Болажонлар қачон тиш ювишни бошлайди?

Тиш чўткасининг катта-кичиклиги боланинг ёшига мос бўлиши лозим. Уни танлашда ҳар бир кичкинтойга стоматолог-шифокор маслаҳат беради. Ёш боланинг тиш тозалашни ўрганиб олиши анча қийин. Шу сабабли тиш тозалашни бир неча босқичга бўлиб, ота-оналар фарзандига ўргатиши лозим.

1-босқичда олдинги тишлар тепадан пастга, пастки тишлар эса пастдан юқорига қараб ювилиши зарур.

2-босқичда эса болага тишнинг ташқи ён юзаларида тиш чўткаси ўнг ва чапга қараб ҳаракатланиши ўргатилади.

3-босқичда тишнинг чайнов юзаларини тозалаш керак.

4-босқичда болажонга олдинги ва ён томондаги тишларни ички юзасини ҳам яхшилаб тозалаш зарурлиги кўрсатилади.

Бундай тиш тозалаш қоидаларини изчиллик билан ўрганган ҳар бир ўғил-қиз умр бўйи шу қоидага қатъий риоя қиладиган бўлади. Тиш тозалашнинг босқичлари кўплигидан ташвишланмаса ҳам бўлади. Аксинча бунга бола тез ўрганиб қолади ва барча босқичларни ўзи берилиб бажарадиган бўлади. Болалар ва катталар учун тиш тозалаш қоидалари ва вақти бир хил. Шунинг учун тишлар икки маҳал – эрталаб ва кечқурун овқатдан кейин тозаланади.

“Эрталабки тиш ювиш гўзаллик учун, кечқурунги тиш ювиш эса саломатлик учун зарур”, дейди стоматологлар.

Бола 2-2,5ёшга тўлганда унинг 20та сут тишлари чиққан бўлади. Улар бир-бирига жипс ёпишиб туради. Бу даврда унинг сўлак безлари кам сўлак ажрата бошлайди. Илгари сўлакнинг кўплиги ва тишларнинг сийраклиги туфайли улар ўз-ўзидан тозаланган бўлса, энди бу табиий жараён содир бўлмайди. Бунинг учун энди ташқаридан таъсир кўрсатилиши керак бўлади. Олдинига овқатдан олдин оғиз чайилади. Бу жуда ибратли одат. Шунда оғиздаги овқат қолдиқлари чиқиб кетади. Боланинг оғзини чайиши унча осон эмас. Чунки, кичкинтой оғзини чаяман деб сувни ютиб юборади. Шунинг учун сувдан оғизга озроқ олиб, кейин суюқликни тишлар орасидан ўтказиш зарурлигини унга тушунтириш лозим. Шунда тишларнинг ташқи ва ички томонлари тозаланиши кераклигини болага англатиш даркор.

Дастлаб болага катталар тозаликни ўргатади. Тишни илк бор ювишда чўтканинг ўзи билан унга гигиена қоидаси ўргатилади.

Оғиз бўшлиғи парваришида қуйидагиларга риоя қилиш керак:

  1. Тишларни эрталаб нонуштадан кейин ва кечқурун ухлашдан олдин тозалаш керак. Уларни тозалаб бўлгандан кейин тиш чўткаси тил юзасига бир-икки марта юргизилади ва оғиз чайилади.
  2. Ҳар бир тишни ҳамма томонлама юзаларини тозалаш зарур.
  3. Гигиеник тиш чўткаси кичикроқ, унинг қили қалин ва калтарок бўлиши даркор. Чўткани камида бир йилда 3-4 марта янгилаш лозим (яъни ҳар 3-4 ойда).
  4. Тишни тозалагандан кейин чўткани яхшилаб суюқ гигиеник восита билан ювиб, унга совун суркаб, ишлатиладиган қисмини юқорига қилиб стаканга солиб қўйилади.
  5. Овқатланишлар орасида ва кечқурун тиш тозалангандан сўнг ширинликлар истеъмол қилмаслик керак.
  6. Тишлар бақувват ва соғлом бўлиши учун мева-сабзавот, сут маҳсулотлари рационда етарли даражада бўлиши зарур.
  7. Ҳар 3-6 ойда болажон стоматолог кўригидан ўтиши даркор. Зарур ҳолатларда профилактик даво муолажаларини олиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Яна ўқинг:  Ер остида ҳам қалампир ўсадими?

Болаларнинг оғиз бўшлиғи ва тишлари тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг қандай тиш пастасидан фойдаланиш кераклигини стоматолог-шифокор маслаҳат беради.

Америкалик стоматолог Стивен Гольдберг болалар тиш ювиши учун пастадан гуручдек миқдорда ишлатиш кифоя эканлгини таъкидлайди. Тиш пастаси миқдори эмас, балки чўтканинг толалари асосий вазифани ўташи муҳим, дейди у.

Матлуба НАРЗУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳридаги 3-сонли Болалар стоматология поликлиникаси

бош шифокори ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: