ЎЗБЕК ФУТБОЛИ ДУНЁ НИГОҲИДА
Жаҳонга машҳур футбол телеҳафталиги – “FIFA Futbol Mundial” кўрсатуви ижодкорлари 3 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюришлари кутилмоқда.
Ушбу ташрифдан мақсад Ўзбекистон футболи ва унда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кўрсатув тайёрлашдан иборат. Кўрсатув ижодкорларининг маълум қилишларича, ижодий гуруҳ тўрт кун давомида пойтахтимизда меҳмон бўлади ва “FM”нинг янги сони учун лавҳалар тайёрлашади.
Тўрт кунлик ташрифнинг биринчи куни – 3 октябрда кўрсатув ижодкорлари Осиё чемпионлар лигаси чорак финал жавоб учрашуви – Тошкентнинг “Бунёдкор” ҳамда “Аделаида Юнайтед” жамоалари ўртасидаги ўйинни бевосита кузатишлари ва лавҳа тайёрлашлари кутилмоқда.
4 октябрь куни “FM” ижодкорлари Ўзбекистон Олий Лигасинининг марказий учрашувларидан бири – “Пахтакор” ҳамда “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашувга ҳам ташриф буюришади.
Икки кун давомида “Futboll Mundial” ижодкорлари Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги энг кучли клублари дея эътироф этиладиган “Бунёдкор” ҳамда “Пахтакор” клубларининг машғулотларини кузатишни, иккала клуб мураббийлари ва футболчилари билан суҳбат ўтказишни режалаштиришган.
Кейинги икки кун давомида эса Тошкентнинг “Бунёдкор” клубининг икки футболчиси – Виктор Карпенко ҳамда Дэвид Карни кўрсатувнинг “Экскльюзив суҳбат” рукни меҳмони бўлишлари ва кўрсатув учун икки футболчидан махсус интервьюлар олиниши кўзда тутилган.