Самарқандда ҳам мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилади

Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими иш бошлади. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлимда аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, халқимизнинг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган. Мазкур йўналишда йил бошидан буён бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида янги бўлим ташкил этилиши ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар самараси бўлиб, бу беморлар учун кўплаб қулайлик ва енгилликлар яратди. Айниқса, 1 миллиард 373 миллион сўмга Голландиядан юқори технологияли ангиограф аппарати келтирилгани шу пайтга қадар Тошкент шаҳри ва хорижий мамлакатлардаги клиникаларга юбориладиган беморларни шу ернинг ўзида даволаш имконини беради.

– Янги ускуна ёрдамида қон томирлар рентген қилиниб, юрак стенокардияси, инфаркт, бош мия ва буйрак қон томирлари касалликлари, жигар ўсмаси, бачадон миомасини аниқлаш ҳамда даволаш мумкин, – дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия маркази бўлим бошлиғи, профессор Миржамол Зуфаров. – Шунингдек, беморларда учрайдиган юрак ва қон-томир, ўпка, қизилўнгач ва меъда, жигар, ўт йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги амалиётлари ўтказилади.

Замонавий аппаратлар ёрдамида беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун бўлимда фаолият кўрсатадиган уч нафар ёш мутахассис И.Сеченов номидаги 1-Москва давлат тиббиёт университетида малака ошириб қайтди.

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА

Яна ўқинг:  Saxovatning savobi bisyor

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: