Хотирани мустаҳкамловчи машқлар

Кўпчилик ота-оналар фарзандининг хотираси кучли эмаслигидан нолийди. Келажакда боланинг ақл-идрокли бўлиб камол топишида эса ўткир зеҳнли бўлиш муҳим аҳамиятга эга.

Бола хотираси мустаҳкам бўлиши учун ота-она фарзанди билан ҳар куни маълум вақт давомида шуғулланиши лозим. Кичкинтойнинг зеҳни турли машқ ва ўйинлар орқали ривожланиб боради. Яна шуниси аҳамиятлики, унинг овқатланиши, кун тартиби ҳам бунга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Хотира билан боғлиқ ҳамма хусусиятлар бола туғилиб, нутқи ривож топганидан бошлаб, то ўсмирлик (12-14 ёшлар) даврига қадар яхши ривожланади. Айниқса, зеҳннинг қай даражада мустаҳкам эканлиги бола мактабга бориш пайтида билинади. Табиийки, эслаб қолиш қобилияти яхши ривожланган ўқувчи дарсларни бошқаларга қараганда тез ўзлаштиради.

Ушбу мақоламиз орқали мактаб ёшидаги болалар учун хотирани мустаҳкамлашга кўмаклашувчи машқлар билан таништирамиз.

“Расмлар”

Фарзандингизга бирор бир расмни кўрсатиб, унда нима тасвирланганини чизиб беришини сўранг. Шунингдек, ундан расм ҳақидаги фикрларини кўпроқ гапириб беришини илтимос қилинг.

“10 та фарқни топ”

Суратга қараб ўйналадиган “10 та фарқни топ” машқи хотирани мустаҳкамловчи асосий ўйинлардан биридир. Бунинг учун болага ярим дақиқа суратни томоша қилишига қўйиб беринг. Сўнгра иккинчи суратни кўрсатинг. У расмлар ўртасидаги тафовутни хотирасига суянган ҳолда аниқлай бошлайди.

“Ҳайвонот боғини эсла”

Фарзандингизга бир нечта юмшоқ ўйинчоқлар (мактаб ёшидаги болалар учун ўйинчоқлар сони 7 тадан ошмагани маъқул) беринг. Уларни бир қаторга териб, болага ярим дақиқа вақт ажратинг. У ўйинчоқлар ўрнини эслаб қолсин. Сўнг орқасига ўгирилиб туришини айтиб, ўйинчоқлар жойини алмаштиринг. Кейин эса боладан дастлаб улар қандай жойлашгани ҳақида сўранг. Бу ўйин орқали нафақат эслаб қолиш, балки диққатни жамлаш қобилияти ҳам яхшиланади.

“Тасвирлаб бериш”

Фарзандингиз билан ҳайвонот боғини сайр қилиб, уйга келганингизда у ердаги қизиқарли воқеа ёки чиройли объект ҳақида сўранг. Уларни кенгроқ тасвирлаши учун саволлар беринг.

“Рақс тўгараги”

Қувноқ мусиқа ёрдамида фарзандингизга бирор бир рақс ҳаракатини ўргатинг. Бу ўйин боланинг ҳаракат хотирасини ривожланишига кўмак беради. У рақсни такрорлаш орқали зеҳнида ҳаракат кетма-кетлиги сақланади.

Кўриб, эшитиб, эслаб қолиш

Фарзандингизга бирор ҳайвонни тасвирлаб беринг. Сўнг эшитганлари ҳақида сўзлаб беришини сўранг. Бу машқ у учун бироз қийинчилик туғдирса, ҳайвонлар расмини кўрсатиб, уларнинг товуши, ҳаракатлари тўғрисида маълумот беринг. Болажонингиздан сўзлаганларингиз ҳақида сўраб олишни унутманг.

Яна ўқинг:  ЛАЗЗАТЛИ “ЭКЛЕР”

Диққатни жамлашга кўмаклашувчи машқлар

Болага қоғоз билан қалам беринг. Бирор бир расмни ярим дақиқа давомида кўрсатинг ва уни қоғозга тасвирлаб беришини сўранг. Бошланишида ундан оддий шакл (масалан квадрат)ни қора қаламда (бўямасдан) чизиб беришини сўранг. Кейинчалик бироз мураккаб бўлган суратлар (масалан, табиат тасвири)ни турли рангли қаламлар билан тасвирлашни сўранг. Бу ўйин диққатни жамлашга кўмак беради.

Болажон кун тартиби

Даставвал болага тўғри кун тартиби белгилаш керак. Бунда спорт муҳим ўрин тутади. Турли жисмоний машқлар унинг мияси ривожланиши ва хотирасининг мустаҳкамланиши учун алоҳида аҳамиятга эга. Уйқу давомийлиги (мактаб ёшидаги болалар учун кундалик 9 соат)га ҳам эътибор беринг. Кун давомида 5 маҳал овқатланиш жараёнини ташкил этиш, мия таранглигининг ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Бўтқалар, сут ва сут маҳсулотлари, ёнғоқ, ёғли балиқ, дуккакли маҳсулотлар, мевалар ва сабзавотлар болажон рационидан муҳим ўрин эгаллаши лозим.

Шуни унутмаслик керакки, хотира туғма истеъдод эмас, уни фақатгина машқлари орқали мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мумкин.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: