Қўлини тийганнинг мижжалари соғлом

говмижжанинг олдини олиш ва оқибатлари хусусида

Баъзан кўз қовоқларида говмижжа пайдо бўлади. Бу хасталик битта ёки бир неча киприкларнинг илдизида жойлашган фоликуллаларнинг инфекция тушиши натижасида яллиғланиши сабабли юзага келади. Қовоқлардаги бу йирингли “дўмбоқча”, унинг жойлашишига қараб ички ва ташқи говмижжа кўринишида бўлади.

Агар бола кир қўллари билан кўзини тез-тез ишқаласа, кўз соҳасига бактериялар тушиши сабабли хасталик ривожланади. Айниқса, иммунитети (инсоннинг касалликка қарши чидамлилиги) паст болакайларда кўп ҳолатларда тилларанг стафилококк қўзғатувчиси сабабли говмижжа юзага келади. Бемор гўдак организмида А, С ва В гуруҳи витаминлари етишмаса кўз соҳасида пайдо бўлган дард ота-оналарни огоҳлантиради, десак муболаға бўлмайди. Қачонки, вужуд қўрғони ҳимояси сусайса, унга қарши бўлган турли касалликлар “бош” кўтаради. Бунга сабаб бемор бола танасида мавжуд меъда-ичак тизими хасталиклари, гижжалар, турли сурункали дардлар ва қандли диабет бўлиши мумкин. Моддалар алмашинувининг бузилиши, авитаминоз (витаминлар танқислиги), камқонлик, дармонсизлик, совуққотиш, грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар туфайли иммунитетнинг сусайиши, шахсий гигиенага амал қилмаслик(кир қўллар билан кўзни ишқалаш) ҳам говмижжа чиқишига сабаб бўлади. Дастлаб қовоқнинг нуқтадек жойи қизариб, шишади ва оғрийди. Орадан 2-3 кун ўтгач, ўша соҳа катталашиб, йирингли “дўмбоқча” юмшайди ва ёрилади. Йиринг чиққач, оғриқ босилади. Ва яра бита бошлайди.

Беморнинг кўп ҳолларда битта қовоғида, баъзан эса ҳар иккаласига ҳам говмижжа чиқиши мумкин. Дардманд инсон қовоғининг қичиши, ундаги санчувчи оғриқ ва кўз соҳасининг шишиб кетиши оғриқ, кўз ёшланиши ҳамда қизариши, бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилишидан шикоят қилади. Баъзи одамларда болалигида бир-икки марта говмижжа чиқади, холос. Айримларида эса бу ҳолат бир неча маротаба такрорланиб, беморларни бироз ҳолдан тойдириши мумкин. Айниқса, мактабгача таълим ёшидаги ва ўтиш даври(ўсмирлик чоғи)да иммун фаолияти суст болаларда хасталик кўп кузатилади.

Касаллик қандай юзага келади?

Бу дарднинг пайдо бўлишига асосан стофилококли инфекция сабабчидир. Одатда тери юзаси ва бурун бўшлиғида яшовчи безарар бактерия иммунитет пасайиши билан стофилококли инфекция манбаига айланади. Бактерия организмнинг ҳимоя кучлари заифлашганини сезгани заҳотиёқ терида ёки қовоқларда пайдо бўлган кичкина “тирқиш”дан кириб, инфекция чақиради.

Яна ўқинг:  Агар кўзингизда катаракта бошланса…

Блефарит – кўз қовоқларининг яллиғланиши ҳам говмижжа пайдо бўлиши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Ташқи говмижжа

Говмижжанинг бу тури энг кўп тарқалган. Хасталик ўткир (тўсатдан) бошланади. Қовоқ чети териси остидаги ёғ безларининг йирингли яллиғланиши – ташқи говмижжа дейилади.

Ички говмижжа

Мейболий безлари йўлларининг яллиғланиши ички говмижжа ҳисобланади. Бу безлар қовоқларнинг ички юзасидаги соҳада ўртада, яъни, киприклар асосида жойлашган. Улар ҳар бир қовоқда 50-70 тани ташкил этади. Ушбу безлар кўз намлигини асрайди. Агар улар тиқилиб қолса ва ички говмижжа ўз вақтида даволанмаса халазион ривожланишига сабаб бўлади. Бу кўз хасталиги сурункали бўлиб, қовоқларнинг тоғай қисмидаги мейбом безларининг яллиғланиши ҳисобланади. Ички говмижжа секин ривожланади ва ташқисига нисбатан кучли оғриқ беради.

ДИҚҚАТ!

Умуман олганда говмижжани ҳар қандай ҳолатда сиқиш мумкин эмас. Бу оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Яъни, кўз флегмонаси ёки мия ички қавати пардасининг яллиғланиши-менингитга сабаб бўлади. Шунингдек, беморнинг оғриқли кўз соҳасига иссиқ нарса тутиш ҳам таъқиқланади. Чунки, иссиқ муолажа натижасида кўз соҳасидаги қон томирлар кенгайиб, яллиғланиш жараёни (йиринг) юздаги бошқа тўқималарга тарқаб, абцесс пайдо қилади. Абцесс – бу тўқималар ёки тана аъзоларининг чегараланган жойидаги юпқа парда ичида йиринг йиғишидир.

Албатта, ҳар бир ота-она бемор боласини ўзбошимчалик билан уйда даволамасдан уни офтольмолог кўригидан ўтказиши зарур. Фақат малакали кўз шифокоригина беморга зарур тавсия ва маслаҳатлар бера олади.

Говмижжа илк бошланган даврда унинг ривожланиб кетишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги муолажаларни тавсия этилади:

Алой – бу ўсимликнинг серэт баргини қайнаган илиқ сувда ювиб стерил дока орасига ўраб, қуритиб олинг. Сўнгра 1 дона баргни сиқиб, унинг шарбатига 1: 10 нисбатда қайнаган илиқ сув солинг. Яъни, 1 томчи алой барги шарбатига 10 томчи сув (суюқликларни кўз томизғич (пипетка)да ўлчанг) аралаштиринг. Кейин ушбу доривор аралашмага стерил дорихона бинтини ботириб, кўзингизга бозиллама(примочка) қўйинг. Кун давомида бу муолажани 2-3 маратоба такрорланг. Кўзга дори-дармон қўллашдан аввал албатта қўлларингизни совунлаб ювишни унутманг.

Шивит уруғидан бир чой қошиқ олиб, уни икки стакан сувда қайнатинг. Илиқ ҳолдаги шифобахш қайнатмага дока ботириб, кўзингизга кун давомида бир неча маротаба бозиллама қўйинг.

Яна ўқинг:  Тери оқариши ва уйқучанлик камқонлик белгисими?

Саримсоқпиёзни пўстидан тозалаб, ўртасидан кесинг. Уни оҳисталик билан яллиғланган қовоқларингизга суртинг. Ушбу сабзавот таркибидаги фитонцидлар бактерияларга қирон келтиради. Яъни, у антибиотикдай таъсир этади. Муолажа кун давомида 3-4 марта қайтарилади.

Мойчечак гиёҳидан 10-20 гр. олиб, чинни идишга солинг. Кейин устидан қайнаган сув солиб, дамлаб қўйинг. Дамлама илиқ ҳолга келгач, тоза(стерил) салфетка олиб, унга сиқиб олинган мойчечак гиёҳини ўранг. Сўнгра бу бозилламани кўзингиздаги оғриқли соҳага қўйинг. Кун давомида муолажани такрорлаб туринг. Шунингдек, бемор тўйимли ва сифатли овқатланиши ҳамда мева-сабзавотлар, кўкатлар, балиқ, сут, қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилиши зарур. Яна бемор зарарли одатлар (ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш), стресс(руҳий зўриқиш), депрессия (тушкунлик)дан ўзини асраши, ортиқча вазнини камайтиришга ҳаракат қилиши, кам ҳаракатли ҳаёт тарзидан воз кечиши лозим. Шовқин, чанг-ғуборли муҳит иммунитетини тушириб юборишини ҳам ёдда тутиш керак.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: