“Мард ўғлонлар” Давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилади
«Юртимиз ёшлари ўртасида илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида, умуман, барча жабҳаларда жонбозлик кўрсатиб келаётган азамат йигитларимиз жуда кўп. Улар ўзининг жисмоний ва маънавий салоҳияти, истеъдод ва маҳоратини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиб бериш борасида мамлакатимизда кўп ишлар қилиняпти ва келгусида ҳам уларни албатта давом эттирамиз», – деди Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ёшлар билан ўтган йиғилишда.
«Айни вақтда ҳалол ва самарали меҳнати, илмий-ижодий ютуқлари, Ватанга садоқатли хизмати билан барчага ўрнак бўлаётган мард ўғлонларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлиши зарур, — давом этди давлат раҳбари. — Сизларга маълумки, юртимизда иқтидорли ва фаол қизларимиз учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Энди турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофотини таъсис этсак, нима дейсизлар?
Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларимизни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медалини ҳам таъсис этиш ўринли бўлур эди.
Нега деганда, ҳар қандай ютуқ, ҳар қандай ғалабанинг замирида аввало меҳнат ва қатъият, мардлик ва жасорат мужассам бўлиб, эл-юрт равнақи йўлидаги ҳалол хизмат албатта ўзининг муносиб баҳоси ва қадрини топиши керак», — дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.