ЭЛДА ЭЪЗОЗ ТОПИБ

Бўлимга дард билан олишаётган бемор келтирилганлиги ҳақидаги ташвишли хабарни эшитгач Зулхуморхон ҳушёр тортди. Тезлик билан ёрдам кўрсатиш учун ҳозирлик кўрила бошланди. Тажрибали ҳамширалар билан замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида бемор юрак фаолиятини текшириб дастлабки муолажаларни бошлади. Қўшимча дори-дармонлар қўлланди. Беморнинг аҳволи яхшиланаётганини сезгач, бўлим мудираси енгил тортди.

Бундай воқеалар Зулхуморхоннинг кундалик иш фаолиятида учраб туради. У ҳар бир беморнинг дардига даво топмагунча тиниб-тинчимайди, ором нималигини билмайди.

– Беморнинг тезроқ соғайиб кетишида унда ишонч уйғотиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди диспансернинг стационар бўлими мудираси Зулхумор Алибоева биз билан суҳбатда. – Бунинг учун шифокор ҳам психолог, ҳам малакали мутахассис, ҳам ташкилотчи бўлмоғи лозим.

Зулхумор ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатгач, Тошкент Давлат тиббиёт олийгоҳининг даволаш факультетида таҳсил олди. У мана 30 йилдирки халқ саломатлиги йўлида самарали хизмат қилиб келмоқда. Дастлаб вилоят шифохоналарида врач-кардиолог сифатида иш фаолиятини бошлади. 2006 йилдан бошлаб Жиззах вилоят кардиология диспансери стационар бўлими мудираси вазифасида хизмат қилиб келмоқда. Олий тоифали шифокорлар Зулайҳо Суюнова, Собир Исмоилов, тажрибали ҳамширалар Севара Норқулова ва Камола Норматовалар билан ҳамкорликда юрак фаолияти касалликларига тўғри ташхис қўйиш ҳамда иккиламчи профилактик стандарт асосида беморларнинг аҳволини яхшилаш бўйича тинимсиз изланмоқда. Бунинг учун эса стационар бўлимида юракни ультратовуш усулида текшириш, велоэргометрия, бир кеча-кундузлик қон босимини ўлчаш мониторинги, электрокардиограмма каби замонавий асбоб-ускуналар мавжуд.

Жиззах вилоят кардиология диспансерининг станционар бўлимида 10 нафар шифокор ва 19 нафар нафар ҳамшира бўлиб, уларнинг кўпчилиги олий тоифали саломатлик посбонларидир. Бу ерда беморларнинг тезроқ соғайиб кетиши учун барча шароитлар яратилган. 60 ўринга эга шифохонада маданий дам олиш хоналари ва кутубхона мавжуд. Бўлим мудираси Зулхумор Алибоева ишга янги қабул қилинган шифокор ва ҳамшираларга устозлик ҳам қилмоқда. Жамоа ўртасида бўлиб турадиган йиғинларда ўз маърузалари билан қатнашиб келади.

“Гипертония касаллиги ҳақида”, “Юрак-қон томир касалликларида парҳезнинг аҳамияти”, “Атеросклероз профилактикаси”, “Ҳамшираларнинг этика ва деонтологияси” каби қизиқарли ва мазмунли маърузалар ана шулар жумласидандир. Шунингдек, вақти-вақти билан вилоятдаги ҚВПларда бўлиб, назоратда турган беморларни кўрикдан ўтказиб амалий ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, “Кардиолог” деворий газетасининг ойма-ой мазмунли чиқарилишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Қандай мусиқани хуш кўрамиз?

Икки нафар фарзанди олий маълумотли мутахассис бўлиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритишмоқда. Бўш вақтларида бадиий асарлар ўқийди. Шеъриятга қизиқади.

Меҳрга йўғрилган қалб эгаси, олий тоифали врач-кардиолог Зулхумор Алибоева фидокорона хизматлари учун Мустақиллигимизнинг 21 йиллик байрами арафасида Президентимиз Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

– Бу қутлуғ мукофот нафақат менга балки бутун жамоамизга берилган катта ишончдир – дейди фахр билан Зулхумор Алибоева.

Абдулла САИДОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: