БАҒРИ БАҲОР НУРАФШОН ШАҲАР

Саҳар-ла уйғондим. Тонг келинчакдек оппоқ ҳарир либос кийган. Уйлар, дарахтлар нафис келинчакнинг этакларини тавоф қилган ҳолда бирма-бир мудроқ кўзларини очишарди.

Кечаги чарчоқлари ариган, нонушта қилган умр йўлдошим ишга бориш учун кўча эшигидан ташқарига чиқди. Ортидан “Хайр, яхши бориб келинг” дедим. Камгап адаси ҳар галгидек бироз жилмайган кўйи бошини қимирлатиб қўйди. Сўнгра деразадан қарадим. Хўжайиним катта-катта қадам ташлаганча илдам юриб кетарди.

Фарзандларимнинг хонасига кирдим. Улар бирам мазза қилиб ухлаб ётишардики… Бир муддат уйғотишга кўзим қиймай тикилиб қолдим. Аммо, бугун бажарилиши шарт бўлган ишлар хаёлимдан ўтди. Уйғотишга қарор қилдим. “Болажонлар, туринглар тонг отди.” Улар бирма-бир уйқули кўзларини ишқалаб, обдон керишиб, ярим юмуқ кўзларини очишга эринишган кўйи савол беришди. “Ойижон, яхши ётиб турдингизми? Бугун нима ишлар қиламиз? Бизни қаерга олиб борасиз?”

“Бугун сузишга, таэквон-дога боришларинг керак. Кейин… шаҳарни айланамиз. Телеминорага олиб чиқаман”.Фарзандларимнинг уйқуси бирдан қочди. Кўзлари катта-катта бўлиб ўринларидан югуриб туришди. “Урре-е, урре-е, бугун ҳам мазза қиларканмиз! Яшасин ойимиз! Бизнинг ойимиз дунёдаги энг яхши ойи!” дейишганича юз-кўзларимдан талашиб ўпишди. Сўнгра ваннага қараб югуришди. Уларнинг талашиб-тортишиб “Мен биринчи ювинаман, кичкиналар биринчи ювиниши керак” қабилидаги сўзларини жилмайиб тинглаганча ўринларини тартибга келтира бошладим.

Нонуштадан сўнг керакли анжомларимизни сумкаларимизга солдик. Йўлга тушдик. Учтепа туманидаги 296-мактабнинг спорт залига кириб бордик. Зал турли ёшдаги болалар билан тўла. Улар икки гуруҳга бўлинишиб футбол ўйнашарди. Кимдир баланд шифтга осилган арқонга чиқар, кимдир қипиқ тўлдирилган қопни тинмай тепар, яна кимдир кеча ўрганган машқини қайтарарди.

Ҳуштак чалинди. Барча болалар бир қаторга тизилишди. Югуриша бошлашди. Бу ердаги таэквон-до спорт тўгарагига 1-ДАН қора белбоғ соҳиби Борис Ким раҳбарлик қилади. Борис Кимнинг турмуш ўртоғи Даша ҳам таэквондо бўйича 1-ДАН қора белбоғ соҳиби. Уларнинг фарзандлари ҳам турли хил нуфузли мусобақалар ғолиби бўлиб келишмоқда. Бу оилавий спортчиларга кўпчилик ҳавас қилишади.

Болаларнинг машқларини кузата туриб менинг ҳам болалик хотираларим уйғониб кетди. Ўша ширин хотиралар хаёли билан бўлиб тўгарак машғулоти тугаганини сезмай қолибман. У ердан чиқиб Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Эшонгузар сув спорти мажмуасига қараб йўл олдик. Сув спорти мажмуасининг очилганига кўп вақт бўлгани йўқ. 2011 йилнинг июнь ойидан бошлаб иш бошлаган бу мажмуага болалар ва ўсмирларнинг жонкуяр устози, Авазбек Мавлонов раҳбарлик қилади. Сузишни, соғлом бўлишни олдиларига мақсад қилиб қўйган болаларга мураббий Ғайрат Мавлонов доимо бош-қош.

Яна ўқинг:  Maktabgacha ta’lim muassasalari – yutuqlar debochasi

Бу сув ҳавзасига 14 ёшгача бўлган икки юз нафар болалар, юз нафарга яқин катталар қатнашади.

Болалар ва ўсмирлар ўсиш ёшида бўлганлиги учун уларда баъзан айрим жисмоний нуқсонлар кузатилган. Врачларнинг маслаҳати билан бу масканга келган болалар ва ўсмирлар сузишга ҳам қатнашади. Сколиоз, яъни умуртқа поғонасининг қийшайиши, ясси оёқлик, юқори нафас йўллари юрак-қон томир тизими фаолиятида хасталиклар мавжуд болалардан бир қанчаси буткул соғайиб кетганлигидан бу ерда фаолият кўрсатаётган устозлар ниҳоятда мамнун.

Очиқ эшикдан катта сув ҳавзасида қийқиришиб, кулишиб худди балиқлардек сузишаётган фарзандларимни кузатаман. Неча қулоч отаётганларни ичимда санайман. Бир, икки…ўн саккиз. Кечаги ютуғидан кўра бугунгиси яхши. Демак, улар сузишни бир ой ичида яхши ўрганиб олишар экан.

Кўнглимда ўзимдан, фарзандларимдан мамнунлик ҳисси ўтади. Фарзандларимизга ҳукуматимиз томонидан яратилган бундайин имкониятлар учун, тинчлик ва осойишталик, мусаффо осмон-у тоза ҳаво, тиниқ сув-у дилбар табиатимиз, уларни кўриб турган кўзларим-у гўзаллигини ҳис қилган қалбимнинг борлиги учун дилимнинг тубида яна шукроналик ҳисси уйғонади.

“Ойижон, қорним оч қолди. Ойижон, қорним овқат сўраяпти”. Хаёлга берилиб кетибман. Болаларимнинг овози элас-элас эшитгандек бўлди. Уларга қараб, қаерда овқатланамиз, дедим. Иккаласи ҳам бир овоздан

– Навоий кўчасида жойлашган ишхонангиз ёнидаги “Миллий таомлар” ресторанига борайлик, – дейишди.

Улар ошхонага “ресторан”, деб ном қўйиб олишган. Уйимиз ёнидан 36-йўналишда қатновчи “Газель” русумидаги машинага чиқиб, орқа ўриндиғига жойлашдик. Ҳар куни кўрсам ҳам кўзларим тўймайдиган йўлнинг икки четида қад ростлаб турган қўш қаватли уйлардан, катта ва озода, одамлар бафуржа ва бемалол харид қилиб юришган Фарҳод деҳқон бозоридан, ортимиздан худди яқинларимдек термулишиб қараб қолишаётган барглари тўқ яшил рангга кирган дарахтлардан нигоҳим узилмайди. Уларга термулиб тураверганим сари кўнглимдаги соғинч ҳисси янада ортаверади.

Салқингина метрога тушдик. Одамлар оқимига қўшилиб поездга чиқдик. Кекса-ю, ёшнинг, қиз-жувонларнинг юз-кўзларида хотиржамлик. Кўнглида хотиржамлик бўлса ишда унум, ютуқ бўлади. Имконият, ютуқ ва унум бор жойда эса ривожланиш бор. Юксалиш бор жойда эса янгидан-янги орзулар, ниятлар туғилади. Ўша корхона, ташкилот, юрт гуллаб-яшнайди. Инсонлар янада фаровон ва бахтли, саодатли умр кечиришади. Бу сўзлар кўп ва хўп айтилади. Аммо асл ҳақиқат ҳам шу.

Яна ўқинг:  Боланинг бегонаси бўлмайди, аммо ўз фарзандимиз бегоналашса-чи?

Метро хўп ажойиб-да. Узоғингизни яқин, оғирингизни енгил қиладиган уловларнинг энг яхшиси. Қишда иссиқ, ёзда эса салқингина. У пойтахтимизнинг жавоҳири, кўрки ҳисобланади.

Навбат автобусда шаҳар айланишга етди. Енгил машинада шаҳарни томоша қилиш яхши. Аммо, ўриндиғида ўтириб, шаҳримиз кўркига кўрк қўшаётган маҳобатли ва кўркам иморатларни, боғ ва сайилгоҳларни кенг ва равон кўчаларни томоша қилиш яна ҳам мароқли. Билимга чанқоқ фарзандларимиз учун бунёд этилган ва этилаётган илм масканлари, спорт мажмуалари кишининг қалбида фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.

Уфқ алвон бахмал кўрпачасини тўшади. Куни билан сайр қилиб чарчаган қуёш оҳистагина кўрпачага ёнбошлади. Аста-секинлик билан атрофга тун рўмолини ёя бошлади. Турфа рангдаги чироқлар ёниб, атрофга ўзгача жозиба, гўзаллик ҳадя қилди. Ниҳоят телеминорага чиқиб Тошкентни тепадан томоша қилиш имкониятига эга бўлдик. Лифтдан чиқиб, атрофга кўз ташладик. Шаҳар ранг-баранг чироқлар оғушида яйрарди. Мўъжиза рўй бериб осмондаги митти юлдузчалар ерга тўкилиб тушгандек гўё.

– Вой-бўй, шаҳар мунча чиройли ва сеҳрли! Худди эртакдаги мўъжизали юртга ўхшар экан, ойижон! Чироқларнинг кўплигини! Осмон тўла юлдузлар! Шаҳрим тўла юлдузлар! Ҳамма жойда юлдузлар. Бизлар юлдузлар маконидамиз.

Дилбар қизим кўзларини катта-катта очганча, қўллари билан тутқичдан ушлаганича тепадан шаҳарга шу қадар маҳлиё бўлиб термуларди. Унинг шу туриши қанот чиқариб, учмоққа шайланган қушчага ўхшарди.

– Қушчадек учиб шаҳарнинг ҳамма жойини томоша қилгинг келяптими? – деб сўрайман ундан.

– Ҳа, ойижон жуда хоҳлаяпман.

– Нега шаҳар фақат сеники бўлар экан?! Бу менинг ҳам шаҳрим – дея суҳбатимизга қўшилади ўғлим.

Муҳаммаджон ўғлим тунгги шаҳарга термулади. Унинг кўзларига боқиб ўйлайман. “Ажаб, унинг қарашлари худди ўзимникига ўхшайди-я”.

Узоқ қишлоқдан Тошкентга келиб ўқиб, ишлаб қолган кўп ижодкорлар туғилиб вояга етган туманини, қишлоғини соғинишади. Киндик қони тўкилган, болалиги кечган қишлоғига бориб қолгудек бўлса ойлаб қолиб кетишади.

Аммо мен уч кунгина зўрға чидайман. Кўз ўнгимдан Тошкентимнинг кенг ва равон кўчалари, баланд уйлари, боғ ва сайилгоҳлари, кинотеатр ва музейлари хуллас, кўзим нимага тушган бўлса барчаси бирма-бир кўз ўнгимдан тинимсиз кино лентасидай ўтаверади.

– Болаларим, Тошкент менинг ҳам шаҳрим, юртим! Уни сизлар каби мен ҳам жуда яхши кўраман! Тошкентга келмасимдан аввал уни яхши кўрардим. Уни кўришни, унинг бағрида илм олишни, орзуларим, ниятларимга у сабаб етишишни шу қадар истар эдимки, ҳозирда ҳам бағрида бўлсам ҳам соғинавераман.

Яна ўқинг:  Бахт – тинч осмон остида ҳар бир сонияни тўғри сарфлашдир!

Болаларим ажабланишиб юз-кўзларимга термулишади. Жажжи қалбларидан бир дунё ҳис, онгу шуурларидан қатор саволлар ўтади. Титраб чиққан овозим, нигоҳларимдаги соғинч ҳисси, киприкларимга илиниб турган ёш томчилари уларни савол беришдан қайтаради.

Ойгул Убайдулла қизи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: