Бахмалдаги яшил кенгликлар

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида ўқув даргоҳимизда ташкил этилган «Ёш сайёҳлар» тўгараги аъзолари билан қўшни Бахмал тумани тоғлари, зиёратгоҳ жойларига саёҳат уюштиришни мақсад қилган эдик. Саёҳат олдидан ўқувчилар билан озиқ-овқат ва зарур анжомларни сафар халталарга жойлаштириб қўйдик.

Бахмал туманини тоғларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳудуддаги Туркистон ва Моргузар тизма тоғларини боғлаб турадиган ниҳоятда гўзал ва оромбахш маскан Новқанинг табиати бой ва хилма-хил, ўзига хос ўсимлик дунёсига эга. Кўп асрлик арча ва чинор дарахтлари умрбоқийлик рамзи ҳисобланади. Шохларини зўрға кўтариб турган олма, бодом, писта каби мевали дарахтлар киши эътиборини ўзига тортади. Бу масканда биргина олманинг 20 га яқин нави парвариш қилинади. Тоғларида кийикўт, ялпиз, наъматак каби доривор гиёҳлари мўл-кўл. Шунинг учун ҳам Бахмални қадимдан “Табиблар юрти” деб бежиз айтишмаган.

Биз сафар давомида Қонтомди дараси, тик ва осмонўпар қояларга боқиб, унинг улуғворлигига маҳлиё бўлдик. Юқоридан Тераклисой дарёсининг шовуллаши, анҳор ва жилғалардан муздек сувнинг шилдираб оқишини эшитиб, беихтиёр чарчоқни унутгандай ҳис этдик. Теварак-атроф гўзаллигини ҳис этиш учун эса ҳеч бўлмаганда булоқларини томоша қилсангиз кифоя.

Ёз – ўсиш, кўпайиш мавсуми. Бу вақтда яйловдаги ўт-ўланлар ранг-баранг тусга киради. Турфа гулзорларни кўриб кўзингиз қувнайди. Улар худди рассом чизган суратдек кишини ўзига ром этади. Пастлаб сузаётган булутлар бўлиниб зангори осмон кўзга ташланади. Майин эсиб турган салқин тоғ шамоли эса руҳиятимизга хушнудлик бағишлайди.

Куннинг иккинчи ярмида Новқанинг шарқий қисмида жойлашган Ўсмат ота мақбараси, Мўғол хонақаси ҳамда бир қанча масжид ва зиёратгоҳларда бўлдик. Иншоотлар бу ернинг ландшафтига узукка кўз қўйгандек мос тушган.

Ҳа, инсон ҳаёти табиат билан узвий боғлиқ. Уни асраб-авайлаш, бебаҳолигини ҳис этиш барчамизнинг бурчимиздир.

Г. ИШБЕКОВА,

Жиззах шаҳридаги 1-умумтаълим мактаб Ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Эркак ва аёлнинг физиологик фарқи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: