Қўштепада тиббий хизмат нега оқсамоқда?
Фарғона вилоятидаги айрим қишлоқ оилавий поликлиникаларида кўплаб муаммолар йиғилиб қолган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувларида тиббий хизмат сифати танқидий баҳоланиб, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида Фарғона вилоятида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, муаммоларни ҳал этиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида кам самарали қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, уларнинг негизида 88 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Улардаги кундузги стационарларда беморларга педиатр, терапевт, акушер-гинеколог, стоматолог, жарроҳ ва УТТ (ультратовуш текшируви) каби тор соҳа мутахассислари хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.
Қува, Тошлоқ, Олтиариқ, Бешариқ туманларидаги қишлоқ оилавий поликлиникалари хизматидан аҳоли мамнун. Уларда тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, барча масканлар замонавий бино ва тиббий ускуналар, малакали мутахассислар билан таъминланган.
Тошлоқ туманида қишлоқ врачлик пунктлари негизида 6 қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 5 шифокорлар уйи ташкил этилган. Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида «Қумариқ» ва «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғинида тез ёрдам станциялари очилган.
“Заркент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 52-қишлоқ оилавий поликлиникасида ишлар яхши йўлга қўйилган. Мазкур тиббиёт маскани 31 мингдан ортиқ аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда.
– Аҳоли тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун, – дейди ушбу поликлиника мудири Мухторжон Мелибоев. – Илгари одамлар оддий томоқ оғриғи учун ҳам туман марказига боришга мажбур эди. Энди эса тор доирадаги мутахассислар ҳам қишлоқнинг ўзида фаолият олиб бораётгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Шу ернинг ўзида ташхис қўйилиб, керакли ёрдам кўрсатилмоқда. Айни пайтда ҳар бир хонадонга кириб бориш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.
Албатта, бу аҳолининг оилавий поликлиникаларга бўлган ишончини оширмоқда. Лекин, афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам яхши йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Айрим шаҳар ва туманларда тиббий хизмат кўрсатиш кўнгилдагидек эмас. Баъзи жойларда малакали мутахассислар етишмайди. Замонавий тиббий жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмаган.
Қўштепа тумани “Барот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 88-қишлоқ оилавий поликлиникасидаги нохуш манзара кишини ранжитади. Ҳудудни ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоналар таъмирга муҳтож. Соат ўн икки бўлишига қарамасдан, фақат бир нафаргина умумамалиёт шифокори ўз ўрнида экан.
Мазкур оилавий поликлиника 19 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Тор соҳа мутахассисларининг навбатчилиги бўйича жадвал тасдиқланган бўлса-да, ўз вақтида аҳолига хизмат кўрсатиши назоратга олинмаган. Тиббий жиҳозлар етарли эмас, ЭКГ аппарати умуман ишламайди. Ичимлик суви билан таъминланмаган.
Тиббиёт масканида куз-қиш мавсумига ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Албатта, ишнинг бундай ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
“Гармдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тез тиббий ёрдам станцияси филиалида кундузги сменада бирорта ҳам олий маълумотли шифокор ишламайди, бўладиган барча чақирувларга фақат ҳамширалар чиқади, холос. Тунги сменада ҳар тугул олий маълумотлилар бор. Лекин, ходимлар учун зарур шароит яратилмаган.
Шомирза қишлоғидаги “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пункти негизида шифокорлар уйини ташкил этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиладиган хоналар санитария талабларига жавоб бермайди. Умумамалиёт шифокори Сайдулло Асадуллаевнинг таъкидлашича, улар қўлларидан келганча аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ҳисса қўшмоқда. Албатта, бу яхши. Аммо давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш вазифаси қатъий қўйилаётган бир пайтда «қўлдан келганча» қабилида иш тутиш нечоғли тўғри?! Аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадларга камарбаста бўлиш, қолаверса, қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини ошириш, бунинг учун кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш ҳам саломатлик посбонларининг вазифаси эмасми?
Бинобарин, тумандаги мавжуд 4 қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам патронаж хизматини такомиллаштириш, ҳар бир оилага кириб бориш ва аҳоли саломатлигидан хабардор бўлиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш каби ишларда мутасаддилар масъулиятини етарли даражада, деб бўлмайди.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 5 январь куни тиббиёт ходимлари билан учрашувида соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Туман ва қишлоқлардаги тиббиёт муассасалари бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани, лекин ана шу ускуналарни ишлатадиган мутахассислар камлиги, айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётгани, чекка ҳудудларда малакали шифокорлар етишмаётгани танқид қилиниб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Халқимиз бугунги тиббий хизмат сифатидан рози эмаслиги, қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши лозимлиги, бунинг учун шу ерда ишлайдиган врачга пункт ёнидан уй қуриб бериш зарурлиги қайд этилиб, мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Лекин халқимиз саломатлиги, келажак авлод камолоти билан боғлиқ ғоят муҳим бу вазифани барча жойлардаги тегишли мутасаддилар астойдил бажараяпти, дейиш қийин.
Қўштепа туманидаги аҳволдан ҳам кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мутасаддилар ҳамон ишни ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Одамларнинг бугунидан рози ҳолда ҳаёт кечириши, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлиши юртимизда амалга оширилаётган изчил ишларнинг жойларда ўз вақтида ва сифатли бажарилишига бевосита боғлиқ. Бунда эса жойлардаги раҳбарларнинг масъулияти, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши муҳим аҳамиятга эга.
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА