Болалар китоби – келажак пойдевори
Бугун пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Болалар китоби” III республика фестивали ўз ишини бошлади. “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида ўтказилаётган тадбирнинг ўтказилишидан мақсад келажак авлодни ҳар томонлама етук, баркамол инсон этиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришдан иборат.
Мазкур фестивалда юртимизда фаолият олиб бораётган 60 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари ўз китоб маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда. Байрам кунларида иштирокчи нашриётлар томонидан сўнгги йилларда чоп этилган 500 дан зиёд номдаги янги китобларнинг тақдимотлари, Ўзбекистон халқ шоирлари ва ёзувчилари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, таниқли ва ёш ижодкорлар билан ижодий учрашувлар, мушоиралар, қолаверса, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ўтказилаётган ушбу тадбир 14 сентябрдан 16 сентябрга қадар давом этади.
Фарзандларингизга китоб совға қилишга шошилинг!
Хуршида ҲУСЕНОВА