Ирмоқлар қўшилиб дарё бўлади

Битирувчилар қалбини ларзага солиб сўнгги қўнғироқ жаранглайди. Беихтиёр кўзларга ёш келади. Жонажон мактаб, меҳридарё устозлар, қадрдон синфдошлар билан хайрлашув онлари яқинлашаяпти. Мовий ва беғубор осмонга кабутарлар парвоз қилади. Улар билан баҳс боғлашгандай кўкка қараб турфа рангли пуфаклар учади. Шўх-шодон болалик ортда қолаётганини яна бир карра эслатади. Сўнгги қўнғироқ дилларда титроқ уйғотади. Бу титроқ орзулар сари қанот қоқишга ундайди. Ҳа, эндиликда болалик шўхликлари ортда қолиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган ўғил-қизлар қалбида орзулар лиммо-лим. Юрак уришига жўр бўлаётган бу қўнғироқ ёшларни мақсадлар сари илдам қадам ташлашга, илму ҳунар ўрганишга чорлайди…

– Азиз битирувчилар! Бугун Сиз жонажон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз ҳамда синфдош дўстларингиз билан хайрлашмоқдасиз! Эндиликда Сизни билим чўққиларини эгаллаш, мустақил ҳаётга қадам қўйишдек масъулиятли вазифалар кутмоқда. Биз устозлар келажакда юзимизни ёруғ қилиб она Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлишингизга ишонамиз. Эзгу ниятларингиз Сизга йўлдош бўлсин! – дейди пойтахтимиздаги 72-мактаб директори Нодира Йўлдошева.

9-синф ўқувчилари ижросида устозларга бағишланган қўшиқлар, шеърлар янграйди. Бир-биридан мафтункор рақслар барчага завқ улашади.

– Неварам Муҳаммадамин 2014 ўқув йилида 1-синфга ўқишга чиқди. У жуда эркатой эди. Ҳозир у масъулиятли бўлиб қолган. Ўз вақтида уй вазифаларини бажараяпти. Бунинг учун шу мактабнинг раҳбарияти ҳамда барча педагоглар жамоасига раҳмат, – дея ўз миннатдорлигини изҳор этади Ботир ота Азимов.

Мазкур мактабда 349 нафар ўқувчи билим олаётган бўлса, шуларнинг 35 нафари битирувчилардир. Ўқув йили давомида касбга йўналтириш бўйича битирувчилар ўртасида уч маротаба сўровнома ўтказилганида 23 нафар ўқувчи тиббиёт, юридик, техника ҳамда тилларга ихтисослаштирилган турли йўналишидаги лицей ва коллежларда ўқиш истагини билдиришди. Ўтган ўқув йилида ҳам юқоридаги билим масканларига 30 нафар ўқувчи ўқишга кирган. Яккасарой туманида жойлашган Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети қошидаги 2-академик лицейда ҳам билим олишмоқда.

2014-2015 ўқув йилида фаол бўлган ва бир қанча фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларнинг номларини алоҳида эътироф этиш мумкин. Жумладан, 8-синф ўқувчиси Альберт Бронский инглиз тилидан ўтказилган фан олимпиадасининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, шаҳар босқичига йўлланма олди. 9-синф ўқувчилари ўртасида ўзбек тили фанидан ўтказилган олимпиаданинг туман босқичида Зумрад Кўчимова 2-ўрин соҳибаси бўлди ва у шаҳар босқичида муваффақиятли иштирок этди. Шунингдек, 5-8-синфлар ўртасида ўтказилган “Билимлар беллашуви”да 6-синф ўқувчиси Асал Нуриллаевага туман босқичида рус тилидан 2-ўрин насиб этди.

Яна ўқинг:  ДИҚҚАТ! ЭЪЛОН!

Бошланғич синфлар ўртасида ўтказиладиган “Алпомиш ва Барчиной” спорт мусобақаларида ғолиблар аниқланиб, улар мактаблараро “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасига йўлланма олишди. Мусобақаларнинг туман босқичида спортнинг енгил атлетика тури бўйича иштирок этган 4-синф ўқувчилари Расим Камолов ва бадиий гимнастика бўйича Илона Тен биринчи ўринни эгаллади.

Битирувчилардан Бибихадича Райимқулова ҳамда Нигора Қосимжоновалар ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам фаол бўлганлиги ва барча фанлардан аъло ўқиганликлари боис мактаб маъмурияти томонидан тақдирланишди.

Кичик ютуқлар улкан муваффақиятлар дебочасидир. Бу гўё ирмоқлар қўшилиб улкан уммонга айлангандай, мустақил юртимиз равнақига ҳисса қўшажагига ишонамиз.

М.ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: