Термизда Ислом Каримов номидаги техника университети ташкил қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўгрисида» 2017 йил 20 апрелдаги қарорига мувофиқ Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти расмий сайтида эълон қилинди.

Қарорга кўра, Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

– транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

– иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;

– хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ва мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича илмий-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;

– қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб этиш мақсадида техника соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига ҳар йилги талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланиши таъкидланган.

«2017 йил 1 сентябргача Тошкент давлат техника университети Термиз филиалини танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин; Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув адабиётлари, замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин», — дейилади президент қарорида.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклатилган.

Яна ўқинг:  Kollejda salomatlik kuni

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: