Мўътабар қадриятлар мусаввирлар нигоҳида

…Сарҳадларни мағрур қўриқлаётган ҳарбий, шу табаррук заминни ўз уйи деб билган кўп миллатли ҳамюртларимиз, бахтиёр болажонлар, бепоён дала ва боғлар, пурвиқор тоғлар, умрбоқий обидаларимиз… Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танловининг тасвирий санъат, фото-дизайн йўналишига тақдим этилган асарларда ижодкорлар барчамиз учун энг мўътабар бўлган тушунчаларни акс эттирган.

Тошкент Фотосуратлар уйида мазкур ижодий лойиҳага келиб тушган бадиий асарлар, фотосуратлардан иборат кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Республика «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси Ш.Жалилов, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танлови ижодкорлар интиқлик билан кутадиган, Ватанимизда кечаётган ислоҳотларга ўз муносабатини билдирадиган анъанавий лойиҳага айланганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилда истиқлол айёмига бағишланган мазкур кўрик-танлов «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилмоқда.

Унга тақдим этилган бадиий асарлар «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз», «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз» каби мавзуларни ўзида акс эттиради.

– Мазкур танловга келаётган ижодий иш муаллифлари сафида янги-янги номларнинг кўзга ташланаётгани қувонарли, – дейди фотомусаввир Искандар Содиқов. – Бу каби кўриклар ижодкорларнинг Ватан, истиқлол, тинч ва осойишта кунларимизга, юксак маънавиятли авлод тарбиясига, юртимизда кечаётган ижобий ўзгариш жараёнларига ўзига хос муносабатининг ифодасидир.

– Ушбу танловда натюрморт, манзара жанридаги суратларим билан қатнашяпман, – дейди Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Моҳларойим Умрзоқова. – Бундай кўрик-танловлар жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидек асрашга чорлаши билан бирга ижодий ишларимизни муҳташам кўргазма залларида устоз-мусаввирлар, санъатшунослар, томошабинлар ҳукмига ҳавола этиш учун ҳам қулай имкониятдир.

Кўргазмада танловга тавсия этилган энг сара намуналар билан танишиш мумкин.

Назокат Усмонова,

ЎзА

Яна ўқинг:  Фарзанд тарбиясидаги муаммолар ечими ҳақида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: