Кичкинтой қалбида китобга бўлган муҳаббатни қандай уйғотиш мумкин?

Дунёқарашнинг шаклланишида китобнинг ўрни беқиёс эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Мутолаага бўлган меҳрни болалаликдан шакллантириш эса келажак учун пойдевор қўйиш билан баробар.

Китобсеварликни шакллантиришда катталар болалар учун намуна бўлиш билан бирга кўмакчи эканликларини ҳам унутмасликлари лозим.

Болалар учун китоблар қандай танланади?

Кичкинтойда китоб ёзувчисига бўлган ҳурмат, уни авайлаш, тартиб билан сақлаш каби тушунчалар ҳали шаклланмаган бўлади. Муҳими, унга буни қандай қилиб тушунтиришда.

Биринчи навбатда сиз унга бу борада яхши намуна бўлинг. Асосийси, фарзандингиз учун қизиқарли китоб танланг.

Китоб мустаҳкам матодан тайёрланган бўлиши керак. У картон ёки бир неча қават полиэтилендан ишланган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар бир саҳифа мустаҳкам қилиб, бир-бирига бириктирилган бўлиши керак. Китобча расмларга бой бўлса, айни муддао. Бу орқали фарзандингизни ҳайвонлар, уларнинг турлари, ранглар билан таништиришингиз, мавзу юзасидан уни муҳокамага чорлашингиз мумкин бўлади.

Болангизга китобга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим эканлиги ҳақида уқтириб боринг. Шунда кичкинтойда мутолаа борасида кўникмалар шакллана боради.

Болалар учун мўлжалланган қўшиқлар ёзилган китоблар унинг тилини шаклланишига туртки бериш билан бирга жуда қизиқарли машғулот ҳамдир. Харид қилган китобингиз матнидаги сўзлар билан унда тасвирланган расмлар бир-бири билан ўзаро уйғун бўлиши шарт. Бу кичкинтой тасаввурининг шаклланишида катта кўмак беради.

Эртак китобларини танлашда йил фаслларига ҳам алоҳида аҳамият қаратинг. Шу билан бир қаторда фарзандингизга китоб ўқиб бераётганингизда гап оҳангига ҳам эътиборли бўлиш ёдингиздан кўтарилмасин. Чунки, бу орқали боланинг мутолаага бўлган қизиқишини ортишига эришиш мумкин.

Эртак қанча узун бўлса, у шунча қизиқарли бўлади. Бола чўпчакнинг ҳар бир қисмини завқ билан тинглайди. Бу эса фарзандингизга мутолаа қанчалик қизиқ жараён эканлигини билишга кўмак беради.

Ширинтойнинг “ойижон, яна ўқиб беринг” дейиши бу севимли таомини қайта сўраши билан баробар. Бундан хулоса шуки, демак китоб тўғри танланган! Агар бола ўқиётган эртак ёки ҳикоядан завқланмаса, эшитишни истамаса, зерика бошласа, унда бошқа китоб қидиришга тўғри келади. Бунда унинг хоҳишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Кичкинтой қандай воқеани эшитишни истайди, бош қаҳрамон қандай бўлиши керак?” деган саволларга унинг ўзидан жавоб олсангиз, китоб танлашда асло қийналмайсиз.

Яна ўқинг:  Нон юрак учун фойдали эканлиги аниқланди

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: