Ҳамиша бедор ва сергак шифокорлар

Сурхондарё вилояти Денов тумани Тиббиёт бирлашмаси Пренатал маркази акушер — гинекологи Равиль Жабборовни бутун деновликлар жуда яхши танишади ва у ҳақида доимо илиқ гаплар айтишади. Чунки, бу инсон ўз касби ортидан кўплаб хонадонларга қувонч улашган. Оилаларнинг тўкис бахтли бўлишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган Р.Жабборов 1984 йилда Самарқанд Давлат Тиббиёт институтини даволаш факультетини тугатган.

Равиль Жабборов биринчи иш фаолиятини 1985-1986 йилларда Денов туман Марказий касалхонаси туғруқ бўлимида акушер-гинеколог вазифасида иш бошлаган. 1987-1994 йилларда эса Денов туман Ш.Қобилов номидаги туғруқхонасида врач-ординатор бўлиб ишлаган бўлса, 1994-2012 йилларда гинекология бўлимида акушер-гинеколог вазифасида фаолият олиб борган.

Меҳнат фаолияти давомида Равиль Жабборов доимо ўрганиш ва изланишда бўлди, малака ошириб борди. Ҳеч қачон билганлари билан чегараланиб қолмади. Шу боис бўлса керак, у кишини таниган ва билаганлар ўз касбининг ҳақиқий фидойиси дейишади.

Ҳозирда у ўз иш фаолиятида ўта талабчан, изланувчан ва ҳамиша янгиликка интилиб яшайди. Ўз нав­батида шогирдларида ҳам ана шу фазилатларни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда Р.Жабборов Денов туман акушерлик комплексида бош шифокор муовини вазифасида ишламоқда.

Шифокорлар инсон саломатлиги учун тунни тонгга улаб, вақт билан ҳисоблашмай ҳаракат қилишади. Чунки, бемор танасига хасталик исталган пайтда келиши мумкин. Шу маънода шифокор ўз касби тақозосига кўра ҳамиша бедор ва сергак бўлиши керак. Биз бундай инсонларни фидойи деймиз.

* * *

Денов туманида жойлашган акушерлик комплексида яна чақалоқ дунёга келди. Гўдакнинг дунёни тутгувчи «инга»лаши янги меҳмонни интиқлик билан кутаётган хонадонга бир олам қувонч тортиқ этди.

Туғруқ комплексида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган Мақсад Ҳамроеванинг ҳар кунлик иш фаолияти ана шундай хайрли ва қувончли кечади.

Мақсад Ҳамроева шифокорлик касбига болалигидан меҳр қўйиб, ана шу қизиқиши уни Термиз Тиббиёт билим юртига ўқишга киришига туртки бўлди.

1987 йил билим юртини тамомлаб, биринчи иш фаолиятини дояликдан бошлаган шифокор кейинчалик, Денов туман Марказий касалхонаси туғруқ бўлимида навбатчи доя, сўнг шу бўлимда катта доя ва узоқ йиллик тажрибаси туфайли 2001 йилдан у Денов туман туғруқ бўлимида катта ҳамшира вазифасида ишламоқда.

Яна ўқинг:  Катта спорт шодиёнаси

Мақсад Ҳамроева мана шу соҳада 30 йилдан ортиқ ишлаб келаётган бўлса, шу йиллар давомида ўзининг уч нафар фарзандини вояга етказиб, уларнинг илм олишларида камарбаста бўлган бўлса, шунинг билан бирга кўплаб гўдакларнинг ҳам иккинчи онаси бўлиб қолган.

Туғруқхона – чиллахона дейишади. Ана шундай муқаддас даргоҳда кўп йиллардан бери фаолият олиб бораётган аёлларнинг фаолиятига чин дилдан ҳавас қилса арзийди. Зеро, улар кўмагида хонадонларимизда чақалоқларнинг «инга» деган овоз эшитилади.

C.МЎМИНОВ,

Сурхондарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: