Шогирдликнинг ноёб гавҳари

Устознинг энг буюк бурчи — юрт равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган, ақл-идрокли ва қобилиятли шогирдлар тайёрлашдан иборат. Устоз яхши шогирд тайёрлаш учун аввало унинг ўзи касбий маҳоратга эга, маънан баркамол, кенг дунёқараш ва соғлом фикрга эга бўлмоғи лозим.

Қадимдан “устоз-шогирд”лик анъаналарида устоз нафақат шогирдига йўл-йўриқ, кўрсатма берибгина қолмай, ўз навбатида уларни мустақил фаолиятга тайёрлаган ҳамда ўзидан кейин иш-тажрибани, билим ва маҳоратни авлоддан-авлодга ўтишига имконият яратган. Миллий анъана ва қадриятлар қайтадан мустаҳкам қарор топиши натижасида ўқитувчи-устоз фаолияти бўлажак педагог кадрларни тайёрлашда нафақат фан асослари юзасидан билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш, балки синфдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидори, қизиқиш ва интилишларини инобатга олган ҳолда ижодий ишларига жалб этиш, маънавиятини юксалтириш ҳамда касбга йўналтиришда “устоз-шогирд” анъаналаридан фойдаланиш эҳтиёжга айланиб бормоқда.

Ёшларда маънавий-маърифий салоҳиятни ошириш, изланиш, ижод қилиш, бир сўз билан айтганда ҳар томонлама етук шахсни шакллантиришда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ўқитувчи Шафоат­ Байманова Қамаши тумани 63-ўрта умумтаълим мактабида 23 йилдан буён ўқувчиларга физика, математика фанидан таълим бериб келмоқда.

Шафоат опа 1999-2000 ўқув йилида туман ва вилоятда ўтказилган “Тестлар танлови”да ғолиб бўлиб, республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

У мактабда мунтазам равишда математика, физика ва информатика фанларидан “Ким топқир ва чаққон?”, “Ўйла, изла, топ”, “7х7” каби мусобақалар ўтказиб, интерфаол усулда очиқ дарсларни ташкиллаштириб боради. Шунингдек, касаба уюшма қўмита раиси сифатида эса жамоат ишларида ва мактаб маъмуририятининг энг фаол ёрдамчисидир.

Фарзанд тарбиясида шарқона урф-одатлар, анъаналар, ахлоқ-одоб қоидаларига алоҳида эътибор бериш ва бу борада устозлар ўз кучи, ақл-заковотини аямасликлари лозим. Шундай экан, Шафоат­ Байманова ҳам бугун ўз шогирдларининг муваффақиятларидан қувонади. 2009-2010 ўқув йилида 9-синф ўқувчиси Икром Уроқов математика фанидан туманда 1-ўринни, вилоят босқичида фаҳрли ўринни эгаллади. Шу жумладан, фан олимпиадаларида Абдулла Дўстматов, Дилором Рўзиева, Мунира Абдимуродова, Ирода Болтаева, Маҳбуба Очилова, Зулайҳо Қувватова каби шогирдлари вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашиб, фаҳрли ўринларни қўлга киритишган.

Ушбу кўрсаткичлар бежизга эмас. Ўқувчининг ўз имкониятларига бўлган ишонч, вазиятни тўғри баҳолаш ҳамда иродаси шаклланишида, қолаверса, унинг мустақилликка, ижодий изланишга йўналтириб боришда назарий билимларнинг амалиёт билан боғлиқлигини ҳисобга олиш ва ижтимоий фаоллигида Шафоат Байманова каби устозларнинг билим ва кўникмалари асос бўлиб хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Rivoyatchi bobo

Шафоат Байманова сингари касб фидойилари 63-ўрта умумтаълим мактаби директори Тамара опа Элмуродова билан ўз тажрибаларини ўртоқлашади. Бу эса ўз ўрнида Тамара опада ёш ўқитувчиларда меҳнат ва ишлаб чиқариш фаолиятига масъулият билан ёндашиш, ўзгалар меҳнатини қадрлаш, ҳалол меҳнат қилиш каби маънавий-ахлоқий сифатларни ҳам тарбиялайди.

– Тамара опамни: “Мен сиздан хурсандман, энди сизнинг ғурурланадиган шогирдларингиз бор. Бу устоз-муаллима учун катта бахт!” – дея айтган сўзлари доимо ёдимда дейди Шафоат Байманова.

Донишмандларимиздан шогирдликнинг ноёб гавҳари нима деб сўрасалар: “Ҳамкасб дўстларини хушнуд этиш”, – дея жавоб қилганлар.

Юқоридаги фикрлардан кўринадики, ҳозирги даврда келажак маънавияти, миллий ўзлигини анг­лаб боришида уларга кўмакдош бўлиш кечиктириб бўлмас вазифалардан биридир. Бу борада таълим муассасаларида миллий тарбияни самарали ташкил этишда “Устоз-шогирд” анъаналари муҳим саналади.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: