Ўзбекистонда пахтани қўлда териб олишдан буткул воз кечиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон яқин вақтларда пахтани тўлиқ машиналар ёрдамида териш усулига ўтишни режалаштирмоқда, деб маълум қилди журналистларга “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ раиси Нодир Отажонов.
Отажоновнинг сўзларига кўра, бунинг учун республика ички бозорига 10 000 тача пахта териш техникасини келтириш талаб этилади. Ана шунда мамлакатда пахтани 100 % механик равишда теришга эришса бўлади. Бугунги кунда мамлакат далаларида 1000 тадан ортиқ пахта териш машиналаридан фойдаланилмоқда.
«Пахта теришни механизациялаштириш мамлакатимиз учун устувор вазифа ҳисобланади. Бундай машиналарни ишлаб чиқариш шунингдек, далаларни тайёрлашдан тортиб чигит экиш, культивациялаш, суғориш ва бошқа комплекс вазифаларни ҳам кўзда тутади. Рақамларга келадиган бўлсак, мамлакатда 5000 дан 10000 тагача шундай машиналарга эҳтиёж бор», – деди холдинг раҳбари.
У шунингдек, мамлакатда йилига 1000 тадан 1500 тагача пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш имконияти мавжудлигини қўшиб қўйди. Жорий йилда 600 донадан ортиқ пахта териш техникасини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
«Келгуси 5 йил давомида жиддий суръатлар билан олға силжиймиз, деб ўйлайман. Тез орада биз пахта теримини механизациялаштиришимиз лозим, чунки қўл терими жуда кўп маблағ талаб этиши ва кўплаб одамларни жалб қилишини яхши биламиз. Янги холдингни ташкил этиш орқали бундай долзарб вазифаларни нисбатан қисқа вақт ичида ҳал этиш назарда тутилмоқда. Келаси йилгача ички бозорга камида 1000 та пахта териш машинаси етказиб берилади, деб ўйлайман», – деди Отажонов.
Унинг айтишича, қўл теримидан механизациялаштиришга ўтиш жараёни силлиқ кечмаяпти. Шу боис холдинг тизимида ушбу йўналишдаги масалалар мажмуи устида иш олиб борилмоқда. Бош устувор вазифа машиналарнинг юқори сифатли бўлишини таъминлашдир. Шу мақсадда, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини чуқур модернизациялаш бўйича иш бошланган, замонавий технологияларга эга 10 тадан ортиқ ишлаб чиқарувчилар, хусусан маҳаллий автосаноат билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
«Биз нафақат машиналаримиздан фойдаланаётганлар билан балки кейинчалик эътирозлар бўлмаслиги учун пахта хом ашёсини қабул қилиб олувчилар билан ҳам ишлаяпмиз. Жорий йилда машиналаримиз рақобатбардош ва самарали эканлигини намойиш қиламиз», – деб қўшимча қилди холдинг раиси.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил охирида ташкил этилган «Ўзагротехсаноатхолдинг» компанияси қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, сотиш ва сервис хизмати кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига механизациялашган хизматлар кўрсатишга ихтисослашган.
Манба: Sof.uz