Кексалик саодати

Тонгнинг мусаффо илиқ ҳавоси ҳовли узра таралиб, райҳонларнинг атрини ён-атрофга сочишга улгурди. Пешайвонда полапон очишга тараддудланаётган қалдирғочнинг чуғури 87 ёшни қаршилаган Ёқуб бобонинг эътиборини ўзига тортди.

Ота ҳар баҳор йўқлашни канда қилмайдиган узоқ йиллик “қадрдон”ини кузата туриб, тинчликнинг бебаҳо неъмат эканлигини қалбдан англайди. Зеро, ота уруш, дея аталмиш мудҳиш балонинг заҳрини тотганлардан…

1941 йиллар эди. Урушнинг совуқ хабари ҳаммаёқни остин-устун қилиб юборган ўша паллаларда одамлар кўнглига ҳеч бир илиқ сўз таскин бермайди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган Ёқубжоннинг қисматига ҳам ҳамқишлоқлари қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги учун жанг қилишдек шарафли вазифа битилди. Узоқ сафар олдидан Саломат она ўғлига бир сўз ҳам айта олмади. Зўр базўр “Яратганган омонатсан, болам! Бағримга эсон-омон қайтгин”, дея олди холос.

Қисмат илм олишга ихлосманд, бир олам орзулар ила улғайиб келаётган навқирон йигитчанинг қўлига китоб ўрнига қурол тутқазди. Жангоҳлардаги тинимсиз снарядларнинг гумбирлаши-ю, дайди ўқларнинг кўз олдидан визиллаб ўтиши, уни ваҳимага соларди. Жанг майдонида Ёқубжон минг ўлиб минг тирилди. Кўплаб сафдошлари қонли кечган сарҳадлардан тирик қайтмади. Ном нишонсиз кетган аскарлар оз бўлди, дейсизми!?

…Ёқуб бобо умрининг қора кунларини ёдга оларкан, орадан неча йиллар ўтса-да, унинг асорати жисмида симиллаб азоб беради. Уруш отанинг бир кўзини кўриш бахтидан жудо этди. Ўнг қўли-ю оёғига теккан ўқ туфайли яримжон бўлиб қолди. Аммо бобо танасида кечган оғриқлари ҳақида шу вақтга қадар яқинларига бирор марта бўлса ҳам нолимади. Турмуш ўртоғи Лола аяни ҳам кўп безовта қилмади. Чунки бу оғриқлар унинг қалбидаги жароҳат олдида ҳеч қандай қийматга эга эмасди.

Жангга кетган 20 нафар қишлоқдош йигитлардан ҳеч бири ортга қайтмади. Турли суҳбатларда отахон ўша сафдошларини кўп хотирлайди. Тинчликнинг нечоғлик қадрли эканлигини фарзандларига, набираларига уқтиришдан сира чарчамайди.

Ёқуб бобонинг номини ҳозирда нафақат Жиззах шаҳрида, балки вилоятда ҳам чуқур ҳурмат билан тилга олишади. Кексалик ҳикматнинг боши деганларидек, унинг пурмаъно сўзларидан баҳра олиш, ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ниятида ҳузурига ошиққанларнинг кети узилмайди. Ёқуб бобо ва Лола ая хонадонига келган меҳмонларни ҳамиша очиқ чеҳра ила қарши олишади. Яқинда вилоятнинг мутассадди вакиллари ҳам совға-саломлар билан бобони йўқлаб келишди.

Яна ўқинг:  Вилоят перинатал марказидаги муаммо

Биз бу нуроний отахону онахон билан суҳбатлашганимизда ҳар иккисининг сўзларида хотиржамликни ҳис этдик. Қисмат бобо ва аянинг тақдирига нечоғлик оғир кунларни битган бўлмасин улар пешонасидаги ёзғиридан беҳад мамнун эканлиги юз кўзидан акс этиб турарди.

Ёқуб бобо билан Лола ая олти ўғил, тўққиз қиз, жами ўн беш нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, ҳалол ризқ билан вояга етказди. Фарзандлар ҳам ота-она номига доғ туширмади. Ҳозирда улар 66 невара, 142 эвара, 13 нафар чеваралар даврасида кексалик гаштини суришмоқда.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: