Кеча шогирд эдим, бугун устозман

Кечагина эди, мактабга чиқамиз деб қувончларимиздан қанот ясаганимиз. Ўқувчиликнинг таъмини тотиш дунёнинг энг ҳузурбахш неъмати эди назаримда.

Мактабга олган формаларимни ҳар куни ўн кийиб ечсам ҳам яна кийгим келаверарди. Ўқитувчи сиймоси онамдек азиз бир зот бўлиб, уларнинг қаршисида бир сўз дейишга хаёлимда ҳам ийманиб турардим. “Ўқитувчи-ўқитувчи” ўйнардик маҳалланинг болалари билан. Мен “ўқитувчи” бўлганимда оёқларим ердан узиларди гўё: Ҳамма ҳавас қиладиган, энг ширинсўз, ҳеч кимга ўхшамайдиган инсонга айланиб қолгим келарди. Шу ўйлар билан йиллар ўтди. Устозликка – шу касбга бўлган меҳрим ниҳолдек бўй чўзди. Ўқитувчиларим – Мушарраф Файзиева, Зарифа Юнусовага ўхшашни ният қилдим. Инглиз тили фани бўйича мутахассис бўлдим. Иш фаолиятимни 1991 йилда бошладим. Аввал мактабда, ҳозир коллежда ёшларга сабоқ бераман. Уларнинг ҳар бири азиз. Айниқса ҳамма “тўполончи” дейдиган болалар билан боламдек гаплашишга ҳаракат қиламан. Ана шу “тўполончи”ларнинг юрагида шундай меҳр бўладики, бир оғиз яхши сўз билан улар бошқа одамга айланади. Мана шу ҳолат менга куч беради, улардан қувват оламан. Аслида педагогиканинг асл мақсадлари энг аввалида муомала туради деб ўйлайман. Машаққатлар кўпинча ўқитувчининг асабларини таранг торттиради, аммо ўқувчиларнинг “устоз” дея сенга термулган меҳрли нигоҳлари барча қийинчиликларни зумда униттиради. Бугун мен, оилам учун бу бахтнинг таъмини тотмоқлик шарафга айланган. Фарзандларимнинг отаси Равшан Хомидов 24 йилдирки, мен билан ёнма ён бир коллежда махсус фандан устозлик қилади. Ўғлимиз Жасур эса бу йил Паркент туманидаги 34-мактабда иш фаолиятини бошлади. Фарзандинг ота-она касбининг давомчиси бўлишини кўриш қанчалар қувонч эканлигини билсангиз эди.

Кечагина эди, ўқитувчи бўлишни орзу қилгандим. Бугун оилам билан шу шарафли касб эгаси бўлдим. Шогирдларим ҳамма соҳада фаол. Шифокор, банк ходими, тадбиркор, ихтирочи ва олийгоҳ ўқитувчилари. Қутлуғ кун арафасида бир ифтихор туйдимки, устоз ва шогирдларим, фарзандларимнинг отаси ва ўғлим – касбим билан фахрлангим келди.

Гулчеҳра ШОМАЛИКОВА,

Паркент Агросаноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Парҳезбоп қовоқча

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: