Подагра қандай касаллик? Унинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

Ушбу хасталик беморларда қайталанувчи ўткир артрит ва подагрик тугун (шиш)лар – тофуслар ҳосил бўлиши билан кечади. Бўғимлар зарарланиши билан бирга буйракларнинг шикастланиши ҳам подагранинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

Подагра (грекча сўздан олинган бўлиб “оёқ қопқони” деган маънони билдиради) – метаболизм (моддалар алмашинуви)нинг бузилиши натижасида юзага келадиган касаллик бўлиб, организмнинг турли тўқималарига натрий моноурати кўринишида урат тузлари ва сийдик кислотаси кристаллари тўпланиши билан тавсифланади. Ушбу хасталик асосида организмда пешоб кислотасининг йиғилиши ва унинг буйраклар орқали чиқарилишининг бузилиши ётади. Бу ҳолат қонда шу кислотанинг кўпайиши (гиперурикемия)га олиб келади.

Бу дард кўпроқ эркакларда учрайди. Лекин охирги вақтларда ушбу хасталик аёллар ўртасида ҳам тез-тез учраб турибди. Катта ёшли аҳоли ўртасида касаллик кўп аниқланади.

Тарихий маълумотларга назар солинса, подагранинг анча қадимдан маълумлиги кўринади. Касаллик хақидаги энг дастлабки ҳужжатлар Миср давлатида эрамиздан аввалги 2600 йилда қайд этилган. Улар оёқ панжасидаги катта бармоқдаги артритнинг таърифланишига асосланади. Юнон шифокори Гиппократ эрамиздан аввалги V асрда ўзининг “Афоризмлар”ида касаллик аёлларда менопауза (климакс)гача учрамаслигини айтиб ўтган. 1679 йилда голланд олими Антони Ван Левенгук биринчи маротаба пешоб кислотаси кристалларини микроскопик тузилишини таърифлаб берган. 1899 йилда подагрик артрит хуружида бўғим суюқлигида урат кристаллари аниқланган. Ўрта асрда ва XX асргача асосан подагра билан бой ва таниқли шахслар касалланган. Шунинг учун подагра дарди “аристократлар хасталиги” деб аталган. Касаллик ортиқча тана вазни, кўп овқат истеъмол қилиш (асосан гўшт маҳсулотлари), алкоголь суистеъмоли билан боғлиқ деб саналган.

Менопаузагача аёллар подагра билан камдан кам ҳолатларда касалланади. Эҳтимол бу эстрогенларнинг пешоб кислотасига ижобий таъсири оқибатидир. Ўсмирлар ва ёшларда подагрик ўткир хуруж жуда кам ҳолларда учрайди. Одатда бу ҳолат сийдик кислотаси синтезининг бирламчи (туғма) ва иккиламчи нуқсонидан келиб чиқади.

Касалликнинг ривожланишидаги хавф омиллари

Подагранинг келиб чиқиши ва ривожланишига таъсир қилувчи бир қатор салбий омиллар мавжуд: Ушбу хавф омилларига артериал гипертония, гиперлипидемия каби касалликлар киради. Шунингдек, организмга кўп миқдорда пурин асосларининг тушиши, масалан, кўп миқдорда қизил гўшт истеъмол қилиш, балиқнинг баъзи хиллари, кофе, какао, чой, шоколад, нўхат, алкоголь айниқса, ўзида пешоб кислотасининг дастлабки маҳсулоти бўлган гуанозин ва ксантин моддасини сақловчи ичимлик – пиво ичиш ҳам сабаб бўлади. Пурин нуклеотидлари катаболизмининг ортиши масалан, ўсмага қарши даволаш муолажаларида аутоиммун касалликларидаги кучли апоптозда ҳам кузатилади. Яна сийдик кислотасининг пешоб билан ажралишининг сусайиши яъни, буйрак етишмовчилигида ҳам беморнинг аҳволи танг бўлади. Пешоб кислотасининг организмдан чиқарилиши пасайиши билан бир вақтда унинг қайта ишлаб чиқарилиши, масалан синтезининг ортиши (алкоголь суистеъмоли, шок ҳолатларида) хаста анча безовта бўлади. Бу хасталикка наслий мойиллик бўлиши эҳтимоли ҳам юқори.

