Бола ҳамиша рост гапирадими?

Бир куни йўлда дугонамни учратиб қолдим. У “ҳўнг-ҳўнг” йиғларди. Уни ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрманганим учун хавотирланиб сўрадим.

– Тинчликми, нима бўлди?

Дугонам йиғидан ўзини тўхтата олмасди. Беихтиёр уни бағримга босиб, далда бўлдим. У эса “ойим-ойим…” – деб дудуқланарди.

Азбаройи хаёлимга келган нарсадан баттар даҳшатга тушдим. Наҳотки онаси…

– Мундоқ тушунтириб гапирсангчи? – дедим охири сабрим тугаб. – Нима гап ахир?

– Ойим энди университетга ўқишга бормайсан, деяпти.

Дугонамнинг бу хитобидан яна таажжубим ошди.

– Укам Вали ота-онамга мени бир бойвачча йигит билан юради, ҳар куни машинасига ўтириб, қаёққадир кетади, дебди. “Ёлғон десам”, “Бола ёлғон гапирмайди” – деди. Шунга…

Дугонамнинг аҳволи энди менга аён эди. Шартта қўлидан тутиб, уйига бошладим. Чунки, унинг оиласини жуда яхши биламан. Зиёли, ибратли оила. У нафақат курсимизда, балки университетда ҳам одоб-ахлоқи билан барчага намуна. Шундай экан, бундай бўлиши мумкин эмас. Шу хаёлда дугонамнинг уйига келдик. Дарвозани укаси Вали очди.

– Нега ундай қилдинг? – дедим жаҳлимни босолмай.

Вали бир менга, бир дугонамга қараб олдида, “Компьютер ўйнашга бораман, пул беринг, десам бермайди” – деди зарда билан.

Шунда икки дугона бир-биримизга қараб қолдик. Мен Валининг қулоғидан тутдим.

– Ёлғон гапиришга уялмайсанми? Опанг ҳали талаба. Унда пул қаердан бўлсин? Шошмайтур, кечқурун тоғангга айтмасамми сени.

Вали кенжатой бўлгани учунми, оилада ота-онасининг эркатойи. У фақатгина тоғасидан ҳайиқади. Шунинг учун дарров дугонамнинг этагига ёпишди.

– Жон опажон, кечиринг. Энди бошқа ёлғон гапирмайман. Фақат дугонангиз тоғамга айтмасин.

Шундан буён ўйлайман. Хақиқатдан ҳам дугонамнинг онаси айтганидек, “Бола ҳеч қачон ёлғон гапирмайдими?”. Айниқса, бугунинг боласи?

Вали уяли телефон, компьютер қаршисида улғаяётган бола. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, унинг ўйламай айтган ёлғон гапи бир беғубор қизнинг, энг ачинарлиси, меҳрибон опасининг ҳаётини зулматга айлантиришига бир бахя қолди. Яхшиямки, ёлғон фош бўлди, Вали қилган ишидан пушаймон.

Азиз муштарий, бу воқеага сиз нима дейсиз? “Бола ёлғон гапирмайди”, деган иборага муносабатингиз қандай?

Севара МУСУРМОНОВА

Яна ўқинг:  ОБОД ЮРТДА ОСУДА ҲАЁТ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: