ЙИЛЛАР, ВОҚЕАЛАР, ИСЛОҲОТЛАР

ёки Жиззах вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси фаолияти ҳақида

Истиқлолнинг иккинчи йилида Ўзбекистон ҳукумати ўзининг армиясини ташкил
этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Қуролли Кучларни барпо этиш учун қўйил-
ган биринчи дадил қадам эди. Бироқ, том маънодаги, мамлакатмизнинг давлат мустақиллиги ва халқининг осойишта ҳаётини ҳимоя қила оладиган Қуролли Кучларни барпо этиш жиддий изланишларни, кўплаб ҳолатларда ўта сергак ва ҳушёр бўлишни, фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олишни, бир сўз билан айтганда, кенг қамровли ислоҳотларни тақозо этарди. Бошқа соҳаларда ҳам аҳвол шундай эди.

Яқинда Жиззах вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида ва унга ёндош жойлашган Жиззах шаҳар мудофаа ишлари бўлимида бўлдим. 8 декабрь арафаси эди. Бошқарма жамоаси ҳудудни тозалаб, ҳашар қилаётган экан. “Ҳорманг. Бор бўлинг!” дея бир-биримизга тилак билдирарканмиз маъмурий бинога йўл олдим. Худди шу жойга 1989 йилда отам билан кирганим ёдимга тушди. Ўшанда военкомат (илгари шундай аталарди) шаҳарнинг бошқа қисмида, қурилганига салкам юз йиллар бўлган паст­қам бинода жойлашганди. Нимқоронғи, зах ва тамаки ҳиди анқиб турган хонада бизни рус офицери кутиб олган эди.

Зинадан кўтарилиб, эшикдан кирар эканман, навбатчи пешвоз чиқишди. У билан ёруғ, кенг ва шинам йўлаклардан ўтиб, бошқарма бошлиғи олдига кирдик. Бу инсон билан илгари Қашқадарёда кўришган эканмиз. Стол устидаги ҳужжатлар, иш қоғозлари, қонун тўғрисидаги китоб­лар эътиборимни тортди.

– Шу кунларда 2013 йилги чақирув мавсумига жиддий тайёргарлик кетяпти, – дейди вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи подполковник Шамсиддин Абдуллаев. – Муддатли ҳарбий хизмат ёшига етган чақирилувчиларни дастлабки саралаш ишлари якунланди. Ҳар йили вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қарорларига мувофиқ чақирув ва тиббий комиссиялар таркиби тажрибали, олий тоифали мутахассислардан тайин­ланади. 2013 йилда резервга бўшатиладиган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш учун ҳам чоралар кўрилмоқда. Бу ишларимизнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтаришни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан олиб борилаяпти.

Бошқарма бошлиғи менга тутган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори ва унинг иловасига кўз югуртираман. Бу ҳужжат фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга саралаш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш, уларнинг ишга жойлашиш-ю, олий таълим муассасаларига ўқишга киришигача бўлган масалалар қамраб олингани ҳақида маълумот берди.

Яна ўқинг:  Чўққиларнинг мангу чорлови

1986 ЙИЛ ВА ТАНИШУВ

Жиззах темир йўл вокзали. Акамни армияга жўнатяпмиз. Вокзал атрофи тумонат одам. “Урҳо-ур”. Дарахт тагига, кўча ёқаларига гилам, палос тўшалган, тўда-тўда бўлиб ўтирган одамлар, қариялар, болалар “чуғур-чуғур” қилади. Устига эски чопон ёки фуфайка ташлаб, елкасига оқ сурпдан сафар халтасини илган йигитчаларнинг сочи бир текис олинган, ялтирайди. Боши ва кийим­ига қараб, армияга кетаётган йигитларни узоқдан ҳам ажратиб олиш мумкин. Радиокарнайдан янграган хириллаган овоздан тумонат одам жунбушга келди. Ҳамма вокзал томон селдай ошиқди. Армияга кетаётган йигитлар билан хайрлашишга ким улгурди, ким улгурмади.Ўшанда вагон деразасидан гавдасини белигача чиқариб, хайр-хўшлашаётган йигитларни олиб, поезд олға силжиган эди.

– Истасангиз, бошқармамиз фаолияти билан танишиб чиқинг. Сизга майор Абдураҳмон Намозов ҳамроҳ бўлади, – деди у. Бажонидил рози бўлдим.

Дастлаб вилоят йиғин пунк­ти билан танишдим. Бошлиқ хонасида танишганим – Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси қарорининг иловасида кўрсатилган ишлар амалда бажарилган эди. Маъмурий бино, чақирув пункти, тантанали кузатиш қатнашчилари билан байрамона тушлик қилиш учун 300 кишига мўлжалланган ошхона, чақирилувчилар белгиланган кийим-кечакни қайта кийиб оладиган хонаси, ҳаммом, тантанали кузатиш маросими ўтказиладиган саф майдони, ташқи санитария узеллари – барчаси рисоладагидек қурилган. Маъмурий бино ва чақирув пункти таркибига кирувчи чақирилувчиларнинг шахсий мослашув салоҳиятини ва интеллектуал даражасини аниқлаш учун психологик тест синовидан ўтказиш ҳамда шифокор мутахассисларнинг ҳар бирига ажратилган хоналар билан танишар эканман, майор Абдураҳмон Намозов изоҳ беради:

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдаги қарорига асосан вилоятимизда ҳам чақирув пунктлари инфратузилмаси ва ҳудудларини замонавий талабларга мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди. Мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган мукаммал лойиҳалар асосида чақирув ва йиғин пунктлари 2010-2012 йиллар давомида реконструкция ва модернизация қилинди. Баъзилари бутунлай қайта қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозир исталган туманга бориб сўзимнинг исботини кўришингиз мумкин.

НИЗОМГА КЎРА

Илгари муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетган йигитларнинг хизмат жойи бир-икки ойдан кейин, яъни улардан уйга хат келганидан кейин аниқ бўларди. Шунгача ота-оналар Худога таваккал қилиб, хавотирланиб юришарди. ҳозир эса ҳарбий хизматчиларга ва уларни кузатиш учун келган ота-оналарга муддатли ҳарбий хизматни ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва имтиёзлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинлари турларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ хусусиятлари, мамлакатимизнинг қайси ҳудудида хизматни ўташи тушунтирилади. Тасдиқланган низомга кўра тантанали кузатиш мобайнида ҳарбий хизматчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга бағишланган давра суҳбати ўтказилади. Ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари топширилади. Тантанали кузатиш маросими қатнашчилари ва ҳарбий хизматчиларга байрам тушлиги ташкил этилади, ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар концерти намойиш қилинади.

Яна ўқинг:  Шифобахш ва ноёб ўсимлик

Қайси бир сипоҳий ўзини кўрсатган бўлса, рағбатлантириб ҳақини адо этсинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик-ҳақдан маҳрум этмаслик ва мартабасидан туширмаслик керак. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин. Чунки улар давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар.

“Темур тузиклари”дан


Тантанали кузатиш маросимидан сўнг ҳарбий хизматчилар хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимлари ҳамроҳлигида ташкилий равишда транспортда хизмат жойларига жўнатиш учун вокзалларга (аэропортларга) юборилади. ҳарбий хизматчилар ҳаракат хавфсизлиги шартларига жавоб берадиган, йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, техник жиҳатдан тайёр транспорт воситаларида тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида хизмат жойларига жўнаб кетадилар. Ҳарбий хизматчиларни мослаштирилган вагонларда ташиш қатъиян тақиқланади.

РЕЗЕРВГА БЎШАТИЛГАНЛАР ТАҚДИРИ

Менга 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан резервга бўшатилган ҳарбий хизматчилар тўғрисида ҳам маълумотлар беришди. Унга кўра, 100 нафарга яқин жиззахлик ёшлар шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттиришмоқда, 700 дан ортиғи жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдаги юқори натижалари, намунали хизмати, тест синовида юқори балл тўплагани боис тавсиянома олган бўлса, 16 нафари олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирибди. Резервга бўшатилганларнинг минг нафарга яқини иш билан таъминланган. Бу рақамлар Ўзбекистон мустақиллигини, эл тинчлигини сақлашни ўзининг ор-номус иши деб билган йигитларга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси, десак муболаға эмас. Шу ўринда фуқароларни танлов асосида муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизими яратилганини, чақирув комиссияларининг ишида ошкораликни ва самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш учун улар таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекситон Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларининг вакиллари киритилганини, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг лавозим маоши миқдори икки баравар кўпайтирилиб, улар заҳирага бўшатилганда бериладиган нафақа миқдори эса энг кам иш ҳақининг ўн олти бараваригача оширилгани ҳам ёдга тушади.

Қиёслаш, воқеаларни, рақамларни таққослаш кўп масалаларни ойдинлаштиради. Бу эса истиқлолдан сўнг мамлакатмизда ҳарбий соҳада қай даражада юксалиш бўлаётганини янада яққол кўз олдимизда намоён этади. Эртанги кунимиз тинч ва хотиржам кечишига қалбимизда ишонч уйғотади.

Яна ўқинг:  СЕЛЬФИМАНИЯ ҚАЧОН КАСАЛЛИККА АЙЛАНДИ?

Фурқат ЭРГАШЕВ, капитан

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: