Ер остида ҳам қалампир ўсадими?
Xрен (ерқалампир)нинг фойдали хусусиятлари ҳақида
Ушбу ўсимлик илдизини қадимдан одамлар, иштаҳа очувчи шифобахш неъмат сифатида истеъмол қилиб келишган. Ерқалампир худди хантал (горчица) сингари ўткир зиравор сифатида қадрланади.
Утурли – туман қуюқ овқатларни ҳазм қилишда қўлланади. Бу наботот олами вакили баргларидан озиқ-овқат саноатида консерва маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Айниқса, ерқалампир барглари солиб ёпилган бодринг ва патиссон(“ликобчали сабзавот”)лар “карсиллаб” иштаҳа очади.
Хрен илдизи қирғичдан ўтказилгач, бир ҳафта давомида ўзининг шифобахш хусусиятларини сақлаб қолади.
Хом ҳолида унинг таркибидаги фаол компонентлар антисептик хусусиятга эга бўлади. Шунингдек, бу маҳсулотда 16 фоиз углеводлар, 3 фоиз азот моддаси, бироз ёғлар мавжуд. Ерқалампир таркибида С витамини кўплигидан ҳатто, у лимонни ҳам ортда қолдиради. Фақат бу борада у наъматак ва қора қорағатга “йўл бериши” мумкин.
Яна унинг таркибида калий, кальций, натрий, олтингугурт, фосфор, темир моддаси ва бошқа шу каби минерал моддалар ҳамда фитонцид (табиий антибиотик)лар, хантал мойи, шакар, крахмал, қатрон, углеводлар, клетчатка (дағал толали модда), В гуруҳ витаминлари, РР дармондориси мўл. Ўсимликнинг янги узилган баргларида каротин моддаси кўп бўлади. Пешоб йўллари яллиғланганда сийдик ҳайдовчи восита сифатида хрен илдизидан фойдаланиш мумкин. Шу сабабли уни буйрак-тош касаллиги ҳамда цистит (қовуқ яллиғланиши), подагра, ревматизм (бўғимлар яллиғланиши) хасталикларида қўллаш мумкин. Олма ва ерқалампир илдизини тенг миқдорда қирғичдан ўтказиб, совуқ урган беморнинг терисига компресс (бозиллама) қилинса, у тезроқ оёққа туради. Яна бундай хаста кишиларга иссиқ-иссиқ (фақат қайноқ эмас) қора чой, асал солинган сут ҳамда малина ёки қорағат (смородина) мураббоси солинган чой ҳам ичириш зарур. Чунки, организм ҳам ичкаридан ҳам хренли компресслар туфайли ташқаридан исийди.
Юз нерви яллиғланганда ҳам ерқалампир ва олма аралашмасидан бозиллама қилиш фойдали. Шунингдек, ревматизм (бод) касаллигида ҳам бундай компреслар шифобахш таъсирга эга бўлади.
Жигарранг олма сиркаси, хрен ва глицерин аралашмаси кўкйўтал ҳамда ангина (бодомча безларининг яллиғланиши)да самарали даво муолажаси сифатида қўлланилади. Аммо, бундай муолажа ёш болаларга, аллергик касалликларга мойиллиги мавжуд беморларга ҳамда астма (зиққинафас) дарди бор хаста кишиларга тавсия этилмайди. Чунки, дардманд одамнинг нафаси сиқиб, аҳволи ўта жиддий оғирлашиб қолиши мумкин. Сабаби, бундай аралашма томоқ йўллари ва кўзнинг шиллиқ қаватини таъсирлантириши мумкин.
Ерқалампир меъда ширасида нордонлик муҳити пасайиб кетганда пайдо бўладиган гастрит (меъда яллиғланиши)ни даволашда ҳам ижобий самара беради. Яна нафас йўллари яллиғланганда халқ табобатида диуретик (пешоб ҳайдовчи) табиий восита сифатида тавсия этилади. Бироқ, хренни меъда – ичак тизимида яллиғланиш бўлса, шунингдек, айрим буйрак хасталикларида ҳамда жигар касалликларида истеъмол қилиш ман этилади.
Бу шифобахш ўсимликдан тайёрланган табиий дори воситалари яна плеврит (ўпка пардасининг яллиғланиши), миозит (мушаклар оғриганда) ҳамда бронхит (бронхлар яллиғланганда) ва қовуқда тош бўлса тавсия этилади.
Давоми келгуси сонда.
Гулчеҳра ШИРИНОВА