“Farovon tekstil” – кўркам бичим, юқори сифат ва фаровон ҳаёт тарафдори

Уста-тикувчи Раъно Абдуллаева тикув машиналарида қўли-қўлига тегмай кийим тикаётган қизларга қараб, “Бугун ишимиз кечагига қараганда анча унумли бўлди. Ҳаммангизга раҳмат”, – деди мамнун кайфиятда.

– Бу аввало ходимларнинг ишга бўлган масъулияти туфайлидир, – ҳозиржавоблик қилди Мадина.

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Farovon tekstil”да айни пайтда 58 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Корхона ходимлари юқори кайфият билан иш унумини мунтазам оширишга, маҳсулот сифатини яхшилашга одатланган.

Ишчиларнинг эрталабдан кечгача қўли-қўлига тегмайди. Бичувчи қизлар матони пешма-пеш машина-станок билан андозага мос қилиб бичиб, тахламларни тикув машиналаридаги қизларга узатади. Чеварларнинг бири кўйлак енгини, бири ёқасини, яна бири эса бошқа чокларни улаб, тайёр кийимни дазмолчи қизларга етказади. Дазмол босилган кийимлар яна бошқа ходимнинг меҳнати билан тахланган ҳолда елим халтага солиниб, сотувга чиқариш учун қоғоз қутиларга жойланади. Қарабсизки, бежирим тикилган қиз ва ўғил болалар кийимлари, фартук, шим, катталар учун тўқув трикотаж маҳсулотлари ўз харидорларига етказилади.

– Корхонамиз дастлаб 12 нафар иш ўрни билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугун уларнинг сони 48 нафарга етди, – дейди директор Нодиржон Ғаффоров.

– “Интилганга толе ёр”, деб бежиз айтишмас экан. Яхши ниятлар билан бошлаган ушбу хайрли ишимиз орқали бугун юртимиз тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшмоқдамиз. Муҳими, маҳсулотларимиз сифат жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди. Агар ишингизда ҳалоллик бўлса, меҳнатингиз ортидан барака топасиз. Эришилган ютуқлар ва ишнинг режали, самарали ташкил этилиши, жамоанинг аҳиллигини таъминлашда корхонамизнинг тажрибали раҳбари Жамолиддин Раҳимовнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаш лозим.

farovon tekstil 3

Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қиймати аввало унинг сифат ва харидоргирлигига қараб белгиланади. Олинган соф фойдага асосланиб, ишчиларнинг маоши ҳам ортиб бораверади. Шунингдек, анъанавий байрамларда ходимларни моддий рағбатлантириш, самарали ютуқларга эришган меҳнат соҳибларини мукофотлаш, бепул тушлик, махсус кийим-бош таъминоти ҳам олинган фойда ҳисобидан қопланиши, табиий. Ана шуларни англаб етган жамоанинг ҳар бир аъзоси иш вақтидан унумли фойдаланишга, “устоз-шогирд” анъаналари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишга интиладилар. Узоқдан қатнайдиган ишчи-ходимлар учун алоҳида транспорт воситаси ажратилган. Шунингдек, ишчиларга сут маҳсулотлари ҳам мунтазам бериб борилади.

Хомашёнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилган 90 фоизли пахтали мато бўлиб, хориждан фақат тугма, пистон, этикетка каби аксессуарлар келтирилади.

Эътиборли жиҳати, мана 3-4 йилдирки, ишлаб чиқарилаётган кийим-кечак маҳсулотларининг 90 фоизи Қозоғистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар, шунингдек, Россияга экспорт қилинмоқда.

Ушбу миллий маҳсулотларнинг харидоргирлигидан ишчилар ҳам хурсанд. Ахир ўз меҳнатинг самарасини кўришга, у билан фахрланишга нима етсин.

Яна ўқинг:  Жисмоний тарбия ва оммавий спорт янги босқичга кўтарилади

Айни пайтда афғонистонлик ҳамкорлар билан шартнома имзолаган корхона йил якунига қадар 1 миллион долларлик кийим-кечак маҳсулотлари экспортини амалга оширишни режалаштирган.

Ушбу ютуқларга эришишда Мадина Абдувоситова, Дилноза Абдуллаева, Бобир Ўринов, Улуғбек Кеекова, Ҳафиза Алимбекова, уста-тикувчи Раъно Абдуллаева каби меҳнатсевар ходимлар бошқаларга ҳар томонлама ўрнак бўлмоқдалар.

Юксак мақсадларни кўзлаб, келажак сари дадил одимлаётган корхона раҳбарлари жорий йилнинг учинчи чорак якунига қадар 20 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминлаш, иш ўрнини эса 150 тага етказишни мақсад қилган. Шунингдек, кредит асосида янги замонавий дастгоҳлар харид қилиш, корхона ҳудудини ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ҳам келажак режаларидан ўрин олган.

Бундай изланувчан инсонларнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга ошираётган хайрли ишларига омад ва зафарлар тилаймиз.

Марям АҲМЕДОВА

Реклама ҳуқуқи асосида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: