Қишлоқда тиббий хизмат сифати юксалмоқда

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу турли хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш ишлари кўлами ва сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.

Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ишлар самарасини Андижон вилояти Булоқбоши тумани тиббиёт муассасалари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туманда 5 қишлоқ врачлик пункти ҳамда 3 оилавий поликлиника фаолият юритмоқда. Улар замонавий тиббий жиҳозлар ва зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 47 нафар умумий амалиёт шифокори, 267 ўрта тиббиёт ходими 130 мингдан зиёд аҳолига малакали хизмат кўрсатмоқда.

«Кулла», «Ширмонбулоқ», «Жўраполвон», «Шарқ Юлдузи» қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти намунали ташкил этилган.

– 10 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган пунктимиз туманнинг чекка ҳудудида жойлашган, – дейди “Кулла” қишлоқ врачлик пункти мудири Озода Шамирова. – Муассасамиз замонавий ЭКГ, лаборатория ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Айниқса, янги лаборатория ишга туширилгани шу ернинг ўзида турли қон таҳлилларини олиш имконини бермоқда. Бу касалликни ва унинг даражасини тезда аниқлаш ва самарали даволашда муҳим аҳамият касб этади.

Қишлоқ аҳолиси учун патронаж хизматини яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктларида 100 дан ортиқ патронаж ҳамшираси самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар патронаж сумкаси ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бирламчи тиббий муассасаларни дори-дармон ва зарур реактивлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб бораётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 10 нафар шифокор, 48 ҳамшира ўз малакасини оширди.

– “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Бахтиёр Комилов. – Бунинг натижасида қишлоқ ҳудудларида аҳолининг репродуктив саломатлик кўрсаткичи яхшиланди. Айниқса, фертиль ёшидаги аёллар, болалар, кексалар ва ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОНЛИК ШАХМАТЧИЛАР ЯНА ЖАХОН ЧЕМПИОНАТИДА ИШТИРОК ЭТИШДИ

Тиббиёт ходимлари томонидан маҳаллаларда оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, соғлом оила ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари барча йўналишларда ижобий кўрсаткичларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири          

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: