Қарс икки қўлдан…

Гоҳо айрим мутасаддиларнинг бюрократия, манманлик, кибру ҳаво билан “муомала” қилиш иллатларидан нолиб юрган кимсалар энди бу жараёнларда ўзларини қандоқ ҳис этмоқдалар?

“Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ”, деганларидек, инсон қайсики ишга қўл урмасин, ундан самарали натижа кутишни истайди. 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши жамиятимиз ҳаётида янги саҳифаларни очаётган экан, унинг самараси қай даражада бўлиши ҳар бир фуқаронинг саъй-ҳаракатига ҳам бевосита боғлиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ манфаатларини кўзлаб аниқ мақсадлар билан қўйган талаблари мамлакатимиз аҳолисида келажакка янада ишонч уйғотди. Бу эзгу йўлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари фуқароларга мунтазир!

Булардан ташқари республикамизнинг деярли барча етакчи идора, ташкилот ва муассасалари ҳам ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиб, халқ билан мулоқотга киришмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишлари учун барча қулайликлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари мазкур қабулхоналар фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда.

Шу кунга қадар юз минглаб тадбиркорлар, ишбилармонлар, деҳқон-фермер хўжаликлари ва бошқа соҳа вакиллари ўз мурожаатларига қониқарли жавоблар олганлари ҳақида ОАВда мамнуният билан сўзлаётганларини ҳамма ҳаяжон билан кузатиб турибди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: давлат халққа бағрини кенг очаётган экан, унга ҳамма бирдек тўғри муносабатда бўла оляптими? Гоҳо айрим мутасаддиларнинг бюрократия, манманлик, кибру ҳаво билан “муомала” қилиш иллатларидан нолиб юрган кимсалар энди бу жараёнларда ўзларини қандоқ ҳис этмоқдалар?

Бундай саволларни ўртага ташлаётганимиз боиси шундаки, халқ билан мулоқотни такомиллаштириш йўлида яратилган имкониятларни суистеъмол қилаётган, шахсий манфаати йўлида майда-чуйда, бачкана саволлари, антиқа “таклиф”лари билан “бошоғриқ” бўлаётган айрим кимсаларнинг саъй-ҳаракатлари кўпчиликнинг ғашига тегмоқда. Виртуал қабулхонага бир маънавиятсиз кимсанинг “эр сўраб” мурожаат қилгани ҳақидаги гаплар қанча “шов-шув” бўлмади, дейсиз.

Яна ўқинг:  Сўлим сиҳатгоҳ – танни соғ, дилни чоғ этади

Яна бир тоифа кимсалар борки, уларнинг қилмишлари ҳақида эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсан. Ўзи бирор ишни ёлчитмаган, элнинг корига ярамаган ўша одамлар масъул лавозимда фаолият кўрсатаётган кишиларга лой чаплашни “қойиллатмоқда”…

“Фалон-фалон мутасаддиларни лавозимидан четлатишни таклиф қилиб ёзвордим, кўрамиз энди” дейди бир “ёзувчи” сурбетларча.

– Ёзишга йўқроқман, аммо ҳақиқат юзага чиқишини истайман, – дейди яна бир давангирдек киши. – Шикоятимни Виртуал қабулхонага юборишга ёрдам беринг. Истасангиз, хатимга ўнта қўшним ҳам қўл қўйиб беришга тайёр…”

Нима гаплигини суриштирсам, маҳалласида ахлат уюми пайдо бўлибди.

– Буни ёзишга ҳожат йўқ-ку, – дедим ётиғи билан. – Битта махсус машина чақириб, ўша хатга имзо қўядиган қўшнилар билан ахлатни тозалаб қўйиш қўлларингдан келмайдими? Ўз навбатида унга шу ишни бажарганларни “Маҳалла фидойилари” деб газетага мақтаб ёзишимни қистириб қўйдим.

Буни қарангки, дам олиш куни ҳашар йўли билан маҳалладаги бошқа муаммолар ҳам бартараф этилди. Ахлатдан тозаланган жойга манзарали дарахт кўчатлари экиладиган бўлди, кўп қаватли уйлар орасидан ўтган йўлак таъмирланди, болалар ўйнайдиган майдонча эпақага кетирилди!

Халқ дардини эшитишга мунтазирмиз, дея муҳташам қабулхоналар ташкил этилгани нақадар олижаноб ишдир. Энди шунга яраша муносабатда бўлиш, истиқболли таклифлар билан келиш, муаммоларни баҳамжиҳатликда ҳал этиш мақсадга мувофиқдир. “Қарс икки қўлдан”, деганларидек, давлатимизнинг халқ билан мулоқоти йўлидаги улуғвор саъй-ҳаракатларига яраша иш тутиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчига айланмоғи лозим.

Тўлқин ЭШБЕК

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: