Ахборот эркинлиги бу қонунларга риоя қилмаслик дегани эмас

Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёрлар Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларида ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2014 йил май ойида қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини янада оширди.

Даврий нашрларнинг сони, матбаа сифати, материалларининг савияси, мазмун-моҳиятида содир бўлган ижобий ўзгаришларни инкор этмаган ҳолда, уларни ҳозирги кун талабига тўла жавоб берадими йўқми? Аҳолининг давр билан бирга ўсиб бораётган талаби, диди, маънавий эҳтиёжини тўла қондирадими? Миллий матбуот марказида босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолияти ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани шу каби саволларга жавоб берилди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1 минг 564 тани ташкил этади. Булар 694 газета, 330 журнал, 14 ахборотнома-бюллетень, 4 ахборот агентлиги, 68 телевидение, 37 радиостанция, 418 веб-сайтдир. Улар 7 тилда ва сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий, спорт каби 20 дан ортиқ йўналишда фаолият олиб бормоқда.

jurnalisttadbir

Агентликдан берилган маълумотларга кўра, қонунбузарлик ҳолатларига беписандлик билан қараётган нашрлардан бири “Oltin asr” журналидир. Ушбу журнал муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига риоя қилмаслик, ўзбек тили қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўйган нашрлардан бири. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги “Денов-АТР”, Бухоро вилоятидаги “Ғиждувон-ТВ”, Жиззах вилоятидаги “Жиззах ТВ2” телеканаллари, Андижон вилоятидаги “Дийдор ФМ” радиоканали, “Тараққиёт” телеканали соҳага оид қатор меъёрий ҳужжатларнинг тегишли моддаларини доимий равишда бузиб келган.

Қонунбузилишларга чек қўйиш мақсадида 2017 йилнинг ўтган етти ойи давомида агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларига 100 дан ортиқ, нашриёт ва матбаа корхоналарига 70 га яқин таъсир чоралари қўлланилди. Афсуски, қонунбузилишлар юзасидан таҳририятлар ва муассисларга нисбатан қўлланилаётган таъсир чораларидан тегишли хулоса чиқармаслик, уларга яратиб берилаётган имконият ва эркинликни суиистеъмол қилиш оқибатида кўплаб тақдимнома ва кўрсатмалар қоғозда қолиб кетмоқда, натижада таҳририятлар фаолиятидаги хато ва камчиликлар такрор содир этилиши аниқланмоқда.

Яна ўқинг:  ECA талқини:ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ КЛУБИ

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги маърузасида ҳам бугунги кунда енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радиостанциялар кўпайиб бораётгани кескин танқид қилинди, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев. – Бундан ҳар биримиз тегишли ва зарур хулосаларни чиқариб олишимиз шарт. Бугунги кунда юртимиз, халқимиз олдида оммавий ахборот воситаларининг шаъни ва қадрини, журналист, зиёли деган шарафли номни оқлаш, унга муносиб бўлиш ҳар бир ижодкорнинг юксак масъулияти ва виждон иши бўлмоғи лозим.

Шу боис соҳадаги камчилик ва салбий ҳолатларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, айрим таҳририятлар фаолиятида йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари фаолиятида аниқланган салбий ҳолатлар ҳақида ўз сайтида материаллар эълон қилиб, уларни келтириб чиқарган омилларни жиддий танқидий таҳлил этиб, бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар, амалий йўриқ ва кўрсатмалар бериб боришни йўлга қўйди. Келгусида агентликда ташкил этилажак махсус студия орқали онлайн тарзда ОАВнинг кунлик таҳлили натижаларини бериб бориш ҳам режалаштирилган.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: