Педагоглар парламент фаолияти билан таништирилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Тошкент шаҳридаги халқ таълими муассасалари ходимларини мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, парламент фаолияти, суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиликлар билан таништиришга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари А.Раҳмонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борадаги ишларни тизимли равишда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини кенгайтириш, қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Парламент қуйи палатасининг доимий асосда фаолият юритиши қонунларнинг сифати ошишига хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида ёшларга таълим бериш жараёнини янада такомиллаштириш, уларда ҳуқуқий фанларни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.
Нурилло Насриев,
ЎзА