Жазирамадан сақланиш сирлари
Ўлкамизда жазирама ёзнинг иккинчи ойи ҳам яримлаб қолди. Бундай пайтда инсон салқин жойда ҳордиқ чиқаришни истайди. Айниқса, денгиз бўйи ёхуд салқин тоғ ён бағрида дам олишга нима етсин? Аммо бунга доим ҳам имкон топилавермайди.
Ёз кунлари табиий матодан тикилган кийимларни танлаганингиз мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим кийиб юриш ёдингиздан кўтарилмасин.
Қуёш нури 12.00 дан 16.00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаганингиз маъқул.
Аммо вазият шу вақт оралиғида ташқарига чиқишга мажбур этса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг.
Ёз куни қаҳвадан воз кечганингиз маъқул. Чунки бу маҳсулот жазирамада чарчоқни кучайтиради. Ширин ва газланган ичимликлар ҳам бундан мустасно эмас.
Иссиқ кунда сизга муздек ичимликларни ичишни ҳам тавсия этмаймиз. Чунки улар туфайли томоқ оғриғини ортириб олишингиз мумкин. Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, яхна ичимликлар ички аъзоларни совутиб, тана сиртида қон айланишини тезлаштиради ва бунинг оқибатида ҳарорат кўтарилади.
Иссиқ ҳавода алкогол ичимликлардан нафсингизни тийганингиз маъқул. Бу ичимликлар организмнинг сувсизланишига олиб келади. Бодринг, тарвуз, қовун ва сархил мевалар организмни совутиш хусусиятига эга.
Вентиляторнинг самарасини янада ошириш учун унинг қаршисига муз солинган тоғора ёки ичида музлатилган сув бўлган пластик бутилкаларни қўйиб қўйиш мумкин. Замонавий вентиляторлар орасида бутунлай шовқинсиз ва болалар учун хавфсиз бўлганлари кўп. Баъзи моделларда ҳаттоки, таймер ҳам бўлиб, уларнинг автоматик равишда ишлаш вақтини белгилаб қўйиш мумкин.
Кондиционер харид қилишда уларнинг техник хусусиятлари билан яхшилаб танишиб чиқинг ва турли хил таклифлар қаршисида ўзингизни йўқотиб қўйманг.
Шунингдек, хона ҳароратни тушириш учун деразаларга ҳўл чойшаб осиш, мебелларга нам сочиқлар илиш мумкин. Бироқ, бунда меъёрдан ошиб кетманг: қоронғилик ва юқори намлик уйда янги микроорганизмлар, жумладан, моғор замбуруғини юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Деразаларга қалин оқ (зиғир толасидан қилинган мато) ёкибўздан тикилган парда осган маъқул: оқ ранг қуёш нурини қайтаради.
Х. ҲУСЕНОВА