Озиқ-овқат маҳсулотларидан кучли заҳарланиш

Шундай касалликлар бўлади-ки, хасталикнинг кечиш белгилари унчалик эътиборни тортмасада лекин уларнинг оқибати ҳатто ўлимга олиб келади. Бунга мисол тариқасида ботулизм касаллигини мисол келтириш мумкин.

Ўлкамизга ҳадемай жазирама ёз келади. Бу – қувонарли ҳол, албатта. Бироқ, бу фаслнинг ўзига хос касалликлари бор. Улар ҳақида шифокорлар қанчалик куюниб ёзишса ҳам кўпчилигимиз: «Ҳа, дўхтирлар айтаверишади-да, «– деймиз.

Муддаони айтишдан олдин мен ўтган йили бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бермоқчиман.

Жазирама ёз. Хусусий кўчма дўкон пештахтасида консерваланган гўшт, балиқ, сельёд­ка ва шунга ўхшаш айни ёз чилласида ейилмайдиган маҳсулотлар турибди. Ўтиб кетаётиб бир консерва қутисининг қопқоғи кўтарилиб қолганига кўзим тушди.

«Қойил, сотувчи йигит бу консерва қутисини қўрқмай, пештахта устига қўйибди!» – деб ўйладим. Тўхтаб бу «довюрак» йигитнинг суҳбатини бир олай, дедим. Аммо ҳаммамиз ҳам ўз саломатлигимиз, балки атрофдагиларнинг ҳам саломатлигига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

– Мана бу консервангиз неча пул туради?

– Фалон сўм.

– Ука, биласизми, бу консерва истеъмолга яроқсиз. Яъни, унинг қопқоғи кўтарилиб турибди. Унинг еган одам заҳарланади ва ҳатто ўлиши мумкин, яъни ботулизм касаллигига чалинади, дедим.

– Мана бундай қилса, ҳеч нарса қилмайди, – дея йигит консерва банкасининг кўтарилиб қолган қопқоғини қўли билан босиб, савдогарлик «маҳоратини» кўрсатди.

– Энди буни сотасизми?

– Ҳа, сотаман.

– Буни еган одамнинг аҳволи нима бўлишини биласизми?

– Нима бўларди, ҳеч нарса бўлмайди.

– Ахир ўзингиз ботулизм касаллиги нималигини биламан, дедингиз-ку.

– Э, шу сўзни эшитганман, лекин рости, нима маъно беришини билмайман.

– Укажон, илтимос, шу консервани сотманг. Чунки, бир, балки, бир неча инсоннинг умрига зомин бўласиз дедим-да сотувчидан истеъмолга яроқсиз консервани пештахтадан олиб ташлашини талаб қилдим. У индамай талабимни бажарди.

Ўшанда кун роса қиздираётган эди. Одам бир дақиқа ҳам офтоб тафтида тургиси келмасди. Боз устига шошамиз. Шошиб-шошиб нималар қилиб қўйганимизни билмаймиз. Ўша кундаги воқеа кимнингдир ҳаётига якун ясаши мумкин эди.

Кутилмаган фожиалар бўлмаслиги учун киши жазирама кунларда баъзи нарсаларни ейишдан ўзини тийиши керак. Хусусан:

– музлатгичда сақланмаган ва қопқоғи герметик ёпиқлигига шубҳа уйғотган, шунингдек, сақланиш муддати ўтган консерваланган гўшт;

Яна ўқинг:  Руҳий тушкунлик вақтида ким ёрдамлашади?

– консерваланган балиқ;

– дудланган балиқ;

– сельёдка;

– кўчада пиширилган гўштли котлетлар;

– колбасалар;

– гўмма.

Чунки, мол ёки қўйнинг ички аъзоларидан тайёрланган қиймалар ҳам тез бузилади.

Ботулизм хасталигининг мудҳишлиги шунда-ки, у герметик ёпиқ идишда ҳам ривожланаверади. Кислород йўқ ерда ботулотоксин заҳар чиқаради. Бу заҳар эса вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, беморнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлади.

Ботулотоксин таёқчаси 5 соат қайнатилса ҳам йўқ бўлмайди. Одатда ботулотоксин таёқчаси маҳсулотларда пайдо бўлмаслиги учун консервалаш жараёнида сирка кислотасидан фойдаланишади. Бу ҳозирча саноатда қўлланиладиган энг мақбул усул. Сирка кислотасини солмай ёки санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибати ёмон ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Мана шундай шубҳали озиқ-овқатлар истеъмол қилинганда:

– Бемор ўзини лоҳас сезади;

– унинг кўнгли айнийди;

– кўриш қобилияти сусаяди.

Афсуски, қопқоғи кўтарилиб қолган консервани еган баъзи одамлар умуман ўзларининг соғлиғидан хавотирланмайдилар. Унинг сабаби турлича бўлиши мумкин, яъни:

– Кўтарилган консерва қопқоғи ичидаги маҳсулот кучли заҳарланишга олиб келишини билмаслик, яъни кишининг тиббий саводхонлигининг камлиги;

– билган тақдирда ҳам: «Бу ҳодиса мен билан содир бўлмайди,» – деб ўзига ишониш;

– «бор-йўғи қопқоғи кўтарилган ( муддати ўтган) консервани еб шунчалар касал бўлар эканманми?»– деб, шифокор ва шу каби инсонларнинг маслаҳатларига жиддий қарамаслик.

Шунингдек;

– Озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишда фаслларга эътибор бермаслик;

– ботулизмнинг нақадар хавфли экани ҳақида ахборотга эга бўлмаслик;

– бозор ва дўконларда ботулизм ва шу каби касалликлардан огоҳ этувчи плакатларни осиб қўймаслик;

– бозор ва дўконларда шундай касалликлар ҳақида ҳудудий радиоузелларда мунтазам шифокор чиқишларини ташкиллаштириш;

– бу чиқишларни ёзиб олиб, такрор-такрор харидорларга эшиттириш (ахир биз кунда соатига неча бор қандайдир матоҳнинг рекламасини ҳам тинглаймиз-ку, кимларнингдир ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлувчи суҳбатни кунда тингласак нима бўлибди!? Боз устига биз нарса харид қилгани кунда бозорга боравермаймиз-ку);

– радио ва телевидениеси орқали саломатлик ҳақидаги эшиттириш ва кўрсатувларда шундай хавфли касалликлар ҳақида доимо тўлиқ маълумотлар берилиши зарур;

– уларда шундай касалликлар хусусида роликларни ёз ойларида мунтазам бериб бориш шарт.

Яна ўқинг:  СОКИН ҲАЁТ ЗАВҚИ

Тиббиёт коллежлари ва институтлари талабалари ботулизм – озиқ-овқат маҳсулотларидан кучли заҳарланиш ва бу хасталикнинг хавфли асоратлари хусусида

– маърузалар тайёрлашлари;

– конкурслар эълон қилиниши;

– интернетда бу ҳақида кенг маълумот бериш (чунки, ёшларнинг аксарияти шу йўл билан маълумот олади).

Тан олиш керак-ки, телевидение ор­қали тиббиётга оид берилаётган кўрсатувларда турли хасталикларга доир тўлиқ маълумотлар берилмоқда. Бу кўрсатувлар омманинг тиббий саводхонлигини оширишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу таҳсинга лойиқ. Аммо шунга ўхшаш баъзи тиббий чиқишларда фуқароларнинг саволларига тўлиқ жавоб берилмайди. Баъзи жавобларда муддаога умуман етиб борилмайди. Жавобга яқин келмай, шифокорга мурожаат қилинг, дейилади. Тўғри, бемор шифокорга албатта мурожаат қилиши шарт. Лекин гап ҳали шифокор йўқ вақтида ёки у келгунига қадар нима ишлар қилиш ҳақида кетяпти! Шошилинч тиббий ёрдам шаҳарда (техниканинг бари соз бўлган тақдирда ҳам) 2-3 дақиқада етиб кела олмайди-ку. Шаҳарда «учиб» келолмаган тез тиббий ёрдам қишлоқ ва овулларга қанча вақтда етиб келишини кўпчилик тасаввур қилса керак. Бу қалтис ҳолатда инсон умрининг ҳисоби дақиқалар эмас, сониялар билан ўлчаниши мумкинлигини оммага тиббиёт ходимлари журналистлар билан ҳамкорликда етказмасалар ким етказади?

Шу сабабли барча билиши керак-ки:

– Заҳарланиш (ботулизм)га гумон қилинганида, авваламбор беморни дар­ҳол сунъий равишда қустириш зарур;

– вақтни ўтказмай ҳуқна (клизма) килиш;

– дарҳол «Тез тиббий ёрдам» чақириш керак.

Ботулизм касаллиги тасдиқланмаган ҳолда ҳам тавсия этилган бу чора-тадбирлар бемор соғлиги учун зарарли эмас. Аксинча, организмни ортиқча хилтлардан тозалашга ёрдам беради.

Агарда юқорида ёзилган муолажалар тезлик билан ўтказилса, ботулизм касаллигида бемор ҳаётини сақлаб қолишда асосий омиллардан бири бўлиши мумкин.

Истардикки, жойлардаги Давлат санитария – эпидемиология назорати маркази ходимлари эътиборларини биз кўтарган муаммога янада жиддийроқ қаратсалар. Зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари ҳам ёз ойларида эътиборини долзарб бўлган ушбу масалага қаратиб, тегишли ҳолларда сотилиши мутлақо мумкин бўлмаган, истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, муддати ўтган консерваларни сотувга қўйган сотувчилар қонун олдида жавоб бериши шарт. Демак, ушбу масалага жиддий ёндошиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ПНЕВМОКОКК ИНФЕКЦИЯСИГА ҚАРШИ ЯНГИ ВАКЦИНА

Инсонпарварлик деганда инсон саломатлигига зарар етказадиган ҳар қандай салбий ҳолатларга бефарқ қарамасликни ҳам тушуниш керак.

Мунира Зупарова,

Тошкент шаҳар Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: