Истиқболли ислоҳотлар

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Соғлом авлодни тарбиялаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги устувор вазифалар ва истиқболдаги режалар» мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида юртимизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғ­лиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг 1998 йилдаги Фармони билан Ўзбекис­тонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий моделини шакллантириш, соҳага доир юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига жаҳон талабалари даражасида малакали хизмат кўрсатишдан иборат бўлди.

Чиндан ҳам бугун юртимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий даволаш муассасаларининг мукаммал тизими яратилди. Қолаверса, ўтган йиллар мобайнида «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини ўзида мужассам этган дас­тур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида — скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий марказлари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган кенг қамровли ишлар туфайли мус­тақиллик йилларида мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими 3 баравар камайди. Бундай кўрсаткич бўйича бугун Ўзбекистон нафақат МДҲ, балки дунёдаги етакчи мамлакатлар сафидан жой олди.

Маълумотларга қараганда, агар 2005 йилда юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу рақам 63 фоиздан ошди. Дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич 70-72 фоизни ташкил этишини инобатга олсак, унда мамлакатимиз бу масала бўйича ҳам қанчалик юксак ўсиш суъратларига эришаётганлигига яққол амин бўламиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистонда жаҳон тажрибасига асосланган Миллий эмлаш календари қабул қилинди. Бу жараён ҳар йили болаларнинг деярли 99 фоизини асосий юқумли касалликларга қарши эмлашни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам ушбу касалликларнинг аксарияти мамлакатимизда кўп йиллар давомида қайд қилинмаётир.

Яна ўқинг:  “Яшил ҳафталик-2017”: ўзбекистонлик экспортчилар кўргазманинг илк кунларида 10 миллион долларлик шартномалар имзолашди

Шу ўринда республика миқёсида ҳар ойда ўтказиладиган туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталикларини мунтазам ташкил этилаётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Г.ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: