Сепкил қаердан пайдо бўлади?
Сепкил – теридаги майда пигмент доғлар. У асосан юз, қўл панжаси, баъзан баданда пайдо бўлади. Сепкилнинг юзага келишига инсон терисидаги меланин бўёқ моддаси сабаб бўлади. У қизғиш ва сариқ сочли одамларда кўп учрайди. Сепкилнинг ранги қуёш ва иссиқликнинг таъсирига қараб буғдойрангдан тортиб тўқ қўнғир ранггача бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қуёш нури сепкил аломатларини кўпайтиради.
Сепкилнинг наслдан наслга ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Лекин унинг ривожланишига сабаб бўлувчи генлар ҳали аниқлангани йўқ.
Одатда сепкил болаларнинг 5–6 ёшлик пайтларида пайдо бўлади, 30 ёшдан кейин эса уларнинг миқдори камая бошлайди. Агар чақалоқ ултрабинафша нурларига ўта таъсирчан бўлса, 1-2 ёшлариданоқ унинг терисида яллиғловчи қизил доғлар пайдо бўлади ва кейинчалик сепкилга ўхшаш кўринишга келади. Бундай холатларда махсус муолажа олиш талаб этилади.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.