Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас

Рўзимурод Германияда даволаниб қайтди

Кўчада ўз хаёлларинг билан банд кетаётганингда биров сендан манзилига қандай етиб олишни сўрайди. Тўғри ва яқин йўлни кўрсатиб юборасан… Беихтиёр дилинг ёришади, табассум қиласан…

Рўзимуроднинг дадаси Раҳматилла ака билан шу йўсинда танишганман. Пойтахтга келаётиб йўловчи машинада ҳамроҳ бўлганмиз. Қўллари меҳнатдан қабарган, юзи офтобдан қорайган содда ва самимий қишлоқ одами.

Олис йўл… Елдек учиб бораётган машина… Бепоён кенгликлар, қир-адирлар… Ҳар тасвирга хаёлларимни муҳрлаб бораяпман. Бошқа йўловчиларнинг эса суҳбати авж паллага чиққанда баланд кулгу кўтарилар, ўша кезда хаёлим бўлинар, уларга бир назар ташлаб қўяр эдим. Ёнимда ўтирган Раҳматилла ака эса бундан хижолат тортиб, “узр, ҳамроҳ” деб қўяр эди. Бу ҳол икки-уч бора такрорланди. Раҳматилла аканинг тоқати тоқ бўлди чоғи, мени суҳбатга қўшишга жазм қилди.

– Сизга халал бермаяпмизми, дўстим, — жилмайиб сўз бошлади Раҳматилла ака, – йўлда суҳбат билан овунасан-да, бўлмаса, манзилга қачон етарканман деб тоқатинг тоқ бўлади.

– Ҳечқиси йўқ, суҳбатингизни тинглаб кетаяпман, – уларни ўнғайсиз ҳолатга қўйдим, деган ўй кечди кўнглимдан.

– Иш пойтахтдами?…

Йўлда ҳамроҳлар билан илк суҳбат ҳамиша шу саволдан бошланади.

– Ҳ-а-а, ўқишни тамомлаб ишни ўша ерда бошлаганман. – дедим тушунарли бўлиши учун ва кейинги саволни бермасдан туриб жавоб беришга чоғландим. – Журналистман, “Соғлом авлод” газетасида ишлайман.

Раҳматилла аканинг чеҳраси ёришиб кетди.

– Ҳалиги, жамғарма… – шошиб қолди у. Фикрини илғаб гапни ўзим давом эттирдим.

– Ҳа, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси газетамизнинг муассисларидан бири.

Машинада энди ҳамма бизнинг суҳбатимизни тинглашга ўтди. Раҳматилла ака гоҳ шошиб, гоҳ хижолатомуз ана шу жамғармага бориши зарурлигини айтди:

– “Соғлом авлод учун” жамғармаси орқали ногирон болалар Германияда даволаниб келаётган экан, телевизор орқали кўриб тураман. Аммо бу борада кимга учрашишимни, кимдан маслаҳат олишни билмай юргандим, – Раҳматилла ака оғир хўрсиниб сўзида давом этди. Чеҳрасидаги ойдинликни энди ғусса боса бошлади. – Рўзимурод деган ўғлим бор, болалигида бепарволик қилиб қўлини куйдириб олганмиз. Уй-жой солиб ота-онадан алоҳида рўзғор қурган кезларимиз. Ўшанда Рўзимурод тўққиз ойлик норасида эди. Бола-да, эмаклаб бориб чўғ бўлиб турган электр плитага қўлини босибди. Бир қўли қаттиқ куйиб жароҳат олди. Панжаси эриб муштга айланди. У кунларни эсласам, қўрқувга тушаман, одамнинг жони тош экан, болам омон қолди. Бироқ, бир қўли ногирон. Ҳар гал унга кўзим тушса этим увишади. Онаси иккимиз ўзимизни айбдор санаймиз.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2012-43)

Машинада бир муддат жимлик чўкди. Ҳамманинг қалбида ачиниш ҳисси пайдо бўлди. Раҳматилла ака машина ойнасидан атрофга узоқ тикилиб қолди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди. Шу суҳбатдан сўнг унга йўл-йўриқ кўрсатдим, жамғарманинг фидойи ходимлари билан телефон орқали боғлаб бердим. Рўзимурод тиббий кўрик жараёнларида қатнашди. Германиялик мутахассислар унинг жароҳатларини узоқ ўрганди.

Бир куни қишлоқ врачлик пункти мудираси уларнинг дарвозасини қоқиб, хушхабар олиб борибди. Ишхонада ўтирсам, Раҳматилла ака сим қоқди:

– Алло… Рўзимурод Германияда даволанадиган бўлди…

Унинг сўзларида чексиз қувонч акс этиб турарди…

Рўзимурод Германияга учадиган куни эса дадаси аэропортдан хомуш оҳангда қўнғироқ қилиб, самолётни кузатиб турганини, унинг ҳавога кўтарилганини овозлари титраб сўзлади. Кейин йиғлаб юборди… Ўша куни қаттиқ гапирдим.

– Раҳматилла ака, йигит киши ҳам йиғлайдими, янганинг ёнида ҳам ўзингизни шундай тутсангиз…, – қолган гапларим бўғзимда қолди, ўзимнинг ҳам кўзим тўлиб ёш келди. Ноилож суҳбатни узиб, телефонни ўчириб қўйдим.

…Орадан олти ой ўтди. Улуғ айём — Рамазон Ҳайити куни қўл телефоним безовта жиринглади. Шошиб қўлимга олдим. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташкилий-услубий бўлим бошлиғи Фирдавс ака Холиқов экан.

– Айём муборак, байрамни яхши кутиб олаяпсизми? – юқори кайфиятда сўз очди, — биз аэропортдамиз, Германиядан бир гуруҳ болалар даволаниб қайтишди, жамоа билан кутиб олдик.

– Байрам кунлариям савобни этагидан тутиб юрасизлар, яхшилик яхши-да, айниқса, қутлуғ айём кунларида…

– Яккабоғлик Рўзимурод деган йигитча бор, ота-онаси бехабар қолибдими, кутиб олишга чиқмабди, сизга тумандош экан яқинлари билан боғланиб, кузатиб юборинг. Бироздан сўнг уйингизга олиб бораман.

…Рўзимуроднинг яқинларини топгунимизга қадар, у бир кеча уйимизда меҳмон бўлди. Кетаётганида тортинчоқ ўн уч ёшли қишлоқ боласи, энди тамомила ўзгарган, фикрини бурро-бурро баён эта олади.

– Қалай, Рўзимурод, Германия қанақа жойлар экан? – суҳбатга тортаман уни.

– Яхши жой, чиройли, – сўзини давом эттира туриб ўрнидан қўзғалди. – фотосуратларим бор, ўзингиз кўрасиз…

Альбомларини бир-бир варақлаб чиқдим. У ҳам ёнимга келиб, энгашиб, суратларга изоҳ бериб турди.

– …Бу Какаши – япониялик, тарбиячимиз, жудаям ҳазилкаш… Бу Кихстон хола – жудаям меҳрибон… Бу Абдулсамат афғонистонлик дўстим… Бу орол – атрофи сув билан ўралган… Бу анголалик дўстларимиз қўшиқ айтаяпти…

Яна ўқинг:  Фаол ёшлар анжумани

Фотосуратларда Рўзимуроднинг ўзи, дўстлари, даволаган шифокорлари, тарбиячилари билан бирга табиат манзаралари, ҳайвонот боғлари, сокин дарё, осма кўприклар акс этган.

– Ҳа-а, мазза қилиб айланибсан, шу ёшингда сен ҳам дунё кўрдинг, – дедим альбомни ёпарканман унга далда бериб.

– Шундайку-я, – деди “айтсамми, айтмасамми”, деган қараш билан кўзларимга боқаркан, – биз у ерда туғилмаганмизда, кўниколмадим…

Ундан бу гапларни кутмаганим учун ҳайрон бўлдим…

– Нима учун?

– Ака, ўзимизнинг юртимиз бошқача. Сувимиз бошқача, дарахтларимиз бошқача, ўт-ўланларимиз бошқача, овқатимиз, нонимиз бошқача… – Ўзининг қарашлари билан изоҳлади. Ҳамма нотаниш нарсалари ҳақида гапирди. – Саёҳатга чиқсак ҳам қизиқиб томоша қиламан-да кейин соғинаман.

– Кимни соғинасан? – дейман унинг суҳбатидан ҳайратланиб.

– Оиламни, юртимни…

Бу гапларни шундай қатъий оҳангда айтдики, баданим жимирлаб кетди.

Кейин яна гапида давом этди:

– Дўхтирлари, тарбиячилари жуда меҳрибон. Жарроҳлик столида ётганимни билмайман. Ҳеч жойим оғримадиям… Яхши қарашди, аҳволимизни сўрашади, сўрайверишади… Немисчани ўргандим, операциялар оралиғида дам олаётган пайтларимда тўгаракларга қатнадим. Pialiдан нарсалар ясадик.

Тушунмаган жойларимда гапини бўламан.

– Нима у piali?

– Цилиндрга ўхшаган мунчоқлар, – гапида давом этади у, – қайишга ўхшаб тизиб чиқамиз. Ана шунда мен биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг байроғини ясаганман. Тарбиячимиз ҳаммага мақтаб кўрсатганди, кейин бошқа давлатлардан келган болаларга ҳам ўзлари туғилиб ўсган юртларининг байроғини ясашни вазифа қилиб топширганди. Анголалик, афғонистонлик, грузиялик, арманистонлик болалар ҳамма-ҳаммаси байроқ ясашга киришган. Улар менинг дўстларим, хайрлашаётганда бошқача бўлиб кетдим.

– Йиғладингми?

– Йўқ, лекин ҳозир аямними, дадамними кўрсам, йиғлаворсам керак, – уялиб, ерга қарайди йигитча.

Ўша куни туни билан Рўзимуроднинг кўзига уйқу келмади. Фақат тонгга яқин қаттиқ ухлаб қолди. У қўл телефонимнинг овозидан уйғонди-ю, сапчиб ўрнидан турди. Дадаси Раҳматилла ака экан. Телефонда узоқ суҳбатлашдик. У Рўзимуроднинг келишидан бехабар эканини, ҳозирда иш билан бошқа жойдалигини ўғлини амакиси олиб кетишини айтди. Ўзи ўғлини кутиб ололмаганидан афсусда эканини таъкидлаб, ҳаммага бирма-бир миннатдорлик билдирди. Сўзининг охирида ўзининг содда шевасида “Давлатимизга раҳмат, Президентимизга раҳмат, шундай жамғармаларни очиб, биздай чорасиз қолган одамларга ғамхўрлик қилаётгани учун”, деб қўшиб қўйди.

Яна ўқинг:  Спортчиларимиз ёруғ юз билан қайтди

Бироздан сўнг эшик қўнғироғи жиринглади. Мендан аввал Рўзимурод энтикиб югурди. Раҳматилла аканинг укаси Комилжон ака кириб келди…

Боланинг ҳис-ҳаяжонларини кузатиб, суҳбатини тинглаб, беихтиёр халқимизнинг бир маталини эсладим: “Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас”.

Фахриддин Ҳайитов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: