Ўзбекистон 100 ёшдан ошган фуқаролари бўйича дунёда 3-ўринда туради

Бундан 26 йил муқаддам мамлакати­мизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган эди.

Эзгулик аркаси… Тинчлик, осойишталик, буюк келажак дарвозаси сифатида қад ростлаган бу иншоот халқимизнинг ғурури каби юксак. Парвозга шайланаётган турналар халқимизнинг буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги интилишлари, қатъияти ва иродаси, оқ лайлаклар эса тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровонлик ва қут-барака тимсолидир. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари эса мамлакатимиз тараққиёти­ пойдеворининг бақувватлиги ифодасидир.

Муқаддас даргоҳга қадам қўяр экансиз, вужудингизни алланечук ҳаяжон чулғаганини ҳис қиласиз. Ҳамиша яшнаб, барқ уриб турадиган кўкаламзор, етти иқлимдан келтирилган анвойи гуллар, манзарали дарахтлар беихтиёр кишини мафтун этади.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилида қад ростлаган Мустақиллик ва эзгулик монументи олдида фарзандини бағрига босиб, унга ишонч билан термулиб турган Бахтиёр она – она Ватан рамзи. Буюк тушунча­нинг мамлакатимиз бош майдонида айнан она сиймоси орқали ифодаланиб барпо этилгани юртимизда онага, аёл зотига ҳурмат-эҳтиром нишонасидир.

Мотамсаро она ҳайкалига яқинлашганингизда онаизорнинг маъюс қиёфаси чуқур ўйга толдиради. Унинг масъум нигоҳларида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 1,5 миллион эр йигитнинг қайғуси мужассам. Чексиз дард, алам, ҳижрон ва айрилиқдан қон йиғлаб, кўз ёшлари қуриган меҳрибон онанинг фар­зандидан, опалар укасидан, сингиллар акасидан ажралгани тимсоли бу. Хо­тира хиёбонидаги зарҳал “китоб”ларда номлари қайд этилган ярим миллион аскарнинг руҳи она боши узра учиб юргандек, улар мотамсаро онага “Дард чекма она, энди фарзандларинг уруш деган балога асло йўлиқмагай”, деяёт­гандек.

Соя-салқин жойлардаги ўриндиқлар отахону онахонлар билан гавжум. Бугунги дориломон кунлардан ичига сиғмаётган фарзандлари, набиралари улар атрофида гирдикапалак. Нуронийлар юзидаги ажин, қўлла­ридаги қадоқ кечаги мунгли тарихимиздан ҳикоя қилаётгандек.

Ҳа, айнан шундай нуронийларимизнинг заҳмати, матонатли меҳнати ту­файли дориломон кунларга етдик. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллари­даноқ ҳукуматимиз улуғ ва мўътабар зотларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатди. Мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, оқибат кўрсатиш маъ­навий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, халқимиз ёши улуғ инсонлар­нинг қадрига етиш, уларга алоҳида иззат-икром кўрсатишни юксак инсоний фазилат ва шарафли бурч, деб билди.

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 27 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тад­бирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топди. Орадан бир йил ўтиб қабул қилинган мамлакатимиз Бош қонунининг 39-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Яна ўқинг:  Англаш ҳисси

Фахрийларга ана шундай юксак эътиборнинг амалий натижаси сифатида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1996 йилда Ўзбекистон фахрий­ларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ташкил этил­ди. Жамғарма фаолиятида уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга зарур моддий, маънавий, тиббий кўмак кўрсатиш, миллий анъана ва қадрият­ларимиз бардавомлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этди.

Биргина мисол: 2010-2015 йилларда мамлакатимизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни кучайтиришга қаратилган қатор эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, кексалар ва пенсионерларга мўлжалланган 12 та Саховат ва Му­рувват уйи моддий-техник базаси, 14 минг 600 ёлғиз кекса, пенсионер, ногироннинг турар жой шароитлари яхшиланди, 5 минг 400 нуроний реабилитация техник воси­талари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди, 6 минг 400 ногирон ва пенсионер санаторияларда соғлиғини тиклади.

Ўтган вақт мобайнида жамғарманинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш учун муҳим ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Ўз навбатида, жамғарма ўтказаётган маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар мустақил­лигимизни, тинч ва фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, яна­да мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мамлакатимизда фахрийларга давлат ва жамият томони­дан ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили”, 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ва бу йўналишда бир қатор савобли ишлар амалга оширилгани таҳ­синга сазовор.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2 трил­лион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланганининг ўзи бу борадаги ишлар кўлами қанча­лар кенг бўлганини яққол ифодалайди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 1999 йилдан бошлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида юқори савияда нишонлаб келинмоқда.

Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 1990 йилда 67 ёшни ташкил қилган бўлса, ҳо­зирги кунга келиб 73,5 ёшга, аёлларники эса 75,8 ёшга етди. Юртимизда 80-90, ҳатто юз ёшга етган қари­ялар сони тобора ошмоқда. Маълумотларда қайд этилиши­ча, аҳоли сонига нисбатан олинганда Ўзбекистон 100 ёшдан ошган фуқаролари бўйича дунёда 3-ўринда туради.

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, катта авлод манфаатларини таъминлашга қаратил­ган ислоҳотлар янгича руҳ ва шиддат касб этди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Нуроний” жамғармаси фао­лиятини тубдан такомиллаштириш, унинг маънавий-маърифий ҳамда моддий салоҳиятини юқори босқичга олиб чиқишга қара­тилган ташаббуси фикримизнинг ёрқин исботидир.

Яна ўқинг:  ИНХА УНИВЕРСИТЕТИДА ЯНГИ ФАКУЛЬТЕТ ОЧИЛДИ

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувват­лаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллашти­риш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими­ни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада катта аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжатлар билан жамғарма Ўзбекистон фахрийларининг ижтимо­ий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасига айлантирилди. Президент нуронийларимиз, фахрийларимиз жамият ҳаётининг фаол ишти­рокчиси бўлиши кераклигига урғу бериб, катта авлоднинг бой тажрибаси Ватанимизнинг буюк келажагини қуришда ниҳоятда муҳимлигини қайд этди. Бинобарин, бугунги тезкор ва глобал­лашув даврида ёшлар тарбиясига янада ҳушёрлик билан ён­дашиш, маънавий-маърифий жараёнларда табаррук ёшдаги инсонларнинг тажрибаси, йўл-йўриқ ва насиҳатларидан унумли фойдаланишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Бу йил давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргар­лик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қа­рори асосида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ўзгача руҳда, юртимизда рўй бераётган янгиланишлар ва ўзгаришларга ҳа­моҳанг тарзда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.

Фармонга асосан юртимиздаги 1 минг 615 Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига икки миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари, “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган авто­мобиллардан бир марта навбатсиз сотиб олиш ва уларга тех­ник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар тантанали ва байрамона вазиятда топширилди.

Президентимизнинг қарори ижроси доирасида 14 Иккинчи жаҳон уру­ши қатнашчисига янги қуриб битказилган замонавий уй-жойлар туҳфа этилди. Уруш фахрийлари истиқомат қиладиган 172 та уй-жой тўлиқ қай­та таъмирланиб, бу ишлар учун 2 миллиард 322 миллион сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, 346 уруш фахрийсига 3 миллард 894 миллион сўмлик ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумла­дан, 135 эҳтиёжманд уруш қатнашчисига ногирон­лик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқтаёқ ва бошқа зарур жиҳозлар учун қарийб 132 миллион сўм маблағ ажра­тилди. 55,2 миллион сўмлик дори-дармон воситалари етказиб берилди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ис­тиқомат қилувчи 600 уруш қатнашчиси Тошкент шаҳри­да бўлиб ўтган тантанали маросимларда иштирок этди. Ай­ниқса, Президентимизнинг ушбу маросимдаги нутқи нафақат табаррук ёшли кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийлари, балки барча юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш, ҳаяжон ҳамда мамнуният билан кутиб олинди. Зеро, Юртбошимиз­нинг “Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз боши­миздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик” деган пурмаъно сўзлари барчамизни кексаларни доимо азиз ва мўътабар билиб, юксак қадрлашга ундайди.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН – УМУМИЙ УЙИМИЗ

Юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак ҳаж зиёратига бориш истаклари ҳамда “Нуроний” жамғар­масининг таклифи инобатга олиниб, илгари ҳаж зиёратига боролмаган ва бунга имкони бўлмаган 70 дан ортиқ уруш фахрийси давлат маблағлари ҳисобидан ҳаж сафарига юборилди.

Юртбошимиз мамлакатимизнинг қайси ҳудудига ташриф буюрса, энг аввало, ўша манзилдаги қутлуғ қадамжоларни зиёрат қилади, нуронийлар билан самимий мулоқотда бўлади. Учрашувларда фахрийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, бугунги ёруғ кунларга етиб келишимизда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз, нуронийларимизнинг хизмати жуда катта бўлга­нини, улар олдида доимо қарздор эканлигимизни эслатади.

Мухтасар айтганда, нуронийлар Ватанимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги, фарзандларимиз тарбияси, оилалари­миз тинчлиги йўлида ҳамиша ҳушёр ва жавобгар эканини чуқур ҳис этиб, бу борада бой ҳаётий тажрибаси, куч ва шижоати­ни сафарбар этмоқдалар. Зеро, барча саъй-ҳаракатларимиз мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, эртанги порлоқ келажакни қуришга қаратилгандир.

Шуҳрат Жалилов,

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини

қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси

бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: