ҲАР БИР ФАРЗАНДГА МЕҲР, ЭЪТИБОР
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ва «Сен ёлғиз эмассан» Республика болалар жамоатчилик фонди баркамол авлод тарбияси, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларга меҳр кўрсатиш борасида бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Ўз навбатида, ушбу ташкилотлар ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб, жорий йилнинг 28 май — 3 июнь кунлари «Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор» шиори остида хайрия тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан «Меҳрибонлик уй»лари тарбияланувчилари, SOS болалар маҳаллалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1300 нафарга яқин болалари иштирок этди.
Байрам тадбирида болалар томонидан ижро этилган қувноқ ашула ва рақслар барчага завқ улашди. Шунингдек, кўнгилочар аттракционлар байрамга келган болажонларнинг кўнгилларини хушнуд этди.
Н. НОРБОБОЕВ