Таълимда халқаро алоқалар ривожланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимиздаги ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларни жорий қилиши бўйича қатор вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар бошлаб юборилган. Улар доирасида халқаро таълим стандартлари асосида фан дастурлари, замонавий ўқув ва ўқув-услубий адабиёт ҳамда мажмуаларнинг янги авлоди 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич ишлаб чиқилади ва таълим жараёнига кенг жорий қилинади. 350 дан ортиқ хорижлик юқори малакали педагог ва олимнинг мамлакатимиз олий таълим муассасалари ўқув жараёнига жалб этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

2017-2021 йиллар давомида дунёнинг 38 давлатидаги 312 олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчиларимиздан ҳар йили ўртача 600 мутахассис малака ошириш (1 ойдан 3 ойгача), 45 киши стажировка ўташ (3 ойдан 1 йилгача), 40 ходим докторантурада ўқиш (1 йилдан 3 йилгача), 75 талаба магистратурада ўқиш (1 йилдан 2 йилгача) имкониятига эга бўлади.

Олий таълим муассасаларининг халқаро алоқалари географияси ҳам кенгайиб бораётир. Бугунги кунда Европа, АҚШ, МДҲ давлатлари, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Сингапурнинг етакчи олий ўқув юртлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Бу халқаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, олий таълим тизими учун янги дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш, мавжудларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда йўлга қўйилган.

Мамлакатимиз ва Европа олий ўқув юртлари “Темпус” ҳамда “Эразмус Мундус” халқаро таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу каби дастурларга барча вилоятлар ва Қорақалпоғистондан 56 олий таълим муассасаси қамраб олинган.

Эътиборлиси, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва жаҳоннинг етакчи ўқув юртлари ўртасида тузилаётган ҳамкорлик бўйича меморандум, шартнома ва протоколлар салмоғи ҳам ошиб бораётир. Ушбу жараённи Тошкент давлат иқтисодиёт университети мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Бугунги кунда хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан 35 меморандумимиз бор, – дейди университетнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Нозима Зуфарова. – Уларнинг 15 таси Президентимизнинг шу йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси доирасида тузилди.

Қарор самарасида 27 нафар талаба ва профессор-ўқитувчи нуфузли хорижий университетларда ўз малакаларини ошириб келди. Бугунги кунда 12 нафар талаба ва илмий тадқиқотчи Халқаро Япония университети, Буюк Британиянинг Хаддесфилд университети, Италиянинг Генуя университети, Испаниянинг Лас Палмас Де Гран Канария университети, Германиянинг Бремерхавен, Грециянинг Аристотель университети, Болгариянинг Варна менежмент университетида билим ва кўникмасини оширмоқда.

Яқинда битирувчи талабаларнинг амалиётга тайёргарлигини яхшилаш ва иш берувчиларни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида Буюк Британиянинг Бат университети эксперти Йен Кроуфорд билан давра суҳбати ташкил этилди. “Эразмус плюс” дастури томонидан молиялаштирилаётган ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети иштирок этаётган “Staff Mobility towards Enhancement of Teaching Competence and Professional Development” (Ўқитиш сифатини яхшилаш ва малака ошириш борасида ўқитувчилар мобиллиги) лойиҳаси доирасида Германиянинг Бремен амалий фанлар университети профессори Вольфганг Лукас, Грециянинг Аристотель университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи София Лаготети ва “Эразмус” лойиҳаси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ионна Георгеаду университет талабаларига инглиз тилида иқтисодиёт фанлари бўйича маъруза ва амалий машғулотлар, профессор-ўқитувчиларга “Стратегик менежмент” бўйича ўқув тренинглар ўтказди.

Яна ўқинг:  Қариси бор уй – париси бор уй

Айни вақтда эса АҚШнинг Вайоминг университети билан имзоланган меморандумга мувофиқ бакалавр ва магистратура, катта илмий ходим ва изланувчиларнинг “Бизнес бошқаруви”, “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” йўналишларида талабалар, тадқиқотчилар ҳамда академик ходимлар алмашиш устида иш олиб борилмоқда. Бунда онлайн таълимни жорий этиш, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар ўртасида музокарали танишув ва иш жараёнларини ташкил этиш, нуфузли хорижий илмий журналларда ҳаммуаллифликда мақолалар эълон қилиш, мутахассислик бўйича замонавий андозаларда илмий адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, ҳамкорлик доирасида тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Жорий йил 26-30 июнь кунлари АҚШнинг Вайоминг университети ўқитувчиси Жанел Силай иштирокида “Тадқиқот ишларини олиб бориш ва уни таҳлил қилиш” мавзуида беш кунлик семинар-тренинг ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бу каби тадбирларни ўтказиш учун энг сўнгги технологиялар асосида жиҳозланган “Smart classroom” аудиторияси ташкил этилган.

Мухтасар айтганда, юқорида номи келтирилган қарор олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда ва халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишни янги босқичга кўтармоқда.

Малоҳат ҲУСАНОВА,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: