Мактаб ва мослашув

Биринчи синф ўқувчисининг руҳиятидаги ўзгаришлар жараёни

Инсон ҳаётида унутилмас дақиқалар кўп бўлади. Ана шундай бетакрор лаҳзалардан бири илк бора мактаб остонасига қадам қўйиш, ўқувчи деган номга эришишдир.

Табиийки, бу даврда уларнинг руҳиятида турли ўзгаришлар рўй беради. Болада ўз ҳатти-ҳаракатлари, хулқ-атворини бошқалар билан таққослаш ва ўзини холис баҳолай олиш хусусиятлари пайдо бўлади. Кўргазмали образлар, предметларни бевосита идрок этадиган тафаккур шаклланади.

Мактаб даврига мослашиш жараёни

Биринчи синф ўқувчиларида одатда мактабнинг ташқи кўринишига бўлган қизиқиш юқори бўлади. Болалар учун у ерга бориб-келиш ўзгача завқ бағишлайди. Аста-секинлик билан дарс соатида ўтириш, машғулотларда кўп қолиб кетиш каби ўзгаришлар унга таъсир эта бошлайди. Шу сабабли иқтидорли педагоглар болага ўқув йилининг бошидан оғирлик қилмайдиган топшириқлар, интеллектуал ҳаракатлар талаб қиладиган масалалар беришга ҳаракат қилади.

Бола дарс ва уй вазифаларини бажариш билан боғлиқ янги кун тартибига ўрганиши керак. Шу сабаб катталар болага қўйиладиган янги талабларни тушунтиришлари ва уларнинг бажарилишини назорат қилишлари лозим.

Кейингиси мулоқот жараёни билан боғлиқ қийинчиликлардир. Бунда ўқувчи синфдошлари билан янгича муносабат ўрнатиши зарур бўлади. Ўзгаришларни у асосан ўқув йилининг ўрталарида ҳис қила бошлайди. Умумий қилиб айтганда бу хатти-ҳаракатларнинг ихтиёрий хусусияти бўлиб, ўқувчи ишларни аввалдан режалаштириш, онгли равишда фаолият мақсадларини танлашни ўрганади. Яъни, у бирор масалани ечиш давомида ҳар бир ҳаракатнинг тартиби, вариантларини қидиради. Мактаб ёшида бола хулқ-атворининг ахлоқий нормалари интенсив шакллана бошлайди. Кичик ёшдаги ўқувчилар ушбу нормаларни ўзлаштириш учун психологик жиҳатдан тайёр бўлади. Ўқитувчи улардаги ижобий ахлоқий жиҳатларни рағбатлантириши, салбийлари шаклланишининг олдини олиши зарур. Бу ёшдаги болаларнинг ўзаро муносабатлари асосан ташқи ҳаётий ва тасодифий омиллар билан белгиланади.

Физиологик ўзгариш

Ўсиш ва ривожланиш мураккаб жараён. Бунда бутун организм иштирок этади. Ушбу биологик жараён бир маромда кечади. Бола жисмидаги тўқималар ва аъзолар катта одам организмидан сифат ва сон жиҳатдан фарқ қилади. Ўсишнинг тезлашиш даври, бола ҳаётининг маълум босқичларига мос келади. У бола соғлиғи ва жисмоний ҳаракатларининг энг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Унда организм ривожланади ва бу ҳолат тана тузилишининг мураккаблашиши демакдир. Ривожланиш туфайли бутун организм вазифалари ва хусусиятлари такомиллашади. Кичик мактаб ёшидаги болаларда суяклари зўр бериб ўсади ва мушак кучи ортади.

Яна ўқинг:  Сўз

Сут тишлари тушиб, ўрнига доимий тишлар чиқади. Бола уй муҳити ёки болалар жамоасига ҳамда мактаб ҳаёти шароитига ўтади. Ҳаракат ва меҳнат малакаси шакллана боради. Болажонлар бу ёшда катталар жамоасига кўпроқ аралишишга интилади. Мактаб ёшидаги болани мушак-бўғим бойлами жуда қўзғалувчан бўлади. Бу мушак бойламлари ва пайларнинг катталарникига қараганда ниҳоятда қайишқоқ бўлиши билан характерланади. Унда боланинг қўл мушаклари тез ривожланиб, ҳаракатлари тобора тез ва равон бўлиб бораверади. Бироқ, етти ёшгача бўлган бола узоқ давом этадиган мушак зўриқишига бардош бера олмайди. Бинобарин бир жойда узоқ ўтириши ёки тўғри ўтирмаслиги оқибатида унинг умуртқа мушаклари нотўғри ривожланиши ёки зўриқиши мумкин.

Ушбу даврда умуртқа поғонасининг барча бўғинлари шаклланади. Миянинг оғирлиги ошиб, унинг ривожланиш даражаси ортади, аналитик-синтетик фаолияти такомиллашади. Боланинг бўйи ва оғирлиги мутаносиб ўсади. Катта мушаклар кичик мушак тизимидан аввалроқ ривожланади. Шунинг учун болалар серҳаракат, югуриб чарчамайдиган, лекин ёзув машқларидан тез толиқувчан бўлади. Шу сабаб 1-2 синфларда ёзув машқлари жуда кўп бўлмаслиги керак.

Психолог Шаҳноза ХАЛИЛОВА

тавсиялари асосида

Ч. ХУШВАҚТОВА

тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: