Касб танлови – бахт танлови

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан умумтаълим мактаблари битирувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг қизиқишлари ва иқтидорлари асосида таълимнинг кейинги босқичига қамраб олишда жиддий эътибор қаратиляпти.

Бу борада Наманган шаҳридаги 15-мактаб педагоглари олиб бораётган фаолият бошқа таълим муассасалари учун намуна бўла олади. 2015 йилда Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган зиёхонада бажарилган қурилиш ишларига 1 млрд. 822 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Натижада ўқувчилар фан сирларини пухта ўрганишлари учун энг қулай шарт-шароитлар яратилди. 2016 йили эса  Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан илм масканига 12 та тикув машинаси, пазандачилик йўналиши бўйича зарур жиҳозлар ўрнатилди. Ўғил болалар учун мўлжалланган дурадгорлик, темирчилик, чилангарлик касбларини мукаммал ўрганиш имконини берадиган меҳнат таълими устахоналари жиҳозланиши ҳам ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришда янги имкониятлар очди.

Амалдаги ўқув йилида 150дан зиёд ўқувчи ана шу имкониятлардан фойдаланиб, 10 га яқин касб-ҳунар сирларини  мактабнинг ўзида ўрганяпти. Бундан ташқари 60дан зиёд ўқувчи “Устоз-шогирд” анъанаси асосида мактаб жойлашган ҳудуддаги миллий ҳунармандчилик ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларида меҳнат қилаётган усталардан сартарошлик, косиблик, тунукасозлик , ёғочдан буюмлар ясаш сир-асрорларини ўзлаштиряптилар. Қизлар учун эса “Зардўзлик”, “Моҳир қўллар”, чеварчилик тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.

410 нафар ўқувчи-қизни бирлаштирган “Тикувчилик” тўгараги фаолиятидан эса ота-оналар жуда мамнун. Чунки, Салбархон Қирғизова раҳбарлигида тикувчилик касбини ўрганаётган ўқувчилар қизлар ва ўғил болалар либослари, фартукчалар, болажонлар учун турли либослар тикиб, яқинларини хурсанд қилмоқдалар. “Пазандачилик” тўгарагида миллий ва хорижий таомлар тайёрлашни ўрганишга аҳд қилган 100дан ортиқ ўқувчи-қиз ҳозирда турли пишириқлар ва таомлар пишириш билан бирга меҳмон кутиш, дастурхон безаш, “Карвинг” санъати сирларни ҳам пухта билиб олмоқдалар. Ёғочга ишлов бериш, чилангарлик ва темирчилик устахоналари ўғил болалар учун шу соҳага оид касблар кўникмасини орттиришларида жуда қўл келяпти.

Вилоятда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича “Маҳорат мактаби” этиб белгиланган мазкур таълим даргоҳида ана шу соҳада орттирилган тажрибалар ва илғор иш услубларини бошқа муассасаларга етказиш мақсадида бу ерда тез-тез илмий-амалий, ўқув семинарлари ташкил этилмоқда. Бу гал уюштирилган анжуман водий вилоятларидан келган ҳамкасблар учун ўзига хос тажрибалар намойиши бўлди. Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ташаббуси билан “Касб танлови-бахт танлови” мавзусида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда мезбонлардан ташқари Фарғона, Андижон  вилоятларидан келган мутахассислар, туман(шаҳар)лар ХТМФМТТЭ бўлимлари тахшис маркази раҳбарлари, умумтаълим мактаблари психологлари қатнашдилар.

Яна ўқинг:  Изланишлар кенг имкониятлар яратади

Тадбирни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражапов очдиб берди. У ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, 15-умумтаълим мактабининг бу борада тўплаган бой тажрибаси ҳақида гапириб берди. Сўнгра тадбир иштирокчилари мактаб ҳаёти, касб-ҳунар тўгараклари фаолияти, “Ораста қизлар” клуби ишлари ва мактаб кутутбхонасида уюштирилган “Китобим-офтобим” номли машғулотларни кузатдилар.

Анжуман доирасида 15-мактаб психологи Зарифа Назарова ташкил этган “Касблар олами ва мен” номли тренинг машғулоти ҳам қўшни вилоятлардан келган ҳамкасбларида яхши таассурот қолдирди.

  Анжуман қатнашчилари тадбир ниҳоясида мактаб ўқувчилари иштирокида ташкил этилган “Ош танлови” ва “Сартарошлар” баҳсини томоша қилдилар.

Семинарнинг якунловчи йиғилиши ишчан ва фаол руҳда ўтди. Унда сўз олганлар 15-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, қизиқишлари ва қобилиятлари асосида таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида илиқ фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Республика ташхис маркази раҳбари Шарифжон Эргашев сўз олиб, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича мутахассислар олдида турган муҳим вазифаларни таъкидлаб, семинар ишини жуда намунали баҳолади.

 

 Наманган вилояти

халқ таълими бошқармаси

Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: