ЖССТ европа минтақавий бюроси сессияси давом этмоқда
Шу йилнинг 11 сентябрида ўз ишини бошлаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг 67-сессияси қизғин паллага кирди.
Будапешт шаҳрида ўтаётган ушбу тадбирда 53 та аъзо давлат қаторида Ўзбекистон номидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Бу йилги сессияда ЖССТнинг 2019-2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик–2020” сиёсатини амалга ошириш, Европа минтақавий бюросига аъзо давлатлар ўртасида дори-дармон таъминоти билан боғлиқ алоқаларни яхшилаш каби долзарб мавзуларда муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
ЖССТ Европа минтақавий бюросининг 67-сессиясида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам маъруза қилди. Вазир ўз чиқишида “Саломатлик – 2020” сиёсатини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон тиббиётида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг А.Шодмонов мамлакатда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилишида муҳим асос ҳисобланган ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталиб, қисқа фурсат ичида давлат раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 30 га яқин соҳа ривожига оид фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилингани ва улар ижроси босқичма-босқич таъминланаётгани таъкидлаб ўтилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда ушбу халқаро анжуманда муҳокама этилаётган долзарб масалалардан бири сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, ушбу хасталикни даволаш самарадорлиги бугун 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яхшироқ англашилади. Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Албатта, бундай ижобий ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Барчаси давлат даражасидаги эътибор самарасидир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маърузасидан сўнг ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.