Яна ўқинг:  Тузни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш юрак етишмовчилигига олиб келади

Дарднинг кечиш жараёни – патогенези

Касаллик патогенези асосида қонда пешоб кислотасининг ортиши ётади. Лекин бу белги гиперурикемия ва бошқа касалликларда ҳам учрайди. Қон касалликлари, ўсмалар, буйрак касалликлари, ҳаддан зиёд жисмоний зўриқиш, ёғли овқатларни истеъмол қилишда ҳам сийдик кислотаси қонда кўпайиб кетади.

Подагранинг келиб чиқишида учта асосий элемент мавжуд:

Пешоб кислотаси бирикмаларининг организмда тўпланиши ва ушбу бирикмаларнинг аъзо ва тўқималарда йиғилиши туфайли дард ривожланади.

Зарарланган соҳаларда ўткир яллиғланиш хуружлари, асосан бўғимлар атрофида подагрик тугунчалар ва тофуслар ҳосил бўлиши кузатилади.

Ушбу хасталикнинг тўлиқ ривожланиши тўрт босқичдан иборат:

Белгисиз гиперурикемия, ўткир подагрик артрит ва хуружлар орасидаги давр ҳамда бўғимларда сурункали моддалар алмашинуви жараёнларининг бузилиши сабабли зарарли хилтларнинг йиғилиши.

Нефролитиаз биринчидан бошқа ҳар қайси босқичда ривожланиши мумкин. Қонда ва пешобда сийдик кислотасининг зичлиги доимий равишда ортиб боради. Беморда бўғимларда кучли оғриқ ва ҳарорат кўтарилиши билан кечувчи моноартрит (битта бўғимнинг оғриши) кўринишидаги яллиғланиш, нефросклероз ва буйрак етишмовчилиги билан якунланувчи уролитиаз ва қайталанувчи пиелонефритлар кузатилади.

Ташхис қўйиш

Бўғимларнинг синовиал бўшлиғидаги суюқликда сийдик кислотаси кристаллари ва тўқималарда урат тузларининг йиғилишини лабораторияда биокимёвий таҳлил ва микроскопик усул ёрдамида аниқлаш мумкин.

Иккита ва ундан кўп диагностик кўрсаткични аниқлаш беморда подагра ташхисини қўйишга асос бўлади.

Ушбу касаллик тарихининг баёнида беморда икки маротаба оёқ бўғимларида шиш ва кучли оғриқ хуружи кузатилган бўлиши керак. Хуружлар дарднинг эрта босқичларида тўсатдан кучли оғриқ билан бошланади ва 1-2 ҳафта ичида тўлиқ клиник соғайиш рўй беради. Подагрик хуруж оёқнинг бош бармоғидаги яллиғланиш билан юзага келади. Унда клиник жиҳатдан исботланган тофус (шиш)лар кузатилади.

Беморнинг касаллик тарихида хасталикнинг аниқ белгиларининг кўрсатилиши унинг организмида колхицин дори воситасига нисбатан тез жавоб реакцияси бўлиши, яъни даво муолажалари бошлангандан сўнг 48 соат ичида яллиғланиш белгиларининг камайиши кузатилади. Рентген текшируви ташхиснинг мажбурий усуллар рўйхатига киритилмаган. Лекин ушбу текшириш усули тўқималарда тофуслар йиғилиши ва қайта-қайта яллиғланиш оқибатида суяк тўқималарининг зарарланишини кўрсатиши мумкин. Рентген текширув усули сурункали подагранинг бўғимларга қанчалик салбий таъсир этишини назорат қилишга ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Сифат ва хавфсизлик – инсон саломатлиги омили

Гиперурикемияни (қонда сийдик кислотаси миқдорининг ошиб кетиши) аниқлашнинг ўзи подагра ташхисини қўйиш учун етарли эмас. Чунки, қонида бор-йўғи 10 фоиз гиперурикемия аниқланган беморлар подагра билан оғрийди.

Даволаш

Биринчи маротаба подагра хасталиги аниқланган беморлар вилоят ва шаҳар клиник шифохоналарининг ихтисослаштирилган ревматологик бўлимларида даволанишлари зарур. Хасталик қўзғалмаган (ремиссия) даврида беморларга даво муолажалари буюрилиб, улар яшаш жойи бўйича маҳаллий поликлиникаларда ревматолог ва нефролог назоратида бўлишлари шарт.

Парҳез

Беморнинг тезда оёққа туришида парҳезнинг ҳам аҳамияти катта. Ушбу тавсиялар асосан пурин моддаси ва алкоголь истеъмолини чегаралашга қаратилган. Пуринни юқори миқдорда сақловчи гўшт ва балиқ, какао, кофе, чой каби маҳсулотлардир. Охирги маълумотларга кўра тана вазни углеводлар ва калорияли овқатлар истеъмолини чегаралаш ҳамда ўсимлик оқсили ва тўйинмаган ёғларни истеъмол қилишни кўпайтириш билан қонда ортиқча холестерин ва сийдик кислотаси зичлигини камайтириш мумкин.

Подагра хуружининг олдини олиш чоралари

Иложи борича касалланган бўғимни зўриқтирмаслик лозим. Вақти-вақти билан уни кўтарилган ҳолатда ушлаб туриб, 15-20 дақиқадан кунига 2-3 маротаба бўғим устига оғриқ пасайгунча муз қўйиш зарур. Аспиринни суистеъмол қилиб бўлмайди. Чунки, у сийдик кислотасининг қондаги миқдорини кўпайтириши ва касаллик белгиларини кучайтириши мумкин. Доимий равишда қонда пешоб кислотаси миқдорини ўлчаб туриш лозим. Ҳар куни ярим соатдан кўпроқ жисмоний тарбия билан шуғулланиш керак. Очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш, велосипедда юриш, рақс тушиш, сузиш керак. Эрталабки бадантарбия ҳам муҳим ўрин тутади. Спорт билан шуғулланиш бемор учун ҳар қандай дори воситасидан фойдалироқ ва кўпроқ самара беради.

Кунига 2 литрдан кам бўлмаган тоза сув ичиш керак. Буйраклар сийдик кислотасини қондан ювиб чиқариши учун бемор ҳар қандай суюқлик (кофе, чой, шарбат) эмас, айнан тоза сув ичиши керак. Организм етарли тоза сув билан таъминланмаса ҳатто, соғлом буйраклар ҳам қонни хилтлардан тозалай олмайди.

Қонда минераллар миқдорини аниқлаб, зарур бўлганда беморнинг таомномасига витамин ва минераллар комплекси қўшилади. Айниқса, подаграда организмга С витамини зарур бўлади. Бензоат натрий сақловчи газли ичимликлар, кукунли мева шарбатлари, алгкоголь ичишни беморга ман этиш керак.

Овқат рационини мева ва сабзавотлар ва турли ёрма донли маҳсулотлар билан бойитиш лозим. Хаста кишилар ҳайвон оқсили истеъмол қилишни кунига 120 грамдан оширмасликлари шарт. Яна уларга ярим тайёр маҳсулотлар ва ёғли колбаса маҳсулотларини тановул этиш тавсия этилмайди.

Яна ўқинг:  Тошкент тақдиримизда

Нозима ЮСУПОВА,

Абу Али ибн Сино номидаги 1–Республика клиник

шифохонасининг “Кардиоревматология” бўлими шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: