Меҳр сарчашмасига уйғун ришта: илик тўқлигига нима сабаб?

Она сути гўдак организмининг соғлом ва дуркун ривожланиши учун энг мақбул озуқа ҳисобланади. Халқ орасида бундай гўдакларга нисбатан “она сутини эмиб, илиги тўқ ўсган бола” деган ибора қўлланилади. Чунки, кўкрак сути гўдак иммунитетини ҳам мустаҳкамлайди.

Унда барча микро ва макро элементлар мавжуд бўлиб, таркибида антитаначалар ҳам бор. Айниқса, туғруқдан сўнг дастлабки уч кун давомида ажралиб чиқадиган қуюқ, сарғиш оғиз сути чақалоқ вужудига эмлашдай таъсир этади. Она сутини тўйиб эмган миттивой сунъий сутли аралашмалар билан боқилган тенгдошига нисбатан яхши ривожланади. Унинг касалликларга чидамлилиги ошади. Сунъий сутли аралашмалар билан боқилаётган жажжи инсонни парвариш қилаётган ота-оналар эса санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишлари зарур. Сабаби арзимаган эътиборсизлик турли юқумли меъда-ичак тизими хасталикларига кенг йўл очади. Бу салбий ҳолат эса чақалоқнинг соғлиғига жиддий путур етказади. Оғир ҳолатларда эса ич кетиши ва қусиш ва тана ҳароратининг юқори бўлиши билан кечувчи диарея (ичкетар) мудҳиш якунланиши мумкин экан. Инсон организмининг асосий қисми сувдан иборат. Тананинг сувсизланиши эса моддалар алмашинувининг кескин бузилишига сабаб бўлади.

Таъкидлаш жоизки, она сутини кўпайтиришнинг энг тўғри йўли гўдакни эркин эмизишдир. Яъни туну кун давомида у ўзи хоҳлаган вақтда тўйиб эмиши шарт. Бир пайтлар собиқ Иттифоқ даврида оналар туғруқхоналарда гўдакларини уч кунлаб кўришмаган. Чақалоқларни эса турли оналардан соғиб олинган кўкрак сути билан боқишган. Яна болажонлар ҳар уч соатда қатъий режим остида эмизилган ҳамда эмизишлар орасида уларга кичкина шишачаларда қайнатилган сув берилган.

Ҳолбуки шифокорларнинг кузатишларига кўра, гўдак олти ойлик бўлгунича унга ҳеч қандай қўшимча овқат, ҳатто, сув бериш ҳам мумкин эмас экан.

Сабаби она сутининг ўзи чақалоқнинг чанқоғини ҳам қондиришга қодирлиги исботланган. Мустақилликдан сўнг эса бундай номақбул амалиётга чек қўйилди. Ҳозирда янги бўшанган она қорнига гўдак дарҳол ётқизилади. Миттивойнинг танаси она вужудига тегиб, унинг организмидаги микрофлора билан тўқнашади. Ўз навбатида бу ҳолат унинг атроф-муҳитга тез мослашишига замин яратади.

Яна бир қизиқарли далил. Одам организмидаги ҳар бир аъзо липосомалардан тузилган. У эса ҳужайра ва тўқималарнинг ривожланишига сабаб бўлади. Турли феъл-атворли оналарнинг соғилган кўкрак сутини эмган болаларнинг аҳволини бир тасаввур қилаверинг энди. Шунинг учун айтсалар керак “Сут билан кирган, жон билан чиқади” деб. Шу сабабли муқаддас Ислом динида кўкалдош (бир онанинг сутини эмишган) хоҳ қариндош, хоҳ бегона болаларнинг турмуш қуриши ман этилади. Зеро, улар бир-бирига туғишгандай ҳисобланар экан.

Яна ўқинг:  Хотирани мустаҳкамловчи машқлар

Эмизиш она учун ҳам фойдали

Она учун ҳам болани эмизиш фойдали. Чунки, бу жараёнда янги бўшанган аёлнинг бачадони қисқариб, асл ҳолига тезроқ қайтади. Она ва бола ўртасидаги руҳий боғлиқлик эмизиш сабабли янада мустаҳкамланади. Шунингдек, аёл организми эмизиб боқиш натижасида турли ўсма касалликларига чалинмас экан. Бунинг сабаби онанинг организмидаги ижобий гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ бўлса керак. Яна гўдакни мунтазам равишда камида икки йил давомида эмизиш онани исталмаган ҳомиладорликдан асрайди. Туғруқлар оралиғи уч ёшгача бўлса мақбул ҳисобланади, дейишмоқда мутахассис – шифокорлар. Зеро, бу вақт давомида она организми тикланади. Бола ҳам етарли даражада эътибор остида парваришланади.

Таомнома-шифо манбаи

Айниқса, чилла даврида она ва бола саломатлигини асраш муҳим. Чунки, янги туққан аёл тўйиб ухласа ҳамда сифатли ва тўғри овқатланса ва асабийлашмаса унинг сути етарли бўлади. Яна аёл иссиқ сут ва асалли чой ичиб, суюқ овқатлар ҳамда аталани кўпроқ истеъмол қилса, унинг сути кўпаяди. Арпабодиён уруғини чой ўрнида дамлаб ичиш ҳам она сути ажралиб чиқишини кучайтиради. Шунингдек, бу шифобахш ўсимлик ел ҳайдаш хусусиятига эга. Эмизикли она газ (метериозм) ҳосил қилувчи маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилиши керак. Бундай маҳсулотларга мош, ловия, соя, нўхат ва турли газли ва сунъий буёқли ичимликлар киради.

Чала қайнатилган уй товуғи тухуми тоза қон ҳосил қилади. Шундай товуқ гўштидан тайёрланган шўрва шифобахш таъсирга эга. Эмизикли она таомномасида кўпроқ сут ва сутли маҳсулотлар (қатиқ, творог, пишлоқ, тузи камроқ бринза, сузма бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки, бундай маҳсулотлар таркибида кальций кўп бўлади. Кальций моддаси эса чақалоқнинг суяк тизими ривожланишига ижобий таъсир этади. Аммо сутнинг фақат ўзини ичиш баъзан қоринни дам қилиб, ел пайдо қилиши мумкин. Унинг зарарини бартараф этиш учун унга қора чой ва оқланган (пўсти олинган) тариқ солиб, ширчой қилиб ичиш зарур. Яна сутга суви қочган нон тўғраб, асал ва куйдирилган сариёғ солиб ичиш ҳам унинг ел пайдо қилиш хусусиятининг олдини олади.

Боласини кўкрак сути билан эмизиб боқаётган аёл саримсоқпиёз, хом пиёз, қалампир, мурч, ерқалампир (хрен) илдизи, хантал, турли консервалар, маринадли, соусли, дудланган ва тузланган озиқ-овқат маҳсулотлари, шоколад, кофе, какао исътемол қилишдан тийилиши керак. Янги чиққан қовун-тарвуз, бодринг, ўрик ва узум ҳам миттивойнинг ичини бузади. Шунингдек, оналар зарарли иллатлардан холи бўлиши зарур.

Яна ўқинг:  Жазирамадан сақланиш сирлари

Агар она август-сентябрь ойларида фарзандини дунёга келтирса “ғарқ” пишган селитра ва ортиқча нитратлардан холи, ДСНМ назоратидан ўтказилгани ҳақида маълумотга эга тарвузни истеъмол қилиши мумкин. Чунки бу полиз экини ҳам она сутини кўпайтиради. Ёғсиз балиқ тури эса уй товуғи гўшти ва унинг тухуми каби оқсил манбаидир. Сабзи ҳам лактация (сут ажралиши)ни кучайтиради. Шивит уруғи, салат ўсимлиги, турп, қизил лавлаги, пиширилган пиёз, кун давомида икки литр суюқлик ичиш (бунга газсиз минерал сув, мева ва сабзи шарбати, қуруқ мевалар (олма, олхўри, наъматак, ошмайиз)дан тайёрланган компотни иссиқ ҳолда эмизишдан ярим соат олдин ичиш ҳам она сутини кўпайтиради. Занжабил, зира дамламаси, кўк чойга сут аралаштириб ичиш ҳам кўкрак сутининг кўп ажралишини яхши таъминлайди. Қора қорағат (смородина) шарбати эса шифобахш ва фойдалидир ҳамда она сутини кўпайтиради.

Чилла яра (диатез) хасталиги мавжуд гўдаги бор оналарга қизил рангли мева-сабзавотлар ва асал, ёғли мол, қўй, эчки, от гўшти истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Ҳатто, сигир сути ва балиқ, тухум ҳам улар учун аллерген ҳисобланади. Бундай ҳолатда эмизикли она фақат эчки сутини ичиши зарур. Тухумни қовуриб эмас, балки кам ҳолларда чала қайнатиб ейиши мумкин. Бедана тухуми эса аллергия келтириб чиқармайди. Аммо уни хом истеъмол қилган фойдалироқдир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: