Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган касаначиликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслар билан фойдаланишни кенгайтириш орқали оила бюджетлари даромадларини кўпайтириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда Консорциум деб юритилади) 50,0 миллиард сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этиш ва уни иштирокчилари орасида 1-иловага мувофиқ тақсимлаш борасидаги таклифлари маъқуллансин.
  2. Консорциумга:

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган рўйхатга мувофиқ замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмларни ажратиш;

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган касаначилик турлари бўйича уй шароитида маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш учун маркетингни амалга ошириш ва буюртмачиларни топиш вазифалари билан таркибий бўлинмалар ҳамда касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатишни таъминлаш бўйича – Тошкент шаҳрининг барча туманларида филиалларни ташкил этиш;

амалга оширилаётган иш ҳажмларига мувофиқ Консорциумнинг таркибий бўлинмалари ходимлари сонини мустақил белгилаш;

касаначилар ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар билан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш борасидаги шартномаларни тузиш ҳуқуқлари берилсин.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун заёмларни ажратиш сотиб олинаётган товарларни кафилликка олиш орқали амалга оширилади;

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланади.

  1. Консорциум барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиб, бўшаётган маблағлар устав жамғармасини тўлдиришга йўналтирилсин.
  2. Тошкент шаҳри ҳокимияти манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда Консорциумга фаолиятини ташкил этиш ва келгусида амалга ошириш масалаларида амалий ёрдам кўрсатсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳри ҳокимияти икки ҳафта муддатда Консорциум ва унинг туман филиалларини жойлаштириш учун бино ва хоналарни ажратиш борасида таклифлар киритсин.
  4. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
Яна ўқинг:  КЕКСАЛАРГА БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ

касаначилар билан корхоналар ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик борасидаги, шу жумладан, корхоналар буюртмаларини уй шароитларида бажариш истагини билдирувчи маҳаллалар аҳолисини аниқлаш фаолиятини жадаллаштиришни;

аҳоли орасида касаначилик афзалликларини тушунтириш бўйича жадал тарғибот ишлари амалга оширилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда Консорциум иштирокчилари билан биргаликда касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун заёмларни тақдим этиш тартиботлари тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиб, бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин.
  2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан, интернет умумжаҳон ахборот тармоғини кенг жалб қилган ҳолда мазкур қарорнинг мақсади ва вазифаларини аҳоли орасида тизимли равишда мунтазам ва ҳар томонлама ёритиб борилишини таъминласин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2017 йил 24 май

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йил 24 майдаги ПҚ-2996-сонли қарорига

2-илова

“Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум”

масъулияти чекланган жамияти томонидан ажратиладиган

заёмлар эвазига ташкил этиладиган касаначилик турлари

РЎЙХАТИ

  1. Тўқима ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш.
  1. Галантерея (атторлик) маҳсулотларини ишлаб чиқариш.
  1. Қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш.
  1. Мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш.
  1. Электротехника маҳсулотларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш.
  1. Боғдорчилик ва ободонлаштириш хизматлари.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: