Соғ танда соғлом руҳият барқарор

Психозлар ёки “вос-вос”хасталигининг сабаб ва оқибатлари

Руҳият бузилишининг аниқ-равшан кўринишлари фанда психоз номи билан юритилади. Бу хасталикка қўшимча (йўлдош сифатида) беморларда “вос-вос”лар, кайфиятнинг тўсатдан ўзгариши, галлюцинациялар(кўзга турли нарсаларнинг кўриниши ёки ҳар хил товушларнинг қулоққа эшитилиши каби рўёлар) бехосдан хаста кишининг ўзини йўқотиб, “кўтарилиб кетиши” ёки унинг ҳаддан ташқари руҳий тушкунликка берилиши каби аломатлар билан кечади. Шунингдек, бу дардга чалинган кишида тўғри фикрлаш бузилади. Ёки четдан у ўзининг ҳолатига танқидий баҳо беролмайди.

Хасталикнинг сабаблари

Ушбу хасталикнинг келиб чиқиш сабаблари турлича. Яъни, касаллик ташқи ва ички омиллар сабабли ривожланади. Дарднинг юзага келишига туртки бўлувчи ташқи омиллардан турли инфекцион хасталикларни сабаб қилиб келтириш мумкин. Булардан грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, сифилис (заҳм), ичтерлама (тиф), сил ва ҳакозо шу каби касалликлар спиртли ичимликлар ҳамда гиёҳвандликка қарамлик, саноатда ишлаб чиқарилган турли-туман заҳарли моддалар билан ишлаганда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик, руҳий шикастлар ёки стресс (руҳий зўриқиш)дан кейинги асоратлар. Айниқса, психозга сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири бу алкоголли ичимликлардир. Уларни суистеъмол қилиш натижасида шахснинг руҳияти жуда тез таназзулга учрайди. Ички омиллар сабабли руҳият ўзгаришига асаб тизимининг бузилиши ҳамда организмдаги ёшга доир гормонал ўзгаришлар сабаб бўлади. Бунга мисол қилиб қариялар психозини келтириш мумкин. Бу хасталик қон босимининг ошиши натижасида бош мия қон томирларининг шикастланиши ва атеросклероз касаллиги сабабли унда салбий ўзгаришлар пайдо бўлиши ҳамда шизофрения туфайли юзага келади.

Бундай ҳолатларда халқ орасида “фалончи ёмон қарибди” дея таъриф берилади. Аммо беморнинг яқинлари уни геронтолог-шифокор кўригидан ўтказиб, албатта, дардманд кишига меҳр-мурувват кўрсатишни ўзларининг инсоний бурчи деб ҳисоблашлари зарур. Зеро, “Бу дунё-қайтар дунё” дея айтилган мақол замирида олам-олам маъно мужассам. Эндоген психоз экзогендан фарқли ўлароқ хасталикнинг чўзилиши ва қайталаниш эҳтимоли юқори бўлиши билан ажралиб туради. Беморда психоз тўсатдан ёки аста-секинлик билан пайдо бўлиши мумкин. Тўсатдан юзага келган хасталикка кутилмаган шумхабар ёки бирор нарсанинг йўқолишидан қаттиқ сиқилиш сабаб бўлади.

Кузатишлар бу дардга эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар чалинишини кўрсатди. Касалликнинг ривожланишида бемор ирқининг ва унинг иқтисодий аҳволининг аҳамияти йўқ экан.

Яна ўқинг:  Бодомсимон без (ангина) қандай ҳолларда олиб ташланади?

Касаллик белгилари

Инсоннинг бой руҳияти психоз хасталигида уни чегарасиз равишда намоён этишга қодир.

Ушбу хасталикнинг асосий белгиларига галлюцинациялар, “вос-вос” ғоялар, ҳатти-ҳаракатларнинг бузилиши ҳамда кайфиятнинг ўзгаришини киритиш мумкин.

Галлюцинациялар эшитиш, турли ҳидларни сезиш, кўриш, терига бирор жонзот ёки буюмнинг тегишини ҳис этиш, таъм билиш кўринишларида юзага келади. Улар оддий (биров чақиргандай бўлиши ёки эшик жиринглаши) ва мураккаб(суҳбат каби) ҳолатда учрайди. Айниқса, мураккаб кўринишлардаги галлюцинацияларга беморнинг турли товушларни эшитиши(бу товушлар унинг миясида ёки ташқаридан эшитилиши мумкин)киради.

“Вос-вос” мазмунидаги ғоялар бемор томонидан муҳокама этилади ва уларнинг хулосаси ҳам мантиқан ҳаётга тўғри келмайди. Бу бемаъни ғоялар беморнинг онгини бутунлай забт этади. Ушбу ҳолатда унга бирор нарсани тушунтириш ва хаста кишига бу фикрлар асоссизлигини ишонтириш қийин бўлади.

Яна энг кўп учрайдиган “вос-вос”лардан бири беморни кимдир таъқиб этаётганлиги ёки унга биров фитна қилмоқчилиги хусусида бўлади. Шунингдек, зарарли таъсирлар, “махсус хизмат вакиллари”, ўзга сайёраликлар, “сеҳр-жоду” ёки хастага кимдир зиён етказиши мумкинлиги(уни яшаб турган хонадонидан ҳайдаб чиқаришлари, кимдир буюмларини ўғирлаб олаётгани, яна уни овқатдан заҳарлашлари эҳтимоли борлиги хусусида), шунингдек, бемор оғир, ўлимга олиб келувчи касалликка йўлиққанлиги ҳақида атрофидагиларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Яна у ўзининг буюклигига ишониши ёки жуфтига нисбатан ҳаддан ташқари рашк пайдо бўлиши, беморда кимнидир қаттиқ севиб қолиш каби ҳолатлар кузатилади.

Дардманд кишида ҳаракатларнинг сустлиги, онгнинг карахтлиги каби ҳолатлар учрайди. Қачонки, бемор бир хил ҳолатда узоқ вақт бўлса ва у бир нуқтага тикилган кўйи қимирламаса, билингки, у саволларингизга жавоб ҳам бермайди. Шунингдек, у еб-ичишни ҳам бас қилади. Хаста кишида ҳаракатлар координациясининг бузилишининг яна бир кўринишларидан бири бу унинг қўзғалган ҳолатда ва безовта бўлишидир. У доимо ҳаракатда бўлади. Ва тўхтовсиз гапиради. Баъзан суҳбатдошининг асабига тегиб, турли нағмалар кўрсатади. Тажовузкор ҳолатда кимгадир зарар етказиб қўйиши мумкин.

Ташхис

Шифокор беморга ташхис қўйишида руҳий бузилиш белгиларининг ўзига хослиги ҳамда касалликнинг ривожланиши таснифига эътибор қаратади. Хасталикнинг айрим белгилари дастлаб енгил кўринишда юзага келади. Аммо бу оғир хасталик даражалари бўлиши мумкин. Психознинг илк белгиларини ажратиб олиш жуда мураккаб. Уларга беморнинг феъл-атворидаги ўзгаришлар киради. Дардманд одам ортиқча “сиркаси сув кўтармайдиган”, безовта, инжиқ ва асабий бўлиб қолади. Унга “битта гап кам, иккита гап ортиқча” бўлади. Беморнинг уйқуси бузилади. Хастанинг иштаҳаси йўқолади ва бу одамнинг кўринишини ғалати ҳамда соғлом одамга хос эмас, дея таърифлаш мумкин. Шунингдек, руҳияти бузилган инсоннинг диққати ҳам чалғийди. Яна у “ўз қобиғига ўралиб олади”. Ҳеч кимга ишонмайди. Ишга лаёқати ва қизиқишлари сўнади.

Яна ўқинг:  Қўлингиз дард кўрмасин…

Бемор феъл-атворидаги ҳар қандай арзимас туйилган салбиий ўзгаришлар унинг яқинларини огоҳлантириши зарур. Зеро “яра газак олмасидан, унинг олдини олган маъқул”. Чунки, психозга учраган одамнинг аҳволи оғирлашса инсультга ҳам йўлиқиши мумкин. Шунингдек, у ўзига ва атрофидагиларга ҳам беихтиёр зиён етказиш эҳтимоли юқори.

Давоси

Психознинг ҳар қандай кўринишини шифокор мутахассислар психиатр ва психотерапевт даволайди. Албатта, дори-дармонлар, уйқу, махсус реаблитация дастури асосида меҳнат таълими, физиотерапевтик муолажалар, тўйимли ва сифатли овқатланиш рефлексотерапия, беморга психологик, ижобий ёндашув ҳамда шифохонадан сўнг сиҳатгоҳларда даволаниш, яқинлари ва атрофидагиларнинг илиқ муносабати ҳам хаста кишининг тезда оёққа туриб кетишига замин яратади.

Дилдора РЎЗИҚУЛОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: