри мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятларнинг мактабгача таълим бошқармалари ва уларнинг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари киради.

– Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида қарорда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган, – дейди Халқ таълими вазирлиги мактабгача таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Сабоҳат Миржалилова. – Янги вазирликнинг асосий вазифалари ичида Ўзбекистонда ўзаро рақобатлашувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш ҳисобига болаларнинг мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинишини босқичма-босқич таъминлаш ҳамда мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини амалиётга татбиқ қилиш алоҳида қилиб белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан мактабгача таълим раҳбарлари ва педагог ходимларни замонавий технологиялар ва методлар негизида қайта тайёрлаш ва “болаларни тарбиялаш бўйича муносиб шароитлар”ни яратиш режалаштирилган.

Қарор билан белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган қисқа муддатли гуруҳлар тармоғини кенгайтириш, МТМларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, нодавлат МТМлари тармоғи ривожлантирилиб, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш орқали таълим хизматларининг турларини кўпайтириш, тарбияланувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш, 5-6 ёшли болаларни мактабгача таълимга 100 фоиз қамраб олиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: