Фарзандингизга ҳеч қачон қуйидаги сўзларни айтманг

Фарзанди ақлан, жисмонан, маънан етук ва баркамол бўлиб етишишини қайси ота-она хоҳламайди дейсиз? Ҳа, барчамиз хоҳлаймиз, аммо ўсаётган ниҳолни билиб-билмай эгиб қўйишимиз ёмон. Болага қандай ширин сўзларни айтишни ўзингиз ҳал қилинг, биз эса қандай гапни айтмаслик кераклиги ҳақида маслаҳат берамиз.

Шундай сўзлар борки, уларни тилдан қўймаслик керак: эзгу тилак, мақтов, хайрихоҳлик, ҳамдардлик ва ҳоказо. Шундай сўзлар борки, эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим: қоралаш, ҳукм… Бугун эса мутлақо айтилиши керак бўлмаган сўзлар ҳақида сўзлашамиз.

– Бемаъни гапни айтибсан

Болалар катталардан фарқли ҳолда бемаъни гап гапиришмайди. Бола пошшо – нимаики демасин, ўзининг наздида муҳим гапдир. Гапини оғзига урсангиз, сиздан яширадиган сирлари пайдо бўлади.

Бунинг ўрнига нима дейиш керак? Қўлингизни силтагандан кўра унга қулоқ солинг. Гўдак бирор янгилик айтса, олқишланг, муаммоси бўлса ечим изланг.

– Мени тинч қўй

Энг ёмони тинч қўйиши учун “пора” беришдир. “Ма, шоколад! Бор ташқарига”. Бола бунга мазахўрак бўлиб қолади ва бирор нарса ундириш учун фойдаланади. Вақт ўтгач, “нега болам таъмагир?”, “нега мендан узоқлашиб кетяпти?”, деб ранжиб юрамиз.

Нима дейиш керак? “Вақтим йўқ” деб ҳеч қачон айтмаслик! Ақалли, “Тинч қўй” деган гапни тилга олмаслик лозим.

– Эплолмайсан, бер ўзимга

Унинг ўзига ишончини сўндирасиз. Руҳиятшуносликда “ожизликка ўргатиш” деган мавзу бор, бунда инсон бирор нарсани ўзгартира олиш ва бажара олишдан маҳрум бўлиб ўсади. Кучига ишонмайди.

Унинг ўрнига нима қилиш керак? Болакай қўлидан келмайдиган ишга уринганини кўрсангиз, “Кел, ёрдамлашаман”, дейиш керак. Ёки “бу ишни бажаришда менга ёрдам бер”, дейиш лозим. Агар бола кичиклар учун мўлжалланмаган ишга енг шимарса (масалан, розеткани алмаштириш, сув кранини созлаш) бу иш хавфли эканини уқтиринг.

– Ҳамманинг қўлидан келади, сен бўлса…

Болада ўзидан қониқмаслик ҳисси шаклланиб қолади. Айримлар шу йўл билан болани ҳаммадан яхшироқ бажаришга ундаяпман, деб ўйлашади. Аммо бу хатодир. Бу ёндашув ҳатто катталарда ҳам самара бериши мушкул.

– Кўзимга кўринма

Бу гапни эшитган бола ўзининг ҳам, ташвишларининг ҳам ота-онаси учун аҳамиятсизлигини пайқаб қолади. Баъзан ота-оналар шу йўл билан муқаррар юзага келадиган зиддиятдан қутулмоқчи бўлишади. Аммо бу муаммони чуқурлаштиради холос.

Яна ўқинг:  Табиат шифохонаси

Бунинг ўрнига доимо болага ёрдам қўлини чўзиш даркор. Муқаррар зиддиятли вазият юзага келганда бағрикенглик билан ёндашиш лозим.

– ………………….(шалоқ сўкиниш)

Сўкинишни билмаган, халқ оғзаки ижодига мансубидан бир шингил эшитмаган инсон йўқ, шу сабабли сарлавҳачамизга чиқармадик. Асли болалар олдида саситиб сўкиниш ёмонлигини кўпчилик бир қадар тушунади, шунга қарамай… Хўш, уятли аъзолар номини эслаб нима демоқчисиз? Буни эшитган бола ақллилашиб қолсинми?

Шалоқ сўзларнинг ўрнига “жин урсин” каби енгилроқ шаклларини қўллаш мумкин (болага қарата эмас). Нутқингиздан тамоман чиқариб ташласангиз – янада яхши.

– Сени бозордан олиб келганмиз

Бола мурғак шуурида ота-онаси учун ўзини юксак қадр-қимматга эга деб ҳисоблайди. “Сени лайлак олиб келган”, “кўчадан топиб олганмиз” каби қўпол ҳазиллар унинг руҳини чўктиради, кераксиз эканини ҳис қилади. Эсини таниб ёлғонлигини пайқагач, катталардан ранжиши мумкин.

– Сен туғилмаганингда шу машмашалар йўқ эди…

Болада айбдорлик ҳисси шаклланади. Бола ўзининг борлигиёқ ота-онасига ташвиш келтираётганини англайди, бу боланинг нозик қалбини қаттиқ жароҳатлайди, руҳиятида асорат қолдиради. Ўз омадсизлигингизни болага тўнкамоқчимисиз?

Бунинг ўрнига нима дейиш керак? Марҳамат, ҳамма ўзи ҳал қилсин, аммо ҳар не бўлганда ҳам болага бундай дейиш ярамайди.

– Аҳмоқсан!

Болалар ота-онаси берган баҳога ишонади. Берган таърифингизга мос бўлиб ўсади. “Ботирсан” денг – ботир бўлади. “Аҳмоқсан!” – десангиз ким бўларди?

Бола айб иш қилса, “Аҳмоқсан”, дейиш ўрнига, “Бу ишинг нотўғри”, “Яхши иш қилмадинг”, деб тушунтириш лозим. Болани эмас, хатти-ҳаракатини баҳоланг.

– Сени ёмон кўраман!

Одатда бу ҳам бола бирор хато иш қилганда айтилади. Ота-она меҳри қуёшга ўхшаб беғараз ва чексиз бўлади. Ундан айрилиш бола наздида ҳаётдан айрилиш кабидир. Бундай дейишдан тийилганингиз маъқул. Болани қўрқитманг, барибир уни яхши кўрасиз, яхши кўришга мажбурсиз.

Бунинг ўрнига нима дейиш керак? Аввалги пунктга қаранг.

– Сени ташлаб кетиб қоламан

Бола учун ота-онаси энг азиз инсонларидир. Уларсиз ҳаётини тасаввур этолмайди. Юқоридаги иборани ишлатсангиз, даставвал, мақсадингизга эришасиз. Бу шунчаки пўписа эканини бола пайқаб етгунча айни ҳол давом этади.

Ташлаб кетиш болага ургандан қаттиқ таъсир қилади. Болангизни қўрқитманг. Энг тўғриси қўрқитиш ва жазоларсиз ёндашувдир. Бу осон эмас, аммо натижаси машаққатга арзийди.

Яна ўқинг:  Ақлли аёлга уйланган эркаклар узоқ умр кўриши аниқланди

Манба: sof.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: