Жанубий кореялик шифокорлар Андижонда болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

Жанубий Кореянинг Ёнсей университети “Severance” госпитали шифокорлари Андижон вилоятида бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида илғор хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди соҳага оид давлат дастурлари ижроси доирасида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Масалан, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик самарасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиш асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бир гуруҳ болалар бепул соғломлаштирилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Корея Республикасининг Ёнсей университети “Severance” госпитали ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Андижон вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллиги оғир деб топилган болалар жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволанди.

– Жанубий кореялик шифокорлар томонидан 5 кун давомида туғма юрак нуқсони, терида куйиш асоратлари, қўл-оёқ бўғимлари, лаб-танглай хасталиклари бор беморлар, асосан болалар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий филиали директори Турсунбой Бердираҳматов. – Жанубий Кореядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар ёрдамида ўтказилган текширувлар натижасида 35 бола юртимиз шифокорлари билан ҳамкорликда пластик операция қилинди.

– Мақсадимиз Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, маҳаллий шифокорлар билан тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада кенгайтиришдир, – дейди Ёнсей университети профессори Пак Буёнг Юн. – Юртингизда, айниқса, тиббиёт соҳасида салмоқли ютуқларга эришилган. Келишув доирасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз ижобий самаралар беришига ишонаман. Гуруҳимиз шифокорлари андижонлик тажрибали мутахассислар билан мулоқотлар ўтказгани икки томон учун ҳам бирдай фойдали бўлди.

Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, бир гуруҳ беморларга бепул дори-дармон, санитария-гигиена воситалари тарқатилди.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзA

Яна ўқинг:  Ўзбекистонлик болалар бепул даволанди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: