Қайноқ мавсумнинг завқли машғулоти

Фарзандларимиз учун сунъий ҳовузча танлаймиз

Жазирама ёз мавсумини сув ҳавзалари бўйида ўтказганга нима етсин?! Бу айниқса, болажонлар учун ўзгача завқли машғулот. Қолаверса, чўмилиш ширинтой учун фойдалидир.

Аммо табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун доим ҳам имкон топилавермайди. Буни эса болажонларга тушунтириш амримаҳол. Шундай пайтларда ота-оналар кичкинтойлар учун мўлжалланган махсус бассейнларга эҳтиёж сезади. Харид қилишга келганда эса уларни турли саволлар қийнайди. Қуйида сиз бассейнларни танлаш борасида қимматли тавсиялар билан танишасиз.

Бассейн танлашда фарзандингизни ёши муҳим аҳамиятга эга. Агар кичкинтойингиз 9 ойликдан 1 ярим ёшгача бўлса, уларга баландлиги 15-17 см бўлган мини-бассейнларни тавсия қиламиз. 1 ярим ёшдан 3 ёшгача бўлган болажонлар эса деворининг баландлиги 50 см бўлган сунъий ҳовузчаларда мазза қилиб чўмилади. 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга 70 смгача бўлган бассейнларни сотиб олишни маслаҳат берамиз.

Шишириб ишлатишга мўлжалланган бассейн

Бу каби сунъий ҳовузча болажонларнинг чўмилиши учун қулай ва хавфсиз саналади. Аммо унинг ўлчами кичкинтойнинг ёшига мос бўлиши керак. “Фарзандим ҳадемай катта бўлади. Сўнг бу ҳовузча унга кичиклик қилиши мумкин. Яхшиси, бироз каттароғидан танлаймиз” дея ўйловчи ота-оналар танлов борасида янглишади. Сабаби катта бассейнлар болажоннинг чўмилиши учун ноқулай бўлиш билан бирга хавфли ҳамдир.

Ости шишириладиган бассейн

Бундай сунъий ҳовузчалар асосан икки хил шаклда бўлади. Оддий плёнкали ва пуфланадиган қисмга эга бассейнлар. Уларнинг иккинчи турдагиси биринчисига қараганда анча қулай саналади. Мазкур бассейнларни текис бўлмаган жойларга ўрнатиш ҳам мумкин.

Қаттиқ деворли бассейн

3 ёшгача бўлган болажонларда ҳаракатланиш фаолияти яхши ривожланмаган бўлади. Шу сабаб улар атрофдаги буюмларни ушлаб, ўз мувозанатини сақлашга уринади. Бассейнни харид қилишда деворининг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратинг. Боиси, кичкинтой унга бемалол суяна олиши, чўмилиш чоғида ичидаги сув ташқарига тўкилиб кетмаслиги керак.

Сирпанчиқ бўлмаган сунъий ҳовузчалар

Болажоннинг териси нозик бўлгани боис, у сирпанишга мойил бўлади. Бу эса чўмилиш пайтида кўплаб кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлиш мумкин. Шу сабаб бассейн остининг “ғадир-будир” бўлиши айни муддао.

Тикилган бассейнлар

Бу каби сунъий ҳовузчаларни танлашда уларнинг сифатли ва мустаҳкам тикилганига эътибор беринг. Бу бола терисининг жароҳат олишига сабаб бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Дунё полвонлари Термизда

Соябон. У бассейнни зарарли қуёш нурларидан, турли кераксиз буюмларни сув ичига тушишидан ҳимоялайди. Ҳовузча ишлатиб бўлингач, албатта, унинг суви тўкиб ташланиб, қуритилган ҳолатда йиғиб қўйилиши шарт.

Болалар учун мўлжалланган бассейнлар ёрқин рангларга эга, турли қизиқарли расмлар билан безатилган бўлса айни муддао. Ана шунда болажонлар чўмилиш пайтида тезда зерикиб қолмайди.

Унутманг!

Бассейн ҳарорати 26 даражадан паст, 34-36 даражадан юқори бўлмаслиги мақсадга мувофиқ.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